“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг сув билан боғлиқ муаммоси ҳал бўлди. Сув иншоотини қуриш ишлари давом этади

05.03.2019, 22:43

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг сув билан боғлиқ муаммоси ҳал бўлди. Сув иншоотини қуриш ишлари давом этади

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши “Ургут” ЭИЗ дирекцияси вакиллари ва тадбиркорлар иштирокида “Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзуида очиқ мулоқот ўтказди. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Меҳриддин Мухаммадиев, “Ургут” ЭИЗ дирекцияси ходимлари, партия вилоят ва туман Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Мухаммадиев ва “Ургут” ЭИЗ дирекцияси директори ўринбосари Ғ.Мадаровлар тадбиркорларга эркин иқтисодий зонага аъзо бўлиш тартиби, аъзога айланган тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва преференциялар тўғрисида аниқ маълумотлар бердилар.

Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан саволлар билан бир қаторда айрим муаммолар ҳам ўртага ташланди.

 Масалан, “Ург Таж” қўшма корхонаси директори Э.Эргашев ичимлик суви билан боғлиқ муаммодан шикоят қилган бўлса, “Ург Женс” МЧЖ раҳбари С.Раупов корхона номини ўзгартириш ва кадастри билан боғлиқ муаммо бўйича мурожаат қилди. “IDEAL ELEKTRO LUX” МЧЖ директори Н.Асроров эса электр-энергиядаги узилишлардан норози.

Шунингдек, “Ургут” ЭИЗ дирекцияси томонидан ЭИЗнинг “Мерганча” массивидаги корхоналарни ичимлик ва техник сув билан таъминлаш мақсадида сув иншоотларини қуриш учун ажратилган ер майдони устида фермер билан зиддиятли вазиятни ўнглаш борасида мурожаат келиб тушди.

 Унда айтилишича, Ургут туман ҳокимининг 2018 йил 27 апрелдаги № 968- сонли қарори билан Ургут ЭИЗнинг “Мерганча” массивида сув иншооти қуриш учун ер ажратилган ва сув иншооти жойлашган ер майдони “Ургут” ЭИЗ “Мерганча” массивининг тасдиқланган бош режасига киритилган. Мазкур сув иншоотини ўз вақтида қуриш ва корхоналарни ичимлик ва техник сув билан таъминлаш мақсадида сув чиқариш техникалари олиб келинган. Аммо ер майдони фермер хўжалиги тасарруфидан чиқарилмаганлиги боис қурилиш монтаж ишлари тўхтаб қолган. Бу борада тегишли жойларга қилинган мурожаатлар ҳанузгача амалий натижа бермаган.

Ушбу мурожаатни атрофлича ўрганган O’zLiDeP фаоллари муаммо ечими бўйича зарур чораларни кўришини ва тез орада муаммони ҳал этиб беришини маълум қилишди.

Тадбир якунида иштирокчилар “IDEAL ELEKTRO LUX” МЧЖ фаолияти билан танишди.         

Қодир ШОЙИМОВ,

  O’zLiDeP вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    1354
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+