Президентимиз ташрифи сирдарёлик тадбиркор ва ишбилармонларни янги марралар сари руҳлантирди

20.02.2019, 13:00

Президентимиз ташрифи сирдарёлик тадбиркор ва ишбилармонларни янги марралар сари руҳлантирди

Рустам ШОКИРОВ, O‘zLiDeP фаоли, Ховос туманидаги “GRAN RUTA DE LA SEDA” корхонаси иш бошқарувчиси:

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 апрелда Сирдарёга ташрифи давомида берилган топшириқлар ва Сайхунобод туманида ўтган йиғилиш якунига асосан вилоятни 2018-2019йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги тармоқларида қиймати 6,3 триллион сўмлик 302 та лойиҳа амалга оширилиб, 15 минг 458 янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган эди.

Президентимиз ўтган йили белгилаб берган ушбу топшириқларнинг ижросини кўздан кечириш, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Сирдарёга ташрифи давомида давлатимиз раҳбари бир қатор йирик корхоналарни кўздан кечириш баробарида бизнинг Ховос туманимизда ҳам бўлиб, дастлаб Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишди. Шунингдек, Президентимиз шу ерда ховослик нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар билан суҳбатлашди. 

Мамлакатимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, давлат билан бирга одамлар ҳам уйғониши, фаровон яшашга интилиши кераклигини Президентииз алоҳида таъкидладилар. Ховосликлар вилоят ривожи, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган янги режалар уларнинг ҳаётга муносабатини ўзгартираётганидан мамнунлигини қайд этдилар.

Шу билан бир қаторда давлатимиз раҳбари бизнинг корхонамиз томонидан замонавий усулда ташкил этилган гидропоника иссиқхона мажмуасини ҳам кўздан кечирдилар. 

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида гидропоника усулида иссиқхоналар қурилмоқда. Бу эса сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бермоқда. Айтиш жоизки, оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 12 килограммгача етади. Экинларнинг пишиб етилиши 25-30 кунга қисқаради. 

Мазкур иссиқхоналаримизда Голландиядан серҳосил помидор ва бодринг навлари келтирилиб экилган. Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Корея Республикасидан олиб келинган замонавий жиҳозлар ҳароратни, ўсимликнинг сув ва озуқага талабини чуқур таҳлил орқали аниқлайди ва минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади. 

Иссиқхонамизда йилига 1 минг 500 тонна помидор етиштирилади. Шунингдек, 2 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотини экспорт қилишни мақсад қилганмиз. Жорий йилнинг учинчи чорагида яна 10 гектар иссиқхонани ишга туширишни режалаштирганмиз. 

Президентимиз бизга мазкур иссиқхонамизни янада кенгайтириш, Жанубий Кореядан келтирилиб, фойдаланилаётган замонавий технологияларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва харажатни камайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Улуғбек СОТИБОЛДИЕВ, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши раиси, “Бек кластер” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси раҳбари:

Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонамизда бўлиб, у ерда ташкил этилган пахтани қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчи ходимларимиз билан дилдан мулоқот қилгани барчамизни янада руҳлантирди.

Шуни алоҳида эътироф этишим жоизки, 2018 йилда Туркиянинг “SUMER” компанияси билан ҳамкорликда фойдаланишга топширилган заводда йилига 60 минг тонна пахта қайта ишланмоқда. Корхонамизда 200 иш ўрни яратилган. Давлатимиз раҳбари ўтган йили Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида бизнинг корхонамизда бўлиб, уни янада ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди.

Президентмиз қарори асосида корхонамизга 18 минг гектар ер майдони ажратиб берилди. Масъулияти чекланган жамиятга қарашли корхоналаримизда мингга яқин доимий иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, 1 минг 800 нафар киши мавсумий ишларга жалб қилинади. Янги заводимиз пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаяпти. Аҳамиятли томони, бу ерга ўрнатилган замонавий ускуналар пахта толасини сифатли қайта ишлаш баробарида, энергиятежамкор ҳамдир.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиш доимий эътиборимизда бўлиши кераклиги, бусиз юқори ҳосилдорликка эришишнинг иложи йўқлиги, шу жиҳатдан корхонамиз томонидан илмий муассасалар билан ҳамкорликдаги ишларимизни қўллаб-қувватлаш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Президентимизга “Бек кластер” корхонамизда истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтдик. Хусусан, кластер қошида давлат хусусий шериклиги асосида коллеж очиш режалаштирилган. Бу ерда кластерга қарашли корхоналар учун малакали мутахассислар тайёрланади.

Ўйлаймизки, Президентимизнинг вилоятимизга ташрифидан сўнг юзлаб лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилади, аҳолимиз турмуш тарзи тез суръатларда ўзгаришига олиб келади. Биз тадбиркорлар мамлакатимиз иқтисодиётини янада юқори босқичга олиб чиқишда бор кучимизни сафарбар этамиз.

  • Кўрилди
    1325
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+