O‘zLiDeP вакиллари Шаҳрисабз ва Косонда тажрибали томорқачилар иштирокида мастер-класс ўтказди

28.03.2019, 10:51

O‘zLiDeP вакиллари Шаҳрисабз ва Косонда тажрибали томорқачилар иштирокида мастер-класс ўтказди

Бугун мамлакатимизда аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқиши янада кучайди. Боиси сўнгги пайтларда ўз бизнесини бошлаш истагида юрган фуқаролар ташаббуси ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ишбилармонларга қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилмоқда.

Айтиш жоиз, бу борада O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотлари томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, партия ходимлари хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мавжуд имконият ва шарт-шароитларини атрофлича ўрганяпти. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида юрган фуқароларга бизнесини бошлашга кўмаклашяпти, зарур маслаҳатлар беряпти.

Бу борадаги кенг қамровли ишларни Қашқадарё вилоятида ҳам кўриш мумкин. Нега десангиз, шу кунларда партия вилоят Кенгаши ходимлари БПТ раислари билан биргаликда чекка-чекка ҳудудларга тушиб, ишсиз ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чораларини кўраётир.

 Шу мақсадда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ва Шаҳрисабз туман Кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари “Говушмон” кўчасида яшовчи Шохиста Меликова хонадонида бўлиб, маҳалладаги ишсиз хотин-қизлар учун мастер-класс ташкил этди.

Дастлаб иштирокчилар хонадондаги иссиқхона фаолияти билан танишди, у ерда етиштиралаётган маҳсулотларни кўздан кечирди. Хонадон соҳибаси Ш.Меликова эса тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлганларга  иссиқхона ташкил этиш тартиб-қоидалари, кўчат ўтказиш, уни парваришлаш, олинадиган даромадлар тўғрисида батафсил тушунчалар бериб ўтди.

 Тадбиркорнинг айтишича, томорқанинг 5 сотих майдонида 2 иссиқхона мавжуд. Уларнинг бири 2004 йилда қурилган ва  иссиқхонада 32 туп лимон кўчатлари экилган. Аввалига лимондан 70-80 кг ҳосил олинган бўлса, ҳозирга келиб 1,5-2 тоннагача лимон ҳосил олинмоқда.

“Лимон дарахти бир йилда икки маротаба гуллайди. Шу боис, ҳар гуллаган пайтда гулини тўкиб юбормаслиги учун ва зараркунанда ҳашоратларга қарши икки-уч маротаба дорилаймиз. 2018 йилда лимондан 1 тонна 850 кг ҳосил олиб, 12 млн. сўм миқдорида даромад олганмиз. Иккинчи иссиқхона 2013 йилда қурилган бўлиб, унда помидор, бодринг  етиштиряпмиз”, – дейди тадбиркор.

Хўш, бугун вилоятда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай самара беряпти? Ўтган давр мобайнида партия томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида қанча фуқаро ўз бизнесини бошлади?

“Бугун партиямиз халқ фаровонлигини ошириш, ишбилармонлар сафини кенгайтиришга астойдил киришган. Бир ойдирки, партиямиз ходимлари шаҳар ва қишлоқларда аҳоли хонадонларида бўлиб, мулоқот қилиш асносида уларнинг тадбиркорликка қизиқишини ўрганмоқда. Аҳолини  тадбиркорликка жалб этиш мақсадида турли ўқувлар, мастер-класслар ташкил этмоқда. Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида вилоятимизда икки юзга яқин оилалар ўз бизнесини йўлга қўйишди. Лекин бу етарли эмас. Шу боис, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш бундан кейин ҳам O‘zLiDeP фаолиятидаги энг асосий вазифа бўлиб қолаверади”, – дейди партия вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Орзиқул Шеров.

Косонлик тадбиркорлар томорқадан қандай фойдаланяти?

Косон тумани “Қуйбоғ” МФЙда яшовчи Мехринисо Файзиева анча йиллардан буён томорқадан самарали фойдаланиб келади. Ўз томорқасида мўъжазгина иссиқхона бунёд қилган тадбиркор бугун бодринг, лимон, кўкатлар етиштириб яхши даромад олиб келяпти. 

Партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари М.Файзиева хонадонида бўлиб, иссиқхона фаолияти билан яқиндан танишди. Иссиқхонани кенгайтириш, бошқа хонадонларда ҳам шундай иссиқхоналар ташкил этиш кераклигини таъкидлашди.

