O‘zLiDeP тадбиркорларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди. Натижа...

16.03.2019, 11:38

O‘zLiDeP тадбиркорларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди. Натижа...

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилмоғи керак”. Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу тамойил мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди. Ўтган қисқа фурсат давомида жойларда халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди, давлат идоралари масъулларининг сайёр қабуллари мунтазам ташкил этилди. Пировардида, неча йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, уларга ечим топилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Аммо эскича қарашга эга, иш фаолиятида янгилик яратмаган, ботинида замон талабларига мос шижоатни ҳис қилмаган айрим идоралар раҳбарларининг аҳоли мурожаатларига бефарқлиги ҳам кўзга ташланмоқдаки, натижада кўпчилик ҳанузгача муаммосига ечим тополмай, сарсон-саргардон бўлмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан вилоятлар кесимида аҳолини, хусусан, электоратимиз ҳисобланган тадбиркорларни қийнаб келаётган, аммо тегишли идоралар томонидан ҳалигача бартараф этилмаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида учрашувлар, ўрганишлар олиб борилмоқда. Жумладан, O‘zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида ечимини кутаётган қатор муаммолар кўзга ташланди.

Президентимизнинг 2018 йилнинг 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўқон шаҳридаги “Водий кўҳинур пласт” масъулияти чекланган жамияти томонидан пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилган эди. Ушбу лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 114-сонли раёсат мажлисига асосан, лойиҳани молиялаштириш учун “Микрокредитбанк” АТБ томонидан кредит маблағлари ажратилиши ҳамда лойиҳа 2019 йил 1 августда ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш бўйича тадбиркор М.Арипов томонидан қилиниши зарур бўлган барча ҳаракатлар бажарилган. Нотурар жой сотиб олиниб, таъмирланган ҳамда дастгоҳлар ўрнатилишига шай ҳолга келтирилган. Аммо “Микрокредитбанк” АТБ томонидан дастгоҳлар сотиб олиниши учун белгиланган кредит маблағлари ажратилмаган.

Ушбу масалани ижобий ҳал этиш юзасидан Қўқон шаҳар ҳокими томонидан 2019 йил 11 январь куни “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви раиси номига хат юборилган. 2019 йил 25 январда юборилган жавоб хатида банк раҳбарияти “Водий кўҳинур пласт” масъулияти чекланган жамияти банк томонидан аввал берилган кредитни ўз вақтида (октябрь-ноябрь) қайтармаганини сабаб қилиб кўрсатган. Аслида тадбиркор банк томонидан 2018 йилнинг апрель ойида 18 ойлик муддат билан 170 млн. сўм кредит маблағи олган. Ушбу маблағнинг бир қисмини пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳаси учун сотиб олинган иншоотни таъмирлашга сарфлаган ва банк белгилаган (октябрь-ноябрь) (?) муддатда кредитни қайтариш имкони бўлмаган. Шундан кейин тадбиркор кредит маблағини 2018 йилнинг ўзида, яъни 18 декабрда, 8 ойда (!) тўлиқ қайтариб тўлаган. Аммо банк томони тадбиркорга дастгоҳлар сотиб олиш учун белгиланган кредит маблағлари ажратилишини пайсалга солиб келмоқда. Тадбиркорнинг Президентимизга берган ваъдасини бажариш, пировардида, ҳудуддаги аҳолини иш билан таъминлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун елиб-югураётгани, барча саъй-ҳаракатлари бесамар кетмоқда.

Бағдод туманида фаолият кўрсатаётган “Боғбон”, “Ойгул, Дилроз, Шоҳзамон”, “Жамолиддин сайёд” боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида йиллар давомида машаққатлар билан барпо этилган боғларнинг сувсизлик оқибатида дарахтлари қуриб бораяпти. Фермер хўжаликлари раҳбарлари бир неча йилдан бери боғларини суғоришда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ушбу фермер хўжаликлари жами ер майдони 21.0 гектар бўлиб, бундан ташқари, улар билан чегарадош бўлган 3 та фермер хўжаликларида ҳам сув танқислиги муаммо бўлиб келмоқда. Фермерлар бирлашиб туман сув хўжалиги бўлимига бир неча бор мурожаат қилишган. Сув хўжалиги туман бўлими мутахассислари фермер хўжаликлари ерлари, қуриб қолган мевали дарахтларни расмга олиб, керакли ҳужжатлар тайёрлашган. “Фарғона сув қурилиш инвест” давлат унитар корхонаси 2019 йил Лойиҳа қидирув манзилли дастурига киритилиши режалаштирилган боғбон фермер хўжаликларига янги тик суғориш қудуғи қуриш лойиҳасини тақдим этган. Ҳудуддан сув қудуғи ўрнатиш учун жой белгиланганлиги тўғрисида ҳамда таклифни сув хўжалиги вилоят бошқармасига жўнатишган. Вилоят Сув хўжалиги бошқармаси томонидан мазкур лойиҳа дастурга киритилиши белгиланган бўлса-да, муаммо шу кунга қадар ўз ечимини топмай келмоқда.

