Ўзбекистонда қурилиш материаллари саноати тизими тубдан такомиллаштирилади

21.02.2019, 21:30

Ўзбекистонда қурилиш материаллари саноати тизими тубдан такомиллаштирилади

Бугунни кунда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада қисқартириш, қурилиш материаллари саноатини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этишни рағбатлантириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини кенгайтириш, тармоққа инвестицияларни жалб қилиш борасида ҳам мамлакатимизда кенг кўламдаги ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 февралдаги “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қарор билан “Ўзқурилишматериаллари” АЖ ўрнига Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилди. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилаб берилди.

Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси аъзолари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича уларга таклифлар киритиш;

- юқори қўшилган қийматли қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, шунингдек, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш;

- талаб этилаётган сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош қурилиш материаллари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган буюмлар билан тўлдириш, шунингдек, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси аъзолари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

- ҳудудларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболларидан, хомашё базаси, инфратузилмалар, меҳнат ва бошқа ресурслар ҳамда бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда корхоналарни жойлаштиришга кўмаклашиш энг асосий устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Қарорга кўра чет эл бозорларининг ривожланиш тенденцияларини ўрганиш асосида янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш ва уларнинг экспорт географиясини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати тизимини тубдан такомиллаштиришга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришга, тармоққа инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.

Илёсхон АЗИЗОВ

Халқ депутатлари Миробод туман кенгашидаги

O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси,

“VIRTEC” МЧЖ бош директорининг ўринбосари

  • Кўрилди
    429
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+