Карманада томорқадан самарали фойдаланишда қандай тажриба бор?

04.03.2019, 22:29

Карманада томорқадан самарали фойдаланишда  қандай тажриба бор?

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши масъул ходимлари ва маҳаллий кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ фермер ва томорқа-ер эгаларининг муаммосини ўрганмоқда, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича аҳолига кенгроқ тушунчалар бермоқда. 

Партия фаолларининг дастлабки манзили Кармана туманидаги  “Деҳқон” МФЙ бўлди. Ҳудудда ўғил-қизларига деҳқончилик сир-синоатини ўргатаётган, пешона тери эвазига тўкин-сочин, осойишта ва обод турмуш кечираётган оилалар кўплиги ишчи гуруҳ аъзоларида катта таасурот қолдирди.

Ана шундай омилкорлардан бири “Деҳқон” МФЙда яшовчи Низомиддин Хидировдир. Хонадоннинг 1 сотих майдонида иссиқхона ташкил этган Низомиддин ака эрта баҳордан помидор, кўкат, сабзавотлар етиштирмоқда. Очиғи, у кишининг томорқачиликда янги усуллардан фойдаланаётганини кўриб ҳавасингиз  келади. 

“Томорқамиз 15 сотихдан иборат бўлиб, шундан бир сотиғига ихчам иссиқхона барпо этганмиз. Қолган очиқ ер майдонида эса саримсоқпиёз, картошка, пиёз ва бошқа маҳсулотлар етиштиряпмиз. Оиламизнинг баракаси, ризқи шундан. Буни фарзандларимга ҳам кўп айтаман”,– дейди Н.Хидиров.

Карманалик Жамила Нурова ҳам деҳқончиликнинг ҳадисини олган юртдошларимиздан. Томорқадан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўплаган тадбиркор ҳозир ўз ҳовлисида барпо этган иссиқхонадан яхши даромад олиб келяпти.

“Томорқа файз-барака манбаи. 7 сотихдан ортиқроқ томорқамиз бор. Ҳар йили помидор, сабзи, картошка сингари маҳсулотлар етиштириб, яхшигина ҳосил оламиз. Унинг бир қисмини оиламиз ва қўни-қўшнилар билан баҳам кўрамиз. Қолганини бозорда сотиб, кам-кўст учун сарфлаймиз.  Қолаверса, томорқамизда иссиқхона ҳам ташкил этганмиз. Ўтган йили иссиқхонадан 2,5 млн. сўмдан ортиқ даромад олдик”, – дейди Ж.Нурова.

 Хўш, бугун O‘zLiDeP томонидан жойларда олиб борилаётган тарғибот тадбирлари қандай самара беряпти? Аслида Карманада томорқадан самарали фойдаланишда қандай тажриба бор?

Ишчи гуруҳ аъзоларининг айтишича, олиб борилаётган тарғибот тадбирлари натижасида аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданияти юксалмоқда. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмас деганларидек, айрим фуқаролар бу масалага жиддий эътибор қаратмаяпти.  

 “Ҳақиқатдан ҳам, аҳолининг мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланмаётгани боис ҳудудда қаровсиз ётган ерлар учраб турибди. Шу боис, аҳоли орасида томорқанинг қўшимча даромад манбаи эканини кенг тарғиб қилишга жиддий эътибор қаратяпмиз. Шунингдек, одамларга томорқадан унумли фойдаланиш бўйича зарур кўрсатмалар, тавсиялар бериб келяпмиз. Ҳозирча натижа ёмон эмас, ўз самарасини беряпти”, – дейди O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Жонибек Шодмонов.

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    1414
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+