Ш. Рашидов туманидаги 630 ўринга мўлжалланган 14-мактабда 1300 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мутасаддилар муаммони қачон ҳал этади?

28.02.2019, 11:23

Ш. Рашидов туманидаги 630 ўринга мўлжалланган 14-мактабда 1300 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мутасаддилар муаммони қачон ҳал этади?

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бу борадаги чора-тадбирларга қарамай шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, дилни ғаш қилади. 

Гап шундаки, Ш.Рашидов туманида жойлашган 14-мактабнинг ошхонаси, спорт зали, фаоллар зали ва бир қатор хоналари яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бу O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ходимлари ва маҳаллий кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳнинг ҳудуддаги ўрганишлари давомида аён бўлди.

Маълум бўлишича, 630 ўринга мўлжалланган мазкур таълим даргоҳи 2006 йилда капитал реконструкция қилинган. Лекин ҳозирда ушбу мактабда 1300 нафарга яқин ўқувчилар таҳсил олмоқда. Болалар икки сменада алмашиб ўқишаётган бўлса-да, унинг сифати кўпчиликни, айниқса, ота-оналарни ташвишга солмоқда.

“Мактабимизнинг спорт зали 2007 йилда қурилган. Яқин-яқингача бу ерда туман миқёсидаги мусобоқалар ташкиллаштирилар эди. Ҳозир синф хоналари етишмаслиги сабабли ўқувчиларимизнинг бир қисми ҳаттоки спорт залининг кийиниш хонасида ҳам таҳсил олмоқда. Тўғриси, бу аҳволни кўзи билан кўрмаган киши туманда шундай таълим даргоҳи бор, десангиз ишонмаслиги рост”, – дейди мактаб директори.

Унинг қўшимча қилишича, бу муаммо бўйича туман, ҳатто вилоят ҳокимлигига ҳам кўп маротаба мурожаат қилинган. Лекин орадан шунча вақт ўтса-да муаммога ечим топилмаган.

Бизнинг ўйлантирган масала шундаки, нега шу пайтгача бирор бир мутасадди ҳудудга келиб аҳволни ўрганмаган? Туман халқ таълим бўлими билан боғланганимизда улар бу аҳволдан хабардор эканликларини, ҳозирда муаммони бартараф этиш йўлларини кўраётганини билдирди.

Демак, аҳвол яқин орада ўзгармас эканда, деган саволимизга эса Туман халқ таълим бўлими вакиллари “2019-2020 йил Инвестиция дастурига мазкур мактаб киритилмаганини айтишди.

Вилоят халқ таълими бўлими ва вилоят ҳокимлигидан ҳам “Муаммодан хабардормиз, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Яқин кунларда ўзгариш бўлиб қолади”, деган доимий “навбатчи” изоҳларнигина эшитдик, холос.

Шу ўринда беихтиёр ўйланиб қоласан киши. Нега мутасаддилар ўқувчиларнинг билим олиб, эркин шароитда улғайишини истамайди? Нега ҳар хил важлар билан, қўшимча бино қуриб беришни кейинги йилга суриб келаверади? Ўйлаймизки, муаммо тез орада ҳал бўлади, ёшларимиз шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий мактабларда таълим олишади.

Саида УМАРАЛИЕВА,

O`zLiDeP Жиззах  вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1481
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+