O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” Хўжайлида тажрибали томорқачилар иштирокида мастер-класс ўтказди

23.03.2019, 01:43

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” Хўжайлида тажрибали томорқачилар иштирокида мастер-класс ўтказди

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аёллар билан ишлаш бўлими Хўжайли туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида “Томорқа – даромад манбаи” мавзусида маҳалладаги ўз томорқа ерларидан самарали фойдаланиб келаётган хонадон эгалари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Унда партиянинг туман кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP  депутатлик гуруҳи аъзолари ва Қорақалпоғистон Республикаси деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши туман бўлими ходимлари иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар хонадон эгалари билан мулоқот қилишди ва иссиқхона фаолияти билан танишди.

Қолаверса, хонадон эгалари билан юзма-юз мулоқот жараёнида томорқа ерлардан унумли фойдаланиш ва иссиқхоналарни янада кўпайтириш бўйича зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Маҳалла аҳлининг фикрича, кўпчилик хонадон эгалари ўз томорқа ерларидан оиласига ҳам даромад киритиб, яхши фаровон турмуш кечираётган фуқароларимиз кўпчиликни ташкил этади.

- 2002 йили нафақага чиқдим, - деди “Наврўз” МФЙ аҳолиси Ш.Оразбаева.  - 17 йилдан буён томорқа билан шуғулланиб келамиз. Ўтган йили “Агробанк” туман филиалидан 17 млн сўм кредит олиб, иссиқхона ташкил этдик. Иссиқхонада асосан гулларни парвариш қиламиз.

Бугунги кунда иссиқхонамизда гулларнинг 40 га яқин турлари мавжуд. Гулчилик билан шуғулланиш орқасида рўзғоримиз тўкин,  яхши  даромад топаяпмиз.

Энди партиянинг ва тегишли ҳамкор ташкилотлар кўмагида ёнимиздаги мактаб қошидаги бўш турган ерларга банкдан яна кредит олиб, иссиқхонада гулларни кўпайтириш ниятидаман, -  деди Шукиржон опа ўз сўзида.

Ушбу маҳалла турғуни Уктам ака Назаров ҳам 5 йилдан буён уй олдидаги 0,4 сотих ерида деҳқончилик билан шуғулланиб келмоқда. Асосан мевали дарахтлар, рўза гулларни экдик. Мевали дарахтларнинг таги бўш қолмасин деб 2-3 минг дона забор теракларни ҳам экканмиз.

Ҳар йили ушбу кичкина томорқадан  4-5 млн сўм  атрофида даромад олаяпмиз. Ёнимиздаги 1-сонли поликлиника қошидаги бўш турган ерни томорқа учун сўраб тегишли ташкилотларга ариза билан мурожаат қилган эдим.

Туман ҳокимилиги қарор чиқариб берса, ушбу томорқа ердан йилига 15-20 млн даромад олишни режалаштиряпмиз. Ушбу 5 сотих ерга иссиқхона ташкил қилиб, 20 туп мевали дарахтлар, помидор, бодринг, қалампир ва 4 минг дона забор теракларни ҳам экишни мақсад қилганмиз.

Умуман олганда ишлаган одам кам бўлмайди, ҳаракат қилиш керак, - деди Уктам ака ўз сўзида.     

Маҳалла аҳли билан мулоқот жараёнида уйда ўтирган ишсиз хотин-қизлар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун ҳам партия электорати бўлган тадбиркорлар кўмагида мевали дарахтлар, полиз экинлари учун кўчатлар тақдим қилинди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1401
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+