Андижонликлар анойи эмас

17.03.2019, 07:18

Андижонликлар анойи эмас

Водийнинг олтин тупроғида ҳикмат кўп. Хазина шу заминда. Оддий деҳқон ҳам ер билан тиллашиб, тадбиркорга айланмоқда. Томорқа – барака манбаи эканини бугун андижонликлар яхши биладилар.

Андижон шароитида аҳоли томорқаларидан бир йилда уч марта ҳосил олиш бўйича муайян тажриба тўпланган. Мана шу тажрибани оммалаштириш керак, холос.

Бугун бу борада қаловини топганлар бисёр. Томорқанинг фойдасини билганларнинг даромадлари эсни шоширади. Ҳа, андижонликлар анойи эмас...

Зироатчилик сирини билганларга балли!

Олтинкўлга йўлингиз тушса, Оқтумору Сафараобод маҳаллаларига бир кириб ўтинг. Ана томорқаю, мана томорқа! Бу ердаги аҳоли бекор ўтирганни ёқтирмайди: кафтдеккина ерига ҳам, катта томорқасига ҳам полизу сабзавот экинларини, гулу гиёҳларни экиб, даромад олиш пайида.

Оқтумор маҳалласининг Омонов кўчасида истиқомат қилувчи Гулсора Ўринбоева хонадонига назар ташлаймиз. Хонадоннинг 4 сотихдан иборат томорқаси қишин-­ёзин “дам олмайди” ҳисоб. Маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги бошланғич партия ташкилоти раиси Сарвар Расулов оиланинг томорқа кўникмаларини бошқаларга ибрат қилишдан чарчамайди. Эрта баҳорда экилган резаворлар ўрнини дарровгина помидору бодринг эгалласа, ерга совуқ тушиши билан плёнка остида турли кўкатлар экилади. Оила соҳибаси Гулсора опанинг уч нафар фарзанди ҳам аллақачон томорқа билимларини ўрганишган.

Сафаробод маҳалласидаги Содилбек Жўраев хонадонидаги томорқа ҳам мақтасак арзийди. 4 сотихли ернинг фойдаланилмаётганини кўрмайсиз сира. Томорқада парвариши тинмаётган булғор қалампири, картошка, карам, кўкатлар ва боғдорчилик маҳсулотлари оиланинг асосий даромад манбаига айланган.

Асакадаги томорқалар ҳам кўзни қувнатади. “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасидаги ўрганишлар давомида хонадонлардаги томорқалар аҳволи жиддий ўрганилди. Томорқа ҳадисини олганлар намуна сифатида кўрсатилди. Улардан бири Хайрулло Жўраев хонадони бўлди. “Марқаюз” маҳалласининг Соҳил бўйи кўчасида яшовчи фуқаронинг 12 сотихли томорқасида парвариш­лаётган помидор ва булғор қалампири кўчатлари нафақат маҳалладошларини, балки туман бозорини ҳам ниҳоллар билан таъминламоқда.

– Ҳафтада 2 марта хонадонларда бўлиб томорқалар фаолиятига яқиндан кўмак беришга ҳаракат қиламиз, – дейди Асака туманидаги “Уз Донг Вон Ко” қўшма корхонаси қошидаги БПТ раиси Шоирахон Толипова. – Очиғини айтиш керак, айни кунга қадар ўрганиш ишлари давомида ўз еридан самарали фойдаланишни билмаётган фуқароларимизга ҳам дуч келдик. Улар орасида олиб борган тушунтириш-тарғибот тадбирларимиз кўзланган натижани берди. Туманимиздаги илғор деҳқонлар, ер эгалари томонидан тақдим этилган кўчатлар бугун ана шундай бўш турган ер майдонлари томорқалар учун айни муддао бўлмоқда.

“Аёллар қаноти” энг яқин кўмакдош

Яна бир муҳим тадбирга эътибор қаратсак. O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” Дастури доирасида Асака тумани “Отиш” маҳалласида яшовчи Азизахон Собирова хонадонида “Намунали томорқачи” мавзуида очиқ мулоқот ўтказилди. Дастлаб партия фаоллари иссиқхона фаолияти билан танишди,  ишчилар билан мулоқот қилди. Аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлашди.

– 2012 йилда атиги 2 та иссиқхона билан фаолиятимизни бошлаган эдик. Аввалига фарзандларимизни ёнимизга олдик. Фаолиятимизни кенгайтиргач, маҳалладаги ишсиз ёшларни, хотин-қизларни жалб қилдик. Ҳозир 20 сотихлик майдонда 7 та иссиқхона барпо этганмиз. Ҳозир асосан помидор, бодринг, сабзавот ва кўкат етиштиряпмиз, – дейди А.Собирова.

