Янги қарордаги меъёрлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир

16.03.2019, 11:32

Янги қарордаги меъёрлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини  ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштиришга  қаратилгани билан аҳамиятлидир

Ўзбекистон кейинги йилларда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича катта муваффақиятларга эришди, десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарасини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу борада сўз юритар эканмиз, энг аввало, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга атрофлича тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда ўтган давр мобайнида хотин-қизлар манфаатларини муҳофазалашга йўналтирилган 100 га яқин миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинганини ҳам ёдда тутиш даркор.

БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенцияларини Марказий Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб ратификация қилган давлат ҳам Ўзбекистондир. Жумладан, “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”, “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисида”ги ва бошқа ҳужжатларни мисол тариқасида келтириш мумкин.

Конституциямизда аёлларнинг фундаментал ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган бўлиб, 46-моддада эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқли эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти бир ҳафта олдин имзолаган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса аёлларга нисбатан мавжуд муносабатларда янги босқични бошлаб беришга қаратилгани билан долзарб ўрин тутади.

Мазкур қарорга мувофиқ, хотин-қизлар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқларнинг бекор қилиниши, аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхатининг тасдиқланиши, қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилиши, икки ёшга тўлмаган фарзанди бор оналар учун ўзига қулай вақтда танаффус белгиланиши, 60 ёшга қадар пенсия ёшидаги аёллар билан ёки муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинишининг тақиқланиши, судларда адвокатлар томонидан бепул  юридик хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ енгилликлар яратилди.

Сўнгги икки йил давомида депутатлар ва турли даражадаги ишчи гуруҳлар томонидан уйма-уй юриш орқали минглаб ишсиз хотин-қизлар аниқланди. Ҳудудларнинг имконияти ва хусусиятидан келиб чиқиб, уларнинг қисман бандлигини таъминлашга, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига, ҳунармандчиликка жалб қилишга ҳаракат қилинди. Лекин бу билан кутилган натижага эришилди, деб айта олмаймиз. Янги қарорга кўра, “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари”нинг ташкил этилиши аёлларнинг ўз бизнесини бошлаши ва уларда ишбилармонлик кўникмаларининг шакллантирилиши, ҳар томонлама қўллаб-қувватланишининг самарали механизми сифатида хизмат қилади. 

Бундай марказлар томонидан ишбилармон аёлларга маҳаллаларда бўш турган бинолардан жой ажратиш, ишончли ҳамкорлар топиш, минитехнологиялар ва ускуналар сотиб олишда кўмаклашишдан тортиб, токи ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишигача кўмаклашиш масалаларининг қамраб олингани опа-сингилларимиздаги иккиланишларни барҳам топтириб, эртанги кунга  катта умид ва ишонч уйғотади.

“Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни таз­йиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси қўйилгани ҳам муҳим қадамлардан биридир. Эътиборли жиҳати шуки, хотин-қизлар меҳнатининг ҳуқуқий кафолатлари белгилаб берилган мазкур қарор тадбиркор аёллар сонини кўпайтиришига шубҳа йўқ. Биз, яъни барча даражадаги депутатлар эса жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини янада ошириш, турли жабҳаларда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишида самарали парламент назоратини олиб бориш, янги ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда масъулмиз.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    947
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+