Чустлик депутатимиз кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди

23.02.2019, 17:23

Чустлик депутатимиз кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди

Халқ депутатлари Чуст туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Мухтарамхон Арипова Чуст шаҳридаги “Наврўз” ва “Истиқлол” МФЙда яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан ҳабар олди.

“Истиқлол” маҳалласида яшовчи Г.Хайитова 3 йил аввал 2 нафар фарзанди билан бева қолган. Ҳозирда қайнона-қайнотасининг қарамоғида яшайди. Депутат ташрифидан боши осмонга етган фуқаро имтиёзли кредит асосида уй-жой олмоқчи эканини айтиб, шу масалада кўмак сўради. Унинг мурожаати юзасидан халқ вакили томонидан тегишли ташкилотга депутатлик сўрови чиқариладиган бўлди.

“Бўстон” кўчаси 26-уйда яшовчи Нигора Султонова онаси вафотидан сўнг ёлғиз қолган. Устига-устак оғир дардга ҳам чалинган. Фуқарога соғлиғини тиклаш учун кўмак керак. Депутат ташрифидан сўнг унинг мурожаати жойида ҳал этилди ва  фуқарога бепул даволанишга  йўлланма берилди.

 “Ипак йўли” кўчасида яшовчи Б.Шарипова ва А.Долиев арзимаган муаммо туфайли ажрашмоқчи. Дарз кетаётган оилани сақлаб қолиш осон бўлмади. Маҳалла оқсоқоллари, депутатнинг тушунтириш ишлари натижасида ажримларнинг  олди олинди.  

 “Наврўз” МФЙда яшовчи Офтобхон Холхўжаеванинг боқувчиси йўқ, турмуш ўртоғи вафот этган. Лекин шунга қарамай фуқаро 2 нафар фарзандини ўзи тарбиялаб  келяпти.    

“Етти йил аввал турмуш ўртоғим оламдан ўтиб, бева қолганман. Маҳалламиз томонидан доимий моддий ва маънавий ёрдам бериб турилгани сабабли бошқалардан кам яшаётганимиз йўқ. Қолаверса, томорқада экин-текин қилиб, рўзғор учун зарур маҳсулотларни етиштиряпмиз. Рўзғордан ортганини эса бозорга чиқариб сотяпмиз. Мана, яқинда орттирган даромадимиз эвазига қорамол олдик”, – дейди О.Ҳолҳўжаева.

Таъкидлаш керак, ташриф чоғида М.Арипова 30 дан ортиқ оиланинг турмуш шароити, иқтисодий-ижтимоий аҳволини ўрганди. Уларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, турмуш фаровонлигини ошириш чораларини кўрди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1295
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+