Фарғона тумани Оқбилол МФЙ ҳудудида жойлашган 9 та фермер ҳўжалиги ҳам экинларни суғоришда сув танқислиги муаммоси мавжудлигидан азият чекмоқда. Фермерлар хўжалик ерларини томчилатиб суғориш учун ушбу ҳудудга 2 та тик сув қудуғи (скважен) қазиш ишларини амалга ошириш учун туман ҳокимлигидан ёрдам сўраган. Бунинг учун 900 миллион сўм маблағ зарур бўлган. Туман ҳокимлиги масъуллари сув чиқариб олишга техникалар мавжудлиги, лекин маҳаллий бюджетда етарли маблағ йўқлигини баён этишган. Натижада тик сув қудуғи қазиш масаласи ортга сурилиб, сувсизлик муаммолигича қолиб кетмоқда.

“Водий наслли қуёнлари” МЧЖ агрофирмаси бир неча йиллардан буён Қўштепа тумани Солижонобод МФЙ ҳудуди Мезон кўчасида жойлашган собиқ 35-мактабгача таълим муассасаси филиали биносида ижара шартномаси асосида фаолият юритади. Тадбиркор Н.Эминов 350 млн. сўмлик ўз маблағи ва “Агробанк” Қўштепа бўлимининг 600 млн. сўм кредити ҳисобидан Итальядан 830 бош наслли қуёнларни келтириб, агрофирма фаолиятини йўлга қўяди. Ўз навбатида, тадбиркор иншоотни агрофирмага мослаштириш ва таъмирлаш учун 1 млрд. маблағ сарфлайди. Эндиликда тадбиркор мазкур филиални туман ҳокимлиги балансига ўтказиб, “е-auksion” орқали электрон савдода сотиб олишни режалаштиради. Ушбу масалада бир неча марта туман мактабгача таълим бўлимига мурожаат қилади. Ниҳоят 2018 йил 8 январь кунги 6-сонли жавоб хати асосида туман мактабгача таълими бўлими мудираси И.Маҳмудованинг розилик хати олинади. Аммо хатда розилик берган мудира негадир филиал биносини туман ҳокимлиги балансига ўтказишни пайсалга солади. Натижада мудира тадбиркордан филиали биноси иншоотини бўшатаб қўйишини талаб қилади.

Бундан ташқари, O‘zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши вакиллари ва партия депутатлик гуруҳларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Бағдод тумани марказида жойлашган 17-умумтаълим мактаби, Учкўприк тумани Тожик МФЙ ҳудудида 46-умумтаълим мактаби, Қувасой шаҳар Қалача МФЙ ҳудудида жойлашган 17-умумтаълим мактабини қайта қуришга эҳтиёж мавжудлиги, Данғара тумани Қорамулла МФЙ Чувит қишлоғи ҳамда Ўзбекистон туманининг дашт ҳудудларидаги 15 дан ортиқ МФЙда яшовчи 40 мингга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва бошқа шу каби кўплаб муаммолар ўз ечимини кутаётганини аниқлайди. Кўрганингиздек, юқорида қайд этилган масалалар бир қараганда, туман миқёсида, нари борса вилоят миқёсида ҳал этилиши керак бўлган муаммолардир. Аммо мутасадди идораларнинг эътиборсизлиги, жойларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими тўғри ташкил этилмагани оқибатида ушбу масалалар республика миқёсигача кўтарилиб келган. Умид қиламизки, республикамиздаги тегишли вазирлик ва идоралар мазкур муаммоларга ечим топишнинг яна чўзилишига йўл қўймайдилар. Зеро, мутасаддиларнинг кичик эътибори ҳам олис тумандаги юзлаб аҳолининг хурсандчилигига сабаб бўлади.

  • Кўрилди
    1963
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-03-16 17:53:13

Тадбиркорлик ривожи учун тўсиқ бўлаётган муаммоларга ечим излаш, бу борада фаол ташаббускорлик ишларни амалга ошириш-партиямизнинг асосий электорати томонидан кенг қўллаб-қувватланишга олиб келади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+