“Навоий вилоятини тадбиркорлар вилоятига айланишига бор имкониятимизни ишга соламиз”

15.03.2019, 23:38

“Навоий вилоятини тадбиркорлар вилоятига айланишига бор имкониятимизни ишга соламиз”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12-13 март кунлари Навоий вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари барча ҳудудлар каби Навоий вилоятига ҳам бир неча бор ташриф буюриб, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда. 2017 ва 2018 йиллардаги ташрифлар чоғида белгиланган чора-тадбирлар натижасида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Давлатимиз раҳбари ўз ташрифи давомида Нурота туманидаги "Мармаробод" давлат унитар корхонаси, “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси томонидан қурилаётган буғ-газ қурилмаси, "Навоийазот" акциядорлик жамияти каби қатор йирик корхоналарда бўлиб, улар фаолияти билан яқиндан танишди, тегишли кўрсатмалар берди.

Обиджон Саидов, Кармана туманидаги “Export Fish Product” МЧЖ раҳбари, O'zLiDeP фаоли:

Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган имтиёзлардан кенг фойдаланган ҳолда  2018 йил декабрь ойида Кармана туманида “Export Fish Product” масъулияти чекланган жамиятига асос солдик. Амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 37 миллиард сўм бўлиб, унинг 30 миллиард сўми банк кредити, 7 миллиард сўми корхона маблағидир. Бу ерда усти ёпиқ сув ҳавзалари, 500 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, шунингдек, аҳолининг ҳордиқ чиқариши, яъни шу ернинг ўзида балиқ тутиб истеъмол қилиши учун умумий овқатланиш шохобчаси ва сайилгоҳ қурилган. Ҳозирда корхонамизда 50 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

Корхонамиз тўлиқ қувват билан иш бошлагач, йилига 500 тонна балиқ, 100 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Келажакда корхонамиз 800 та аҳоли хонадонида ҳам интенсив усулда балиқ боқишни режалаштирганмиз. Натижада 900 га яқин киши иш билан таъминланади. Корхонамиз тасарруфидаги 2 минг гектарлик кўлда етиштириладиган балиқ кластер усулида қайта ишланиб, ундан балиқ уни, мойи, филеси, консерваси, ярим тайёр ҳолатда балиқ котлети ва дудланган балиқ тайёрланади. 600 тонна тайёр маҳсулот экспорт қилинади.

Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи доирасида мазкур корхонамиз фаолияти билан ҳам танишгани бизни янада хурсанд қилди. 

Давлатимиз раҳбари корхонамиз фаолияти билан яқиндан танишар экан, маҳсулот кўп бўлса, рақобат бўлиши, рақобат бўлса, сифат ошиши, сифат юқори бўлса, экспорт самарали бўлиши, энг муҳими оддий одамларни бой қилсак, давлат ҳам бой бўлишини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.

Яшин ДУШАНОВ, O'zLiDeP  Навоий вилоят Кенгаши раиси:

Президентимиз Навоий шаҳрида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, нуронийлар, ёш тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари вилоятни комплекс ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни белгилаб берди. Қайд этилганидек, Навоий вилояти юртимиз саноатининг мустаҳкам устуни бўлиб, унинг 10 фоиз маҳсулотини таъминлайди. Ислоҳотлар натижасида ўтган йили вилоятда инвестициялар 1,8 баробар, қурилиш ишлари 28 фоиз, хизмат кўрсатиш – 12 фоизга ўсган. Шунингдек, қарийб 1 триллион сўм инвестиция ҳисобига 420 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилган.

Йиғилишда мавжуд резерв ва имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Вилоят иқтисодиёти асосан бир нечта йирик корхонага боғлиқ бўлиб қолгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик етарли даражада ривожланмагани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий туртки бериш учун шундай қулай ва жозибадор бизнес муҳитини яратиш керакки, нафақат маҳаллий, балки бошқа вилоятлар аҳолиси ҳам бу ерга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланишга интилиши, бошқача айтганда, Навоий вилояти – тадбиркорлар вилоятига айланиши кераклиги борасида белгилаб берган устувор вазифалари барча мутасадди ташкилотлар қатори O'zLiDeP ва унинг депутатлик корпуси олдида ҳам катта масъулият юклайди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳлари орқали вилоятнинг ҳар бир туманларида кичик бизнесни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш, вилоят иқтисодиётини юқори босқичга олиб чиқиш ва бу орқали минглаб иш ўринлари яраталишига астойдил ҳаракат қилади, депутатлик назоратини олиб боради.

Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятини экспортга йўналтирилган инновацион ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар бўйича эркин иқтисодий зонага айлантиришни таклиф қилди. Инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги замонавий корхоналар ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Навоий вилоятида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган умумий қиймати 26 триллион 368 миллиард сўмлик 511 та инвестиция лойиҳасидан иборат дастур ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Биринчи навбатда, Нурота, Хатирчи, Томди, Конимех каби ривожланиш даражаси паст бўлган туманларда янги саноат корхоналарини ташкил этишга устувор аҳамият қаратиш лозимлигини қайд этиб ўтдилар.

Бу борада ҳам партиямиз фаоллари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпуси вакиллари орқали депутатлик назоратини олиб боради. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, халқ фаровонлигини таъминлаш партиянинг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1489
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+