O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаоллари парламент қуйи палатаси фаолияти билан танишди

20.03.2019, 10:03

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаоллари парламент қуйи палатаси фаолияти билан танишди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда партия “Ёшлар қаноти” фаоллари билан учрашув ташкил этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш, ўтган давр мобайнида партия тузилмалари томонидан жойларда ёшлар орасида амалга оширилаётган ишларни яна бир бор танқидий таҳлил қилган ҳолда, бугунги кун талабаларига жавоб берувчи янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, ёшларни қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши жараёнлари билан яқиндан таништиришдан иборат.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ёшлар билан ишлаш бўлим мудири Ғ.Турғунов ва бошқалар мамлакатимизда навқирон авлоднинг сиёсий-ҳуқуқий мaдaниятини ривожлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ташаббускорлик ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш, мустақил фикрлаш ва нутқ маданиятини ўстиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Партия томонидан ёшларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, давлат ва жамият ишларида ёшларнинг фаоллигини кучайтириш, сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этиб келинаётгани қайд этилди.  

Шунингдек, партия “Ёшлар қаноти” бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, республикада амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ёшларни кенг жалб этиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.

O‘zLiDeP фракцияси аъзоларининг айтишича, ўғил-қизларнинг сиёсий фаолликларини ошириш учун Қонун муҳокамалари жараёнларига ёшларни ҳам кенг жалб этиш, уларни ёшларга оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар шарҳи билан мунтазам равишда таништириб бориш керак. Парламент қуйи палатасида тузилган Ёшлар масалалари бўйича комиссия эса ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар парламент вакиллари билан самарали мулоқот ҳамда тажриба алмашишда фаол қатнашмоқда.  

Тадбирда шунингдек, Президентимиз томонидан имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ва “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармоннинг ижросини самарали таъминлаш барчадан, аввало O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”дан ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишни, тадбирлар ўтказиш билан чекланмай, амалий ишларга ўтишни талаб қилаётгани таъкидланди.     

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” олдидаги устувор вазифаларга бағишланган семинарда масаланинг шу ва бошқа жиҳатлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, унинг тузилмалари, депутатлик бирлашмалари ва депутатлар фаолияти билан яқиндан танишди.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+