Тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизи экспорт қилинса тикув-трикотаж корхоналарининг кредитлари бўйича фоизлари давлат томонидан қопланади

21.02.2019, 22:04

Тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизи экспорт қилинса тикув-трикотаж корхоналарининг кредитлари бўйича фоизлари давлат томонидан қопланади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган тўқимачилик тармоғи шакллантирилди. Хусусан, жойларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида юқори ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Самарқанд вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. “8-март” МЧЖ, “BOFANDA” МЧЖ, “Дака текс” МЧЖ ва “Дака” МЧЖлар каби йирик тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари фаоляти тобора кенгайиб, соҳада янги корхоналар ташкил қилинмоқда. Натижада  тайёр трикотаж маҳсулотлари экспорти йилдан йилга ошиб бормоқда. Шунингдек, пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этилиб, жорий йилдан вилоятда пахта етиштириш тўлиқ пахта тўқимачилик кластерларига берилди.

Президентимизнинг 2019 йил 12 февралдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Қарорга кўра 2019 йил 1 апрелдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси 2019-2021 йилларда тикув-трикотаж корхоналарига тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплайдиган бўлди. Бунинг шарти – ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизи экспорт қилиниши керак. 

Фоизлар қуйидаги тартибда қопланади:

  • айланма маблағларни тўлдириш (тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ип-калава, трикотаж мато, ип газлама ва бошқалар харид қилиш) мақсадида тижорат банклари томонидан миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;
  • ишлаб чиқаришни модернизация қилиш (бино ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш)мақсадида тижорат банклари томонидан хорижий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

Яна бир муҳим масала мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида етакчи хорижий олий ўқув юртларининг қўшма таълим дастурларини ташкил этиши белгиланди.

2019 йил охирига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий компанияларнинг ўқув-ишлаб чиқариш кластери иштирокида ишлаб чиқариш объектларида таълим жараёнини бевосита амалга оширишни ташкил этиш чоралари кўрилади. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти кадрларининг буюртмачилари битирувчининг базавий контракт тўловини иккинчи босқичда камида 50 фоиз, учинчи босқичда камида 75 фоиз, тўртинчи босқичда 100 фоиз миқдорида тўлаб берган тақдирда битирувчининг буюртмачи корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мажбурияти тўғрисида шартнома тузилиши тартиби белгиланадиган бўлди. Айнан келажак фаолиятини тўқимачилик саноати билан боғлаган ёшларимиз учун бу қулай имконият бўлса, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари учун эса етук кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондирилишида муҳим ҳисобланади.

Қодир ШОЙИМОВ

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан

ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    2237
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-02-24 12:14:01

ТТўқимачилик ва тикув-трикотаж бўйича жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва уни ривожлантириш -мамлакат иқтисодиётини кўтариш, иқтисодиётни кўтариш асносида эса халқнинг ижтимоий-моддий фаровонлиги ошириш демакдир. Шу нуқтаи назардан қараганда Президентимизнинг 2019 йил 12 февралдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+