O‘zLiDeP “Буюк аждодларимизга – эҳтиром” шиори остида саёҳат уюштирди

16.03.2019, 11:49

O‘zLiDeP “Буюк аждодларимизга – эҳтиром”  шиори остида саёҳат уюштирди

O‘zLiDeP Фарғона шаҳар Кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан “Буюк аждодларимизга – эҳтиром”  шиори остида саёҳат уюштирди.

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларнинг фарзандлари учун ташкил этилган саёҳатда 55 нафардан иборат ёш қизлар вилоятнинг тарихий шаҳарлари — Қўқон, Марғилон ҳамда Риштон туманига боришди.

Дастлаб Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги музейга ва ёзувчи-шоирлар боғи билан танишди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова фарғоналик ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, давлатимизни ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидоий инсонлар ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Қўқон шаҳрига ташриф эса “Худоёрхон” музейидан бошланди. Хонликлар давридан сўзловчи экспонатлар ёшларда катта таассурот уйғотди. Кейинги манзил, Қўқон шаҳридаги махсус саноат касб-ҳунар коллежи бўлди. Бу ерда ўтказилган учрашув, коллеж ўқувчиларининг байрам концерти саёҳат иштирокчиларини янада мамнун этди.

– Бугунги учрашувдан амин бўлдимки, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётган, аммо оғир ижтимоий вазиятларга тушиб қолган, жиноятчиликка мойиллиги бўлган оилалар фарзандлари эътибор ва меҳрга бошқалардан кўра кўпроқ эҳтиёж сезади, – дейди O‘zLiDeP Фарғона шаҳар Кенгаши раиси М.Хурсанова. – Ҳар қандай ниҳолнинг тўғри ўсиши учун яхши парвариш зарур бўлганидек, қизларимизнинг камолотида, эътибор, меҳр ва тўғри тарбия бериш катта аҳамиятга эга. Саёҳат доирасидаги учрашувларда қизларимизнинг шеърий чиқишлари, тўлқинланиб ўзаро фикр алмашишини кўриб, бундай учрашувлар, албатта, уларни ижобий томонга ўзгартиради, деган хулосага келдим.

Риштон туманидаги саёҳат уста кулол, Халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгаши депутати Расулжон Мирзааҳмедов уй-музейида давом этди.     Музей экспонатлари билан яқиндан танишув, кичик  “Мастер класс” орқали кулолчилик устахонасида кулол идишларининг яратилиши, буюмларга нақш бериш жараёнларининг амалда кўрсатиб берилгани иштирокчиларнинг касбий қизиқишларини оширди.

– Бугун Ижодкорлар боғида, Худоёрхон музейида, кулоллар уй-музейи ҳамда коллеждаги учрашувдан кейин ҳаётимни яхши мақсадлар билан тўлдиришим кераклигини, бунинг учун имкониятларим кўп эканини ҳис қилдим, – дейди саёҳат иштирокчиси Мадинахон Розиқова. – Келгусида Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни дилимга тугдим.

Бир кунлик саёҳат вилоятнинг уч манзилини забт этган бўлса-да, қизларга олам-олам маънавий озуқа улашди. Тадбир доирасида ташкилотчилар ва Фарғона шаҳар халқ таълими бўлими томонидан қизларга эсдалик совғалари, китоблар тақдим этилди.

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1519
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+