Депутат ишбилармонлар ҳузурида

28.02.2019, 11:36

Депутат ишбилармонлар ҳузурида

Одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиш, қабул қилинаётган  қонунлар, қарорлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг мақбул ечимларини излаш партиямиз депутатлари ва фаоллари олдида турган долзарб вазифалардан саналади. Зеро, ҳар бир сиёсий куч амалий ишлари билангина электорат вакиллари ишончини қозониши мумкин.

Пойтахтимизнинг  Миробод туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Равшан Фозилов яқинда электоратимиз вакиллари билан навбатдаги учрашувини ўтказди. “Буюк Турон-1” сайлов округидаги Ат-Термизий маҳалласида бўлиб ўтган мулоқотда асосан якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этди.

Депутат ўз сўзида амалга оширилаётган солиқ ислоҳотлари хусусий сектор манфаатларига мос эканини ҳам алоҳида қайд этди. 

– Президентимиз 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Солиқ юкини камайтириш ҳисобига барчага бир хил адолатли солиқ режимини жорий этиш, солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш лозим”, дея таъкидлади, – деди партиямиз вакили.  – Дарҳақиқат, баъзиларга берилган имтиёз рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётганини тадбиркорларнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқдалар. Бу борада ҳам иқтисодиётимиз ривожига хизмат қиладиган хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумий режимдаги корхоналар учун давлат мақсадли фондларига мажбурий ўтказмалар илгари 3,2 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йил 1 январидан бошлаб бу солиқ тури ҳам бекор қилинди. Шунинг баробарида тадбиркорлар юридик шахс сифатида фаолият кўрсатаётган бўлса, улар учун фойда солиғи ставкаси 14 дан 12 фоизга туширилди. Тижорат банклари учун фойда солиғи 22 фоиздан 20 фоизгача, дивидентларга солинадиган солиқ ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача камайтирилди. Ислоҳотлар натижасида юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилгани ҳам эътиборга молик.

Ҳуқуқшунос, нотариус Мавжуда Артикова нотариал тартиб-тамойилларга киритилган айрим ўзгаришлар хусусида маълумот берди, турли саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Учрашувда миллий пойабзаллар тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркор Рубен Якшиянц, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ишбилармон Сардор Мирмўминов ва бошқалар ер ажратилиши, банкдан кредит олиш, газ ва электр тармоқларига уланиш сингари масалаларда кўмак сўрадилар.

Депутат тилга олинган муаммолар ҳал қилиниши учун бор имконият ва ваколатларини ишга солишини, ҳар бир масала бўйича тизимли иш олиб бориб, бу борада тадбиркорлар билан доимий алоқада бўлишини билдирди.

  • Кўрилди
    1214
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+