“Дастлаб фаолиятимизни O‘zLiDeP кўмагида бошлаганмиз. Уларнинг маслаҳатлари, тавсиялари билан томорқада иссиқхона ташкил этиб адашмадик. Чунки шу иссиқхона ортидан рўзғор тебратяпмиз, уйларни замонавий кўринишда таъмирлаяпмиз, тўй қиляпмиз. Эътиборлиси, иссиқхонада 5 нафар ёшни иш билан таъминлаганмиз. 2018 йилда 15 млн. сўмлик даромад олган эдик. Жорий йилда 20 млн. сўм фойда олишни режалаштиряпмиз”,  –  дейди М.Файзиева.

Косон тумани Жиззалик МФЙда яшовчи Бекмурод Бобоев ҳам ўз томорқасида бодринг, лимон,  кўкатлар етиштириб иссиқхонадан самарали фойдаланиб келяпти. Асосийси, иссиқхонада 4 нафар ёш доимий иш билан банд.

Маълум бўлишича, тадбиркор ўтган йили иссиқхонадан 10 млн. сўм миқдорида даромад олган. Жорий йилда эса 15 млн. сўм фойда олишни мақсад қилган. 

Ҳудуддаги “Лойқасой” МФЙ, “Олтинтепа” МФЙда яшовчи фуқаролар ҳам деҳқончиликнинг ҳадисини олган.

Масалан, шу ҳудудда яшовчи Т.Шойқулов 4 сотих майдонга бодом эккан. Қолаверса, ўз томорқасида картошка, помидор, бодринг, турли кўкатлар етиштиряпти.

“Асл касбим ўқитувчи. Лекин фарзандларим билан бўш вақтларимизда боғда турли дала маҳсулотлари етиштирамиз. Ҳозирда бодомнинг сифатли навидан 50 туп экканмиз. Шукрки, даромадимиз яхши, йилига 4 млн. сўмдан ортиқ фойда оляпмиз”, – дейди Т.Шойқулов

“Олтинтепа” МФЙда яшовчи Зокир Сатторов 30 туп лимон кўчатларини харид қилиб, 0.9 сотих майдонга эккан. У лимон етиштириш бўйича яхшигина тажриба тўпланган.

З.Сатторовнинг хонадонида бўлиб ўтган мулоқот чоғида иштирокчилар етиштирилаётган лимон кўчатлари билан яқиндан танишди, тадбиркор билан лимончилик юзасидан суҳбатлашди.

“Лимон навини Китоб туманидан харид қилиб келганман. Иссиқхоначилик билан шуғулланиш ниятида бўлган фуқароларга ҳам бу соҳа билан шуғулланишни маслаҳат бердим”, – дейди З.Сатторов.

Алибек РАХМАТОВ,

 O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

БПТ билан ишлаш гуруҳ раҳбари

Теглар
БПТ Томорқа
  • Кўрилди
    3890
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

O'zLiDeP Қамаши туман Кенгаши депутати З.Эшонқулов2019-03-29 15:07:53

“Меҳнат-меҳнатнинг таги роҳат” деган мақолни ёшлигимиздан ота-оналаримиз қулоғимизга қўйишган.Ҳа, томорқа – кони фойда. Буни тўғри англаган, ўз меҳнати ортидан рўзғорини обод қилаётган юртдошларимиз жуда кўпгина.Томорқа- даромад манбаи Шунга кўра томорқамиздан унумли фойдаланишни хар биримиз олдимизга мақсад қилиб олайлик.


Халқ депутатлари Қамаши туман Кенгашидаги O'zLiDeP Депутатлик гуруҳи билан ишлаш бўйича ижрочи котиби Ботирали Турдиев2019-03-29 15:02:04

Бугун вилоятда томорқа хўжаликларининг ривожланиши одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш баробарида аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, партиямиз томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларини кенгроқ олиб борсак , одамларни бой ва яхши яшаш тарзига ўз хиссамизни қўшган бўлардик.


O'zLiDeP Қамаши туман Кенгаши раиси А.Номозов2019-03-29 14:51:21

Томорқа – том ортидаги барака дегани. Мана шу баракани бугун қўшқўллаб топаётганларга ҳавасингиз келади