Қўрғонтепада бўш турган томорқа борми?

23.03.2019, 12:40

Қўрғонтепада бўш турган томорқа борми?

Томорқа – том ортидаги барака дегани. Мана шу баракани бугун қўшқўллаб топаётганларга ҳавасингиз келади. Давлатимиз раҳбарининг томорқанинг даромад манбаи эканлигини таъкидлашларида ҳам ҳикмат кўп. Бунинг исботини бугун хонадонлардаги томорқалардан унумли фойдаланаётганлар мисолида кўриб турибмиз. Қўрғонтепа туманининг З.М.Бобур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги томорқалар кўзни қувнатади. Қай хонадонга кирманг, кафтдеккина ердан ҳам даромад олаётганларга гувоҳ бўласиз. Маҳалла раиси Акмалжон Нурматов, мутахасисси Моҳидилхон Ҳайдарова аҳоли билан доимий мулоқотда. Муҳими, мазкур сайлов округидан халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутатлигига сайланган Муҳаббатхон Юлдашева ўз сайловчиларига елкадош. Ҳудуд хонадонларининг томорқалари фаолиятини ўрганиш ишлари ҳам мана шу фидойилар билан олиб борилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими ҳамда “Аёллар қаноти” ҳамкорликда туманнинг айни маҳалласидаги “Томорқа – очил дастурхон” амалий семинарида дастлаб Шавкатбек Жумабоев хонадонидаги томорқа фаолияти кўздан кечирилди. Фуқаронинг 6 сотихдан иборат шахсий томорқасининг 4 сотихидаги иссиқхонада турфа гуллар парваришланаётган бўлса, 2 сотих майдонга қурилган иссиқхонада лимонария ташкил этилган.

- Фаолиятимизни бошлаганимизга 10 йил бўлди, - дейди Ш. Жумабоев. – Олаётган даромадимиз ортидан уй-жойларимизни янгидан қурдик, ота-онамни Ҳаж зиёратига юбордик. Томорқамизда дастлаб ўз оила аъзоларимиз билан меҳнат қилган бўлсак, бугунга келиб маҳалламиздаги 6 нафар уй бекаларининг бандлигини таъминладик. Режаларимиз кўп, фаолиятимизни янада кенгайтириб, ички бозорнигина эмас, ташқи бозорни ҳам гулларимиз ва цитрус мевалар билан таъминлаш истагидамиз.

Ер эгасининг ғурурланганича бор: унинг томорқачиликдаги иш унуми, самараси Қўрғонтепа туман ҳокими назарига тушдию, унниг режаларига қанот берилди. Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган бўш турган 20 сотихли ер майдони Шавкатбекка гулчиликни ривожлантириш учун ажратилди. Майдоннинг 4 сотих ерида аллақачон замонавий иссқихона қад кўтарган. Унда туманнинг ободонлаштирилиши учун парваришланаётган турли гул ниҳоллари дилни яшнатади. Голландия давлатидан келтирилган манзарали гул кўчатлари эртагаёқ туманни гуллар марказига айлантириши шубҳасиз.

-Айни кунда тадбиркорнинг имтиёзли кредит олиш таклифи бўйича ҳужжатларни тайёрладик, - дейди мазкур округ депутати Муҳаббатхон Юлдашева. – Ушбу кредит маблағи ажратилган ер майдонининг қолган жойига иссиқхона қуриш ишига сарфланади.

Маҳалладаги Лолахон Раҳматуллаева хонадонидаги томорқа ҳам эътиборни тортди. Атиги бир сотих томорқада қад ростлаган иссиқхонада лимон ва мандарин етиштириляпти. Ушбу цитрус меваларнинг кўчатлари ҳам рисоладагидек парваришланяпти. 20 йилдан зиёд вақт давомида хонадон эгаларининг бу борадаги тажрибалари анчагина ортди. Ҳар йили баҳорнинг илк ойида қўшни қирғизистонлик харидорлар1500-2000 та лимон ва мандарин ниҳолларини олиб кетадилар. Мана, даромаднинг ўзи томорқачини излаб келаётгани исботи!

-Фаолиятни бошлашда, очиғи, бошида иккиланганмиз, - дейди хонадон соҳибаси Лолахон Раҳматуллаева. – Бироқ таваккал иш бошладик. Аста-секин даромад кира бошлагач, ўзимиз ҳам жуда қизиқиб қолдик. Ўғлим, келиним билан бўш қолдик дегунча иссиқхона меҳнатига кирамиз. Олаётган ҳосилимиз харидоргир, кўчатларимиз сара навли.

Оила соҳибасининг сўзлари исботини иссиқхонада кўрдик. Барқ уриб пишган лимон ва мандарин ҳосилини кўриб, гўзаллигидан мевани узишга кўз қиймайди.

Бу томорқачилар фаолияти намунага арзийди. Очиғи, ушбу хонадонлардан чиқиб, кайфият кўтарилди, руҳ енгил тин олганини ҳис қилдик. Ойнанинг иккинчи томонига боқиш бироз оғриқли бўлсада, самарали фойдаланилмаётган томорқаларга кўз ташлашга ҳаракат қилдик.

Маҳалладаги А. Саттаров хонадонидаги 8 сотих томорқа чиройли чопиқ қилинган. Ҳатто 4 сотих ерга картошка ва резаворлар уруғлари қадалган. Аммо... уруғ қадалганига анчагина фурсат бўлганига қарамай, қолган ер майдони бўш! Хонадон эгаси бу масалани айни кунда помидор ва бодринг кўчатлари харидига имконияти етмаётганини очиқ айтди. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ҳамда депутатлар ҳамкорлигида ўтказилган амалий семинарда эзгу ишга қўл урилди. Фуқарога помидор ва бодринг кўчатлари тақдим этилиб, экишга кўмаклашилди.

Яна бир фуқаро Валишер Умурзақовнинг янги хонадонга кўчиб ўтганига кўп бўлмаган.  8 сотихдан иборат томорқаси бўм-бўш! Хонадон эгаси лимонария қилиш истагини билдирди. Унинг мурожаати халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Муҳаббатхон Юлдашева томонидан қаноатлантирилди.

Маҳалладаги яна бир нечта кам таъминланган оилаларда ҳам  ҳам ушбу хайрли тадбир давом этди.

Хурриятхон Абдурасулова,

O’zLiDeP Қўрғонтепа туман Кенгаши

 аппарат раҳбари

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    1427
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+