Зарафшонлик ёш тадбиркорлар “Ёшлар меҳнат гузари” фаолиятидан нега норози?

04.03.2019, 22:30

 Зарафшонлик ёш тадбиркорлар “Ёшлар меҳнат гузари” фаолиятидан нега норози?

 Ўтган давр мобайнида Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги Фармони билан тасдиқланган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ижроси доирасида жойларда улкан ишлар амалга оширилди. Айниқса, ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ёшларнинг бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишлари учун зарур шароитлар яратилди.

Эътиборли жиҳати, жойларда бўлгани каби, Навоий вилоятида ҳам Дастур ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланган.  Хусусан, тадбиркорлик фаолиятига қизиқувчи ва энди тадбиркорлик фаолиятига қадам ташлаётган ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида “Ёшлар меҳнат гузарлари” қурилиши режалаштирилган. Бироқ шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, Дастур ижросини таъминлашга сусткашликка йўл қўяётган мутасаддилар ҳам, афсуски, учраб турибди.

Гап шундаки, яқинда O‘zLiDeP Зарафшон шаҳар Кенгаши ходимлари “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ёшларга берилган имкониятларнинг амалда нечоғлик самара бераётгани билан қизиқиб, ҳудудда ташкил этилган “Ёшлар меҳнат гузари”га борди. Бу ерда фаолият олиб бораётган ёш тадбиркорлар фаолияти билан танишиб, улар билан мулоқот қилди.  

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида мазкур меҳнат гузарида 5 нафар ёшга тадбиркорликнинг тикувчилик, мебел ясаш, ҳунармандчилик, заргарлик ва ҳайкалтарошлик йўналишлари бўйича фаолият юритиши учун алоҳида-алоҳида  хоналар ажратилгани, лекин бу ерда атиги 2 нафар тадбиркор фаолият олиб бораётгани маълум бўлди. Энг ёмони, улардан бир нафарининг фаолияти Дастур талабларига жавоб беради, холос.

 Зарафшонлик Саид Юсупов ҳам кўп йиллардан буён ушбу бинода фаолият юритиб келади. Тадбиркорнинг айтишича, у мазкур бинодан фойдалангани учун ойига 800 минг сўмдан ижара ҳақи беради. Шу боис, тадбиркор Дастурда берилган имтиёзнинг қўлланилмаганидан норози.

Якка тартибдаги тадбиркор Д.Шабонованинг қўл остида ишловчи ходимлар ҳам “Ёшлар меҳнат гузари”да яратилган шароитлардан норози. Уларнинг айтишича, хоналар жуда совуқ, иситиш тизими ишламайди.

“Совуқ кунлар бошландими, бу ердан эртароқ кетишга тўғри келади. Чунки иситиш тизими яхши ишламайди. Шу боис, уйимиздан электр иситиш мосламаларини олиб келишга тўғри келади. Мана бугун ҳам шу ҳолат. Билмадим  бу ҳолат қачонгача давом этади, қачонгача биз ана шундай совуқ хоналарда ишлаймиз?”, – дейди ишчи-ходимлардан бири. 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега бундай хайрли ишлар тафти бу ерга етиб келмаган? Ёки мазкур меҳнат гузари номаълум сабабларга кўра “мутасаддиларнинг” эътиборидан четда қолганми? Ўйлаймизки, ушбу муаммога тегишли идоралар вакиллари эътибор қаратади, “Ёшлар меҳнат гузари”ни ёш тадбиркорларнинг намунавий гузарига айлантиради.

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1643
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Навоий вилоят Кенгаши Қўчқоров Беҳзод Исомиддинович2019-03-06 11:53:57

Айни ҳақиқат ёритилган бундай холатларга исбот қилиб кўпгина бошқа туман шахарлардаги гузарларни келтириш мумкин. Ўйлайманки мутассадилар тез кунларда “Ёшлар меҳнат гузари”ларига эътибор қаратишиб йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишади. Бежизга айтилмаган кўчиб борилмаган ва фойдаланмаётган ҳар қандай янги уй кун сайин соат сайин нурай бошлайди..


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+