Томорқада тер тўкаётганларни гапга соламиз.

– Уй бекасиман, ҳеч қаерда ишламайман, – дейди Фотимахон Жўраева. – Шу боис, Азизахон опанинг таклифига рози бўлиб келдим. Кунлик олаётган маошим оиламиз, фарзандларимиз учун сарф қилинаётганидан хурсандман.

Қайси бир туманга бормайлик, томорқа маданияти йилдан-йилга юксалиб, оилалар даромади ошаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.

Боқимандалик балосидан қачон қутуламиз?

Булоқбоши тумани Учтепа маҳалласидаги А. Абдуқодиров хонадони ёғ тушса ялагудек. 12 сотихдан иборат томорқанинг 5 сотихида кўчатлар парвариши авжида. Аммо... қолган ер майдони бўм-бўш. Хонадон эгаси елка қисади: “Нима экишга ҳайронман?” Қизиқ, одам ҳам ўз ерига шунча бефарқ бўладими? Нима экишга ҳайрон турган фуқарога O‘zLiDeP Булоқбоши туман Кенгаши томонидан маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги таянч бўғин бириктирилди. Иш бошланиб кетди. Каттагина ер майдонида дарҳол чопиқ ишлари амалга оширилиб, ҳатто помидор ва бодринг ниҳоллари ҳам экиш учун шайланди. Мана, ташаббус! Шуни кутиб турган хонадон эгаси ҳам хурсанд.

Хўжаободлик Мунира Эргашева хонадонида ҳам айни ҳолат ҳукмрон. 12 сотихли томорқанинг 6 сотихида турли резаворлар барқ уриб ётибди. Афсусланарлиси, томорқанинг 4 сотих еридаги иссиқхона таъмирга муҳтож. Шу сабабли фойдаланишга яроқсиз. Оиланинг моддий таъминоти таъмирни “кўтармайди”. Мана, сабаб! Яна партиянинг юқоридаги лойиҳаси доирасида амалий кўмак берилди. Иссиқхона таъмирланди, унга бодринг ва помидор кўчатлари экилди. Бўш қолган ер майдони эса турфа гуллар парвариши учун тайёрланди.

Бўз тумани Ғолиб маҳалласида яшовчи Моҳидил Маъруфжонова хонадонидаги 10 сотих томорқанинг 6 сотихидан самарали фойдаланилмоқда. Бироқ қолган майдоннинг қаровсизлиги кўнгилни хира қилади. Ер ҳатто чопиқ ҳам қилинмаган. Ваҳоланки, ер тайёрлаш ишлари одатда кўклам келишидан аввалроқ бошланади. Арзимаган баҳоналарга ўзини ишонтираётган томорқа эгасига керакли ёрдамлар кўрсатилди. Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши қошидаги бош­ланғич партия ташкилоти кўмагида бир гуруҳ партия­дошлар хонадоннинг бўш турган экин майдонида чопиқ ишларини амалга оширдилар. Мевали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилиб, мавжуд дарахтлар оқланди.

Хўш, аслида одамларимиз учун албатта шундай турткилар шартми? Кимдир келиб эшигингизни таққиллатиб, муаммоингизни сўраши баробарида шахсий томорқангизни ҳам “гуллатиб” беришидан уялмаяпсизми ёки мудраб ётган виждонингиз уйғонмаяптими? Албатта, бу “аччиқ данак” барча учун эмас. Айрим боқимандалик балосидан қутулолмаётганлар учун, холос. Ҳар кимнинг хулосаси ўзи билан...

Аслида сидқидилдан тер тўкиб, астойдил ишлашга нима етсин? Ахир бунинг ортида томорқа еридан мўмай даромад борлиги яхши маълум. Бугун аҳоли томорқаларидан унумли ва самарали фойдаланиш замон талаби. Президентимиз таъкидлаган Андижон томорқа мактабида ишнинг кўзини билган, кафтдек ердан катта даромад олаётган хонадонларнинг яшаш тарзи ҳам, ҳаётга муносабати ҳам ўзгача. Қад ростлаётган муҳташам уйлар, обод йўллар, кўчаларни тўлдириб юрган ўзбек автомобиллари, замонавий иншоотлар ҳамма-ҳаммаси ҳалол меҳнат туфайли эмасми?

Зилола РАҲМОНОВА,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1475
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+