“Аҳолининг узоқ йўл босиб, оилавий тиббий кўрикка бориши жуда қийин”

16.03.2019, 11:15

 “Аҳолининг узоқ йўл босиб,  оилавий тиббий кўрикка бориши жуда қийин”

Конимех Навоий вилоятининг ҳудуди бепоён чўлдан иборат туманларидан. Бу ерда яшаш юртимизнинг бошқа масканларига қараганда бирмунча оғир. Айниқса, чўлнинг ястаниб ётган сариқ қуми кишининг кўриш қобилияти, нафас йўлларига салбий таъсир этиб, саломатлигига путур етказади. Олис чўл ҳудудидаги аҳолининг яшаш шароитидан келиб чиққан ҳолда уларга ёрдам бериш, мушкулини осон қилиш керак.

Шу мақсадда O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши аёллар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан тумандаги Янги Ғазғон қўрғонининг Сарибел ва Ўразжан овул фуқаролар йиғинлари аҳолиси учун тиббий кўрик ташкил этилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир давомида овуллардаги 200 нафардан ортиқ фуқаро окулист, терапевт, гинеколог, кардиолог, педиатрларнинг тиббий текширувидан ўтказилди.

– Бу ер ўз номи билан саҳро. Одамлар яшайдиган уйларнинг эшиги тагигача қумлик. Тўғри, қум ёзда чангимайди, ёғингарчиликда лой-шалаббо бўлмайди, аммо қум зарралари одамнинг кўзига кириб, кўриш қобилиятини пасайтиради, – дейди Халқ депутатлари Конимех тумани Кенгаши аъзоси Кунсулу Нормуратова. – Шу боис аҳолининг тиббий кўрикдан мунтазам ўтиб, зарур муолажаларни олиб бориши муҳим аҳамиятга эга. “Соғлом оила — мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида ўтказилган кўрик, одамларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

– Овулимиз вилоят марказидан жуда олис. Транспорт қатнови деярли йўқ. Аҳолининг узоқ йўл босиб, оилавий тиббий кўрикка бориши жуда қийин, – дейди Сарибел ОФЙ раиси Тўрақул Абдураззоқов. – Партия вилоят Кенгаши мутасаддиларининг ташаббуси овулимиздаги аҳолини жуда қувонтирди. Вилоят марказидан ўндан ортиқ малакали тиббиёт ходимларининг хонадонимизгача келиб, тиббий текширув ўтказиши, саломатлигимизни мустаҳкамлаш борасидаги тавсиялари айни кўнглимиздаги иш бўлди. Тиббий кўрик доирасида дори-дармонлар, кўзойнак ва эрталаб бадантарбия машқларини бажариш учун махсус оёқ кийимлари бепул тарқатилгани, айниқса, кексаларимизни тўлқинлантириб юборди.

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1377
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+