O`zLiDePнинг 2018 йил бюджети ижроси ва 2019 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисида АХБОРОТ

14.03.2019, 10:57

O`zLiDePнинг 2018 йил бюджети ижроси ва 2019 йил  бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисида  АХБОРОТ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 2003 йил 15 ноябрда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 3 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилди ва 2006 йил 18 январда 563-п-сон билан қайта рўйхатдан ўтказилган.

Партия ўз молиявий-хўжалик фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 мартдаги 86-cонли қарори билан тасдиқланган "Сиёсий партияларнинг устав фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида" Низомга ва бошқа қонун хужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Партия Уставига мувофиқ партияни молиялаштириш манбалари ҳудудий партия ташкилотлари ҳисоб рақамларига келиб тушган аъзолик бадаллари, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар, юридик шахслар ва фуқароларнинг хайрия ёрдамлари, амалдаги қонунларга зид бўлмаган бошқа барча тушумлар ҳамда Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан иборат.

2018 йил 1 январь ҳолатига партиянинг ҳисоб рақамларидаги қолдиқ маблағлар 8 млрд. 738 млн. 283 минг сўмни ташкил қилган. 2018 йил давомида партиянинг ҳисоб рақамларига жами 26 млрд. 924 млн. 462 минг сўм келиб тушган, жумладан давлат бюджетидан 22 млрд. 665 млн. 895 минг сўм, аъзолик бадалларидан 4 млрд. 026 млн. 459 минг сўм, ҳомийлик ва хайрия ёрдамларидан 42 млн. 316 минг сўм, тадбиркорлик фаолиятидан тушган даромад  141 млн. 964 минг сўм ва бошқа тушумлар 47 млн. 828 минг сўмни ташкил этган.

Партиянинг 2018 йилдаги устав фаолиятини амалга оширишга қаратилган харажатлар  31 млрд. 772 млн. 449 минг сўмни ташкил этди, жумладан, партиянинг ижро этувчи аппарати таъминоти учун жорий харажатларга 27 млрд. 733 млн. 502 минг сўм, партия аъзоларининг телевидение, радио орқали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чиқишларини ташкил этиш ва кўргазмали тарғибот материалларини нашр этиш ва тарқатиш учун 694 млн. 112 минг сўм, партия фаолларини ўқитишга қаратилган семинарлар, тренинглар ўтказиш учун 171 млн. 404 минг сўм, конференция ва съездлар ўтказиш учун 1 млрд. 228 млн. 110 минг сўм, партиянинг мол-мулкини сақлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ коммунал хизматлар ва эксплуатация харажатлари учун 1 млрд. 945 млн. 365 минг сўм.  сарфланди.

Партиянинг банк ҳисобварақларида 2019 йил 1 январь ҳолатига қолдиқ маблағлар 3 млрд. 890 млн. 296 минг сўмни ташкил этди.

2019 йил 1 январь ҳолатига партиянинг харид қилинган ва хайрия ёрдами сифатида қабул қилинган асосий воситалар 12 млрд. 448 млн. 386 минг  сўмни ташкил этди.

2019 йилда  партия бюджети 34 млрд. 974 млн. 340 минг сўмни ташкил этилиши кутилмоқда, шундан 25 млрд. 624 млн. 044 минг сўм давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, 5 млрд. 200 млн. сўм аъзолик бадаллари маблағи, 43 млн. сўм хайрия ёрдами маблағлари, 142 млн. сўм тадбиркорлик фаолиятидан келиб тушадиган маблағлар ва  3 млрд. 890 млн. 296 минг ҳисобварақлардаги қолдиқ маблағлардир.

Партиянинг 2019 йилдаги бюджетининг асосий кўрсаткичлари қуйидагича тартибда молиялаштирилиши режалаштирилди. Партиянинг ижро этувчи аппарати  жорий харажатларга 85 фоиз, партиянинг матбуот органига ёрдам кўрсатишга 0,1 фоиз, партия аъзоларининг телевидение, радио орқали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чиқишларини ташкил этиш ва кўргазмали тарғибот материалларини нашр этиш ва тарқатиш харажатларига 1,7 фоиз, партиянинг конференциялари, съездларини ўтказиш харажатларига 1,6 фоиз, партия фаолларини ўқитишга, улар билан семинарлар, тренинглар ўтказиш харажатларига 3 фоиз, партиянинг мол-мулкини сақлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ коммунал хизматлар ва эксплуатация харажатларини тўлашга 8,5 фоиз ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга доир ва бошқа харажатларга 0,1 фоиз.

  • Кўрилди
    869
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+