Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар билан учрашди

01.03.2019, 20:35

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Самарқанд вилоятида бўлиб, халқ билан мулоқот қилди. 

 Хусусан, халқ вакили Тўлқин Эшназаровнинг Пастдарғом тумани “Илм” МФЙдаги сайловчилар билан учрашуви юқори савияда ўтди. Суҳбат ва мулоқотлар давомида фуқаролардан турли масалаларга оид мурожаатлар келиб тушди.

Масалан, “Тўрттом” маҳалласида яшовчи Холмурод Ғаниев ҳудудда 300 дан ортиқ боғча ёшидаги болалар борлиги, аммо мактабгача таълим муассасаси йўқлигини айтиб, қишлоқда болалар боғчаси қуришда кўмак сўради. Шунингдек, аҳоли экин-текин қилиш учун томорқаларини ҳайдашда техника топа олмаётганини билдирди.

“Айни пайтда ҳудудда техника катта муаммо. Тўғри, еримизни пул тўлаб ҳайдатамиз, лекин ҳозирда техникани пулга ҳам топиш муаммо бўлиб қолди”, – дейди Х.Ғаниев.

Мурожаатчи томонидан ўртага ташланган биринчи масала юзасидан халқ ноиби Т.Эшназаров Мактабгача таълим вазирлигига депутатлик сўрови чиқаришини айтди. Техника масаласини эса ҳудудга жавобгар сектор вакили ўз зиммасига олди.

Шунингдек, маҳалладаги эски симёғочларни алмаштириш, 99-мактабни ҳамда “Илм” ва “Меҳнат” МФЙни боғлаб турадиган кўпирикни таъмирлаш бўйича келиб тушган мурожаатлар юзасидан ҳам тегишли ташкилотларга сўров чиқариладиган бўлди.

Халқ ноибининг тумандаги “Янгиравот” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашувлари ҳам кўтаринки рухда ўтди.

Мулоқотлар чоғида аҳолидан ҳудудда эскириб қолган сув насосларини янгилаш, электр симёғочларини алмаштириш, йўлларни таъмирлашга доир қатор мурожаатлар келиб тушди.

Мисол учун, Абдураззоқ Тоғаймуродов маҳалладаги 106-мактаб 280 ўринга мўлжаллангани, лекин муассасада 407 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олаётганини айтиб, қўшимча синф хоналари қуришда кўмак сўради.

Ушбу мурожаат юзасидан Олий Мажлис депутати Халқ таълими вазирлигига депутатлик сўрови чиқарадиган бўлди.

“Янгиравот” қишлоғида яшовчи 70 ёшли Бурхон ота Қурбонов юрак хуружи билан ўғли ва катта набираси вафот этгани, 1994 йилда туғилган набираси ҳам шу касалликдан қийналаётганини айтиб, уни даволатишда кўмак сўради. Депутат аралашгач муаммо ҳал бўлди.  

“Барака топсинлар, депутат кўмагида жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Ҳозир набирам соғ-саломат, оиламиз бағрида!”, – дейди Б.Қурбонов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Шодмоновнинг аҳоли билан учрашувлари давомида ҳам кўплаб масалаларга ечим топилди.

Ўрганишлар давомида Кимёгарлар қўрғони, Зиёлилар кўчаси 33-уй, 3-хонадонда яшовчи Зебо Искандарова экология бўйича муаммони  кўтарди.

Унинг таъкидлашича, баҳор, ёз ва куз фаслларида кечалари Кимёгарлар қўрғонини тез-тез аччиқ ва заҳарли тутун қоплайди. Инсон саломатлиги учун хавфли бўлган бу тутун Хишрав қўрғони яқинидаги Самарқанд шаҳар чиқиндихонасидан тарқалмоқда. Ҳудуд назоратсиз қолдирилгани боис бу ерда яшовчи маҳаллий аҳоли вакиллари гулхан ёқишади.

Мазкур мурожаатни халқ вакили Адҳам Шодмонов жойига бориб ўрганди ва муаммони бартараф этиш бўйича мутасаддилар билан боғланди. Ҳозирда муаммони ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1580
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Тошонов Яздон Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари -аппарат раҳбари2019-03-04 08:55:10

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари билан жойларда бўлиб ўтаётган учрашувлари ўзининг самарали натижаларини бермоқда.


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-03-03 21:19:41

Депутатларнинг халқ билан учрашуви, мулоқоти сайловчилар муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича депутат олдига вазифаларни қўяди. Бу вазифаларни ўз вақтида бажарилиши эса депутатнинг, қолаверса, депутат сайланган партиянинг кенг халқ оммаси ўртасида нуфузи даражасини белгиловчи муҳим омилдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, сайловчилар муаммоларини ечими бўйича ишлаш ҳар бир депутат фаолиятининг муҳим шартларидан биридир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+