Каттақўрғонда “Томорқа - даромад манбаи” мавзуида маҳорат дарси ўтказилди

23.03.2019, 08:45

Каттақўрғонда “Томорқа - даромад манбаи” мавзуида маҳорат дарси ўтказилди

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши “Аёллар Қаноти” томонидан Каттақўрғон туманидаги “Каттакўрпа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мавлуда Жамолова хонадонида “Томорқа - даромад манбаи” мавзуида маҳорат дарси ташкиллаштирилди.

Мавлуда Жамолова 65 ёшда. Унинг айтишича, деҳқончилик сир асрорларини ота-онасидан ўрганган.

- Эсимни таниганимдан буён деҳқончилик билан шуғуланаман. Ерга меҳр берилса, ер инсонни боқади. Ёлғиз она сифатида фарзандларимни катта қилдим. Уларни уй-жой билан таъминладим. Бирор маротаба маҳаллага “менга моддий ёрдам керак” деб чиқмаганман. Томорқамизга бодринг, помидор, кўкатлар етиштириб рўзғоримни бутлаб келганман. Йилига 30 миллионгача даромад кўрган пайтларимиз бўлган.

Мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилаётган шарт –шароитлардан фойдаланиб, Мавлуда опа фарзандалари билан 12 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилиб, помидор кўчатларини экди. У  иссихонадан 50 млн даромад кўришни мўлжаллаяпти. Мавлуда опа хонадонига ташриф буюрган аёлларга помидорни парваришлаш технологиялари, уни вақтида суғориш, ўғитлаш борасида тажрибалари ҳақида гапириб берди.

- Маҳалламизда бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланадиган асл деҳқонлар яшайди, - дейди “Каттакўрпа” МФЙ маслаҳатчиси Лола Жўраева – аҳолимиз барчасининг тадбиркор бўлишига оқсоқолларимизнинг ҳиссаси катта. Чунки худудда азал-азалдан нуронийлардан тузилган гуруҳ ҳар бир хонадонга кириб томорқасидан унумли фойдаланмаган хонадон эгаларига дакки бериб келган. Шунинг ҳисобига ҳамма томорқачи. Бу анъана ҳозир ҳам мавжуд. “Суюнчи” филъмини кўрсам қишлоғимиз нуронийларини кўргандай бўламан. Чунки маҳалламизда Анзират буви ва Тошмат амакига ўхшаган фидоийлар жуда кўп.

Мавлуда Жамоловага томорқачиликни ривожлантиришдаги фаоллиги учун O‘zLiDeP Каттақўрғон туман Кенгашининг фахрий ёрлиги топширилди.

Бахтигул Қаршиева

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1024
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+