O’zLiDeP сайёр қабули: Булоқбоши туманидаги Гузар маҳалласида тадбиркор кўмагида хусусий боғча қурилади

05.03.2019, 23:19

O’zLiDeP сайёр қабули: Булоқбоши туманидаги Гузар маҳалласида тадбиркор кўмагида хусусий боғча қурилади

Наргиза Умматова Балиқчи туманидаги Ўлмас маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Ҳудуддаги 25-умумтаълим мактабида фарзандлари таълим олади. Ўқув масканида ўқувчилар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Дарс машғулотлари замонавий педтехнологиялар асосида олиб борилади. Ота-оналар, ўқувчилар хурсанд. Аммо... ана шу қулайликларга етишмаётган битта оғриқли нуқта бор. Наргиза Умматова айни муаммо юзасидан O’zLiDeP Балиқчи туман кенгаши томонидан ташкил этилган сайёр қабулда мурожаат қилди.

- Фарзандларим бадиий адабиётга жуда қизиқади, - дейди Н. Умматова. – Аммо мактаб кутубхонасининг бадиий, илмий китоблар заҳираси жуда оз, деярли йўқ. Синфдан ташқари ўқиш машғулотларида фарзандларимиз қийналяпти. Ҳудудимиз марказ четида жойлашгани боис ҳар доим ҳам болаларимизни туман кутубхонасига ёлғиз юбора олмаймиз. Шунинг учун ҳам мактаб кутубхонасини янги бадиий, илмий адабиётлар билан бойитилишини истардик.

Аҳоли томонидан билдирилган ушбу таклиф партия вакилларининг эътиборидан четда қолмади. Халқ депутатлари Балиқчи туман кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Жасурбек Абдурайимов мазкур мактаб ўқувчилари учун бадиий ва илмий китобларни ҳомийлик асосида тақдим қилди.

Туманнинг Гузар маҳалласи аҳлининг дилбандлари учун мактабгача таълим муассасаси керак. Ота-оналар фарзандларини бир неча километрлик масофадаги, устига-устак автоуловда қўшни ҳудуддаги болалар боғчасига қатнаётганлигидан норози. Ушбу муаммо бўйича бир неча бор қилинган ёзма ва оғзаки мурожаатлар жавобсиз қолаверган. Мутасадди ташкилотлар иштирокида ташкил этилган ушбу сайёр қабулда кўтарилган муамммога ечим изланди. Муассасани қуриш учун ташаббускор тадбиркор ҳам топилди. Ҳозирда тадбиркор Ханифа Қодирова туман ҳокимлиги заҳирасидан ажратилган бўш турган ер майдонида қурилиш ишларини бошлаб юборган.

Булоқбошилик жонсарак ота-оналарнинг бир гуруҳи тумандаги 14-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида турли фан ва кўнгилочар тўгараклар ташкил қилиш таклифини айнан партиянинг сайёр қабулида билдирди.

- Бизнинг таклифимиз партия кўмагида амалий ечим топганидан жуда хурсанд бўлдик, - дейди аҳоли вакилларидан Комилжон Ниязов. – Энди фарзандларимиз мактабда янги ташкил этилган тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, тикувчилик, спортнинг қатор турлари бўйича тўгаракларга қатнашадиган бўлди. Бунинг учун депутатимиз Олимжон Матғозиевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Бугун берилган эътибор эртанги куннинг буюк ишларига пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Олимжон Толипов,

O’zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши ариза ва мурожаатлар

билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    1403
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+