O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Джумамуратова урганчликлар билан юзма-юз мулоқотда бўлди

01.03.2019, 20:03

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Джумамуратова урганчликлар билан юзма-юз мулоқотда бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Клара Джумамуратова ҳудудлардаги ҳақиқий  ҳолатни ўрганиш, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш мақсадида Урганч туманига борди.

Дастлаб халқ вакили тумандаги 1-, 9-, 22-сонли МТМ, 12-, 38-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг ҳолатини ўрганди. 9-сонли мактабгача таълим муассаcaси фаолияти билан танишиб, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди. Аниқланган муаммолар юзасидан зарур чоралар кўрилди.

Шундан сўнг, депутат маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб аҳоли билан мулоқот қилди, муаммоларни  ўрганди.

“Шоликорлар” маҳалласида яшовчи Феруза Бўронова маҳаллада кам таъминланганлар рўйхатида туради. Турмуш ўртоғи йўқ, 5 нафар вояга етмаган фарзандини тарбияси ҳам ўзининг зиммасида. Яшаётган уйининг томидан куз, қиш ойларида чакки ўтади. Томни шифер қилишга ортиқча маблағи йўқ.

Халқ ноиби бошчилигида тадбиркор ҳомийлиги асосида фуқаронинг томи шифер қилинадиган бўлди.

“Шоликор”лик Иқром Матсабуров деҳқончилик билан шуғулланмоқчи. Лекин экин-текин қилиш учун ер майдони керак. Бу масалада депутатдан кўмак сўраган фуқаронинг мурожаати ҳам жойида ҳал бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Максуд Дусчанов томорқа еридан фойдаланмай келаётган фуқароларнинг ерини вақтинча И.Матсабуровга ижарага олиб беришини маълум қилди.  

“Мустақиллик” кўчаси 2-уй, 21 хонадонда яшовчи Илхом Абдурахмонов 2 нафар қизи борлиги, уларга ўзи яшаётган уйининг ёнидаги ташландиқ ердан нонвойхона ва тикувчилик цехи қуриш ниятида эканини айтиб, ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Бу масала юзасидан депутат Урганч туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Зафарбек Ҳакимов билан гаплашди ва муаммони ҳал этиш чораларини кўрди.

Урганч шаҳар 6-даха, 18-уй, 1 хонадонда яшовчи Рўза Машарипова кўп  қаватли уйда яшайди. Фуқаро кўпдан бери уйда лифт ишламаётганидан норози. Бу муаммони халқ ноиби тегишли ташкилот масъулларини жойига чақиртириб, ҳал қилиб беришга ваъда берди.

 “Гулзор” маҳалласида яшовчи Мавлуда Атажанова вилоят Болалар шифохонасида биохимия лабораториясига қон таҳлили топшириш учун шифокорлар томонидан 35 минг сўмдан пул тўлови талаб қилинаётганидан эътироз билдирди. Унинг айтишича, муассасада даволаниш учун ҳам кўплаб таҳлиллар сўралар эмиш.

Депутат масалага ойдинлик киритиш мақсадида Хоразм вилоят Болалар шифохонаси раҳбарияти билан учрашишни ва муаммога ечим топишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, халқ вакилининг жойларда аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.

Гулистон АДАМБАЕВА,

O‘zLiDeP Урганч туман Кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    1356
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+