Интернетдан самарали фойдаланишнинг замонавий механизмлари

28.03.2019, 17:25

Интернетдан самарали фойдаланишнинг замонавий механизмлари

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси ҳамда партия Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамкорлигида Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалида ўтказилган тадбир ана шундай номланди.  

Тадбирда бугун интернет тармоғи энг оммабоп ва тезкор ахборот тарқатиш воситасига айланиб улгургани, ҳозирда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этишини инобатга олган ҳолда, уларни интернетдан тўғри мақсадда фойдаланишга ўргатишда партия “Ёшлар қаноти” томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

“Интернет фойдали ахборот олиш ва дўстлар билан мулоқот қилиш имконини берадиган манбадир. Аммо интернет тармоғидаги экстремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи турли оқимлар таъсирига тушиб қолаётганларнинг аксарияти ҳали оқ-қорани ажрата олмайдиган, ҳуқуқий билими етарли бўлмаган, дунёқараши шаклланмаган ёшлар экани ачинарлидир. Демак, ҳаётга теран нигоҳ билан қарайдиган, маънан баркамол авлодни тарбиялашда ёшларга интернет тармоғидан тўғри фойдаланиш борасидаги тушунтириш-тарғибот тадбирларини янада кучайтириш керак”, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Ҳудоёрова. 

Тадбирда ёшларда интернет маданиятини шакллантириш борасида партия вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан олиб борилаётган ишлар таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди. Интернет тармоғидаги бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан юз берган аянчли воқеалар ҳақида аниқ мисоллар келтирилди. 

Тадбир сўнгида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари ва қийнаётган муаммоларига депутат томонидан батафсил жавоб олдилар.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати  

  • Кўрилди
    5421
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Носирова Шоира Кармана Туман Кенгаши депутати2019-03-30 00:29:38

Хақиқатдан биз барчамиз ҳаётга теран нигоҳ билан қарайдиган, маънан баркамол авлодни тарбиялашда ёшларга интернет тармоғидан тўғри фойдаланиш борасидаги тушунтириш-тарғибот тадбирларини янада кучайтиришимиз керак. Бугунги кунда интернетнинг ижобий томонлари билан бирга салбий томонлари ҳам кўп. Шунинг учун ёшларимизга нисбатан талабчан бўлишимиз зарур.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+