Ҳисобот депутатларни қониқтирмади

21.02.2019, 19:56

Ҳисобот   депутатларни   қониқтирмади

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида пойтахт ҳаёти билан бевосита боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Тўрабек Назаров олиб борган мулоқотда дастлаб 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дас­турининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, жойларда унинг ижроси юзасидан қилинаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мулкдорлар қатлами, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ва бошқарув ходимлари, ишбилармонлар, моддий ва интеллектуал мулк эгалари ҳамда ташаббускор фуқароларни ўз сафига бирлаштириб, уларнинг манфаатларини ифодалар экан, айни йўналишдаги вазифалар O‘zLiDeP зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ўзбекистон тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга” деб баҳоланган 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилиши тадбиркорлик соҳасига қаратилаётган катта эътиборнинг тасдиғи, десак муболаға бўлмайди. Зотан, хорижий инвесторларни жалб этиш, улар учун қулай инвестицион муҳит яратиш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Йиғилишда Президентимизнинг 2018 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг пойтахт туманлари кесимидаги ижроси юзасидан Тошкент шаҳар Инвестициялар бўйича бош бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Шукуровнинг ҳисоботи тингланди. Лекин депутатлар ҳисобдорнинг ахборотидан тўла қониқиш ҳосил қилишмади. Берилган саволларга аниқ жавоб қайтарилмагани, кўпроқ умумий фикрлар билан чекланилгани бунга сабаб бўлди.

Кун тартибидаги кейинги масала ҳам очиқ мулоқот тарзида ўтди. Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси”нинг ўзига хос жиҳатлари, солиқ тизимига киритилган янгилик ва ўзгаришлар юзасидан Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Турдиевнинг ахборотини тинглашди.

Маърузачининг маълумотларига кўра, пойтахтимизда қўшилган қиймат солиғини тўлаш тизимига ўтган корхоналар сони ҳозирги кунда 9860 тани ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли амалга ошириш, солиқ тўловчиларга яқиндан кўмаклашиш, янгиликларни ишбилармонларга атрофлича тушунтириш борасида аниқ режали тарғибот тадбирлари уюштирилган. Жумладан, 9229 та хўжалик юритувчи субъектларга 872 нафар солиқ ходими буйруқ билан бириктирилиши тушунтириш жараёнининг амалий тусда кечишига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, йил бошидан буён Тошкент шаҳрининг барча туманларида жами 217 та семинар-тренинг ўтказилиб, уларга 16 973 нафар тадбиркор жалб қилинди. Туман давлат солиқ инспекциялари қошида “телеграм-бот” гуруҳлари очилган бўлиб, унга аъзо бўлган ишбилармонларга вужудга келган муаммолар юзасидан онлайн режимда тезкор маълумот, маслаҳат ва тавсия олиш механизми яратилди. Ўтган бир ярим ойда 3999 та мурожаатга ана шу механизм орқали зудлик билан жавоб қайтарилди.

Депутатлик гуруҳи йиғилишига таклиф этилганлар Президентимизнинг  қуйидаги фикрига қайта-қайта мурожаат қилишди: “Инвестиция  бу – иқтисодиёт драйвери, иқтисодиётнинг юраги. Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади”.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳри иқтисодиётига доир яна бир янгилик – Сергели туманида 100 гектардан зиёд ҳудудда Европа стандартлари бўйича замонавий индустриал технопаркни ишга тушириш режалаштирилганига эътибор қаратилди. Бунинг инвесторлар учун қулайлиги шундаки, барча бино-иншоотлар тўлиқ тайёр ҳолда топширилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади. Айни пайтда технопаркни лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган.

–  Тошкент шаҳрида 3 миллиондан зиёд аҳоли бўлса-да, пойтахтда бор-йўғи 100 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарилади, – деди Тўрабек Назаров. – Қолганлари хориждан олиб келинади. Ўзбекистонда тайёрланган терилар эса хорижга чиқиб кетяпти. Демак, бу соҳада маҳаллий ишлаб чиқаришни кучайтиришимиз зарур. Биз депутатлар тадбиркорлар билан биргаликда инвесторларни ушбу соҳага жалб этишимиз лозим.

Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, муаммосиз ҳам бўлмайди. Тараққиёт йўлида одимлар эканмиз, турли масалалар, катта-кичик ташвишлар учраши ҳам табиий. Бу масалаларни ечиш, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, амалий ишларни кучайтириш – O‘zLiDeP фаоллари, партиядан сайланган депутатлар ва электорат вакилларининг асосий вазифасидир.

Ана шу мулоҳазалар билан ниҳоясига етган йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан депутатлик гуруҳининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+