“Помидор гул кўрсатгунча, бодринг пул кўрсатади”

20.03.2019, 20:22

“Помидор гул  кўрсатгунча,  бодринг пул  кўрсатади”

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши аёллар билан ишлаш бўлими Кармана туманидаги “Пахтобод” маҳалласида яшовчи Райҳон Саидова хонадонида “Томорқа – даромад манбаи” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди.

Партия фаоллари, тажрибали томорқачилар, маҳалладаги хотин-қизлар иштирок этган тадбирда Р.Саидова ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга фаолияти давомида орттирган билим ва амалий тажрибаларини ўртоқлашди.

“Қарийб 21 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман. Дастлаб ўғлимнинг суннат тўйига тушган сарполарни сотиб, иссиқхона барпо этган эдик. Аввалига фақат помидор экдик. Фойда кўрмадим десам нотўғри бўлар, лекин 10 йиллик фойдани бодринг етиштириб бир йилда топдим. Ҳозир томорқадан йилига тўрт маротаба фойдаланяпмиз. Даромадимиз яхши, йилига бодрингдан 45 млн. сўм фойда оляпмиз”, – дейди тадбиркор.

Дарвоқе, тадбиркор бугун паррандачилик билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Шу боис, маҳалладагилар уни “ишбилармон опа” дейишади. Тадбиркор бу номга ҳовлисида товуқ боқиб, яхши даромад олаётгани сабабли сазовор бўлган. 

“...Ўша куни уйда ун тугаган экан. Дарҳол бир бош товуқни олиб бозорга чиқдим. Товуқни сотиб, пулига бир қоп ун олиб келдим. Энди қуёнчилик билан ҳам шуғулланмоқчиман. Иссиқхонани ўз маблағимиз эвазига ташкил этганмиз. Кредит ҳам, қарз ҳам кўтарганимиз йўқ. Қўни-қўшниларимизни ҳам томорқадан унумли фойдаланишга ўргатяпмиз. Маҳалламизда ҳеч ким ерини қаровсиз қолдирмайди”, – дейди  Р.Саидова.

Маълумот учун, Р.Саидова яқинда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тиниб-тинчимас тадбиркор энди чорвачиликни бошламоқчи. Мақсади маҳалладаги ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш.

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши  

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    2551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+