Молхонанинг том қисмида иссиқхона ташкил этиш мумкинми?

28.03.2019, 17:43

Молхонанинг том қисмида иссиқхона ташкил этиш мумкинми?

бу борада бешариқликлар яхши тажриба тўплаган

Бугун Президентимиз қай бир вилоятга ташриф буюрмасин, аввало, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпти. Ердан самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ таклифлар, тавсиялар бермоқда. Мақсад битта, ҳар қарич ер бўш турмасин, у халқимиз учун муҳим даромад манбаига айлансин.

Шундан келиб чиқиб, O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотлари ҳам аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, фуқароларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда партия Фарғона вилоят Кенгаши вакиллари алоҳида жонбозлик кўрсатаётир.

Масалан, айни пайтда Қувасой шаҳрида аҳоли хонадонларининг томорқа майдонлари 889 гектарни ташкил этади. 2018 йилда 302 хонадоннинг 8,5 гектар майдонида иссиқхоналар барпо этилган.  

Пакана маҳалласининг “Нурли йўл” кўчаси 130-уйда яшовчи Тўлқинжон Максимов ҳам шахсий томорқаси орқали даромад топиб, эл дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшаётган юртдошларимиздан. У хонадонининг 5,5 сотих майдонида 2 та иссиқхона ташкил этган.

“Аслида бозордан гўшт сотиб олишимизга ҳам унчалик эҳтиёж йўқ. Товуқ, кўрка боқамиз. Балиқ ҳовузимиз бор. Оиламиз эҳтиёжидан ортиқча балиқни бозорда сотамиз. Шу меҳнатнинг ортидан уйлар қурдик, машина олдик. Оиламизнинг баракаси, ризқи шундан”, – дейди тадбиркор.

Бешариқ тумани “Рапқон” МФЙда яшовчи Дилмурод Абдусалиев ҳам деҳқончиликнинг ҳадисини олганлардан. Тадбиркор иссиқхонада помидор, бодринг, цитрус мевалар етиштиради. Эътиборлиси, у молхонанинг том қисмида турли кўчатлар етиштириб, яхшигина фойда ҳам оляпти.

“Молхонанинг том қисми эрта баҳорданоқ қишга заҳира қилинган   хашаклардан бўшайди. Кеч кузга қадар бўш ётишига қараб тура олмадим. Уй шароитидан келиб чиқиб, енгил вазнли иссиқхона ташкил этамиз. Ҳозир томда алоҳида қоғоз ва целлофан идишларда 3 минг тупдан ортиқ помидор кўчатлари ва  Россия давлатидан олиб келинган тўрт фаслда ҳам мева берадиган қулупнайнинг “Роментальный” навини кўпайтиряпмиз. Ҳар йили биргина лимон етиштириш орқали 30 млн. сўм даромад оламиз. 10 турдаги хонаки гуллар, кўкат етиштиришни ҳам канда қилмаймиз. Лимон кўчатлари остида булғор қалампири, тарвуз кўчатлари етиштирамиз”, – дейди Д.Абдусалиев.

Дарвоқе, тадбиркор хонадонида балиқ боқиш учун ҳовуз ҳам ташкил қилган. Ем-озуқалар билан минерал ўғитларга бойиган ҳовуз суви эса иссиқхоналарга йўналтирилади.

Тошлоқ тумани аҳолиси ҳам ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш борасида кўпчиликка ўрнак бўлмоқда. Айниқса, 3 минг 800 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган “Чек” МФЙ аҳолиси жуда меҳнаткаш. Шу боис, тошлоқликлар томорқадан ҳар йили мўл ҳосил олади. Ҳосилдан нафақат рўзғор эҳтиёжи қопланади, балки ундан орттириб бозорга сотилган қисмидан оилага яхшигина даромад ҳам келади.

Ҳавас кўчаси, 169-уйда истиқомат қилувчи Фозилжон Режабов мўъжазгина иссиқхонасида турли кўкатлар парваришлаётир. Эътиборли жиҳати, айни пайтда кўкатлар тайёр ҳолатга келиб, харидорларга етказиб бериш бошланди.

“Ўтган йили оила аъзоларимиз билан биргаликда редиска ва саримсоқпиёз етиштириб, 9 млн. сўм даромад олган эдик. Лекин маҳалламиздаги барча оилалар ҳам томорқадан самарали фойдаланишни яхши билишмайди”, – дейди Ф.Режабов.

Томорқасини ўт-ўлан босган ана шундай хонадон эгалари ҳақида маҳалла раисидан сўрадик.

Маҳалла раиси Малоҳат Боймирзаеванинг айтишича, томорқалари бўм-бўш ётган айрим оилаларнинг бири кам таъминланган, иккинчиси эса боқувчисини йўқотган. Айрим фуқаролар иссиқхонадан йилига 15-18 млн. сўм даромад олсалар, бошқа оилалар ерни қаровсиз ташлаб хорижга кетишган.

“Шу кунларда туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари хонадонма-хонадон, уйма-уй юриб, аҳолини тадбиркорликка жалб этяпти. Бу жараёнда ҳудуддаги бирорта оила томорқаси бўш қолмаслиги кўзда тутилиб, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга ҳомийлар бириктириляпти. Бундай хайрли ишларда албатта, маҳалла фаоллари ҳам ўз улушини қўшаётир”, – дейди М.Боймирзаева.

Бугун вилоятда томорқа хўжаликларининг ривожланиши одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш баробарида аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, партия томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларидан кенгроқ фойдалансак, нафақат ўзимизни, балки  одамларни ҳам бой қиламиз.     

Н.ЭЛЧИЕВА,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши аппарат раҳбари

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    3116
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Баходир2019-04-09 07:05:15

Ропқонлик Дилмирод Абдусалиевни отасига рахмат, албатта бу иши билан йиллар давомида томоркасига хеч нарса экмайдиган хамюртларимиз эшитса қамчиланади. Дилмирод акани тажрибасини оммавийлаштиришимиз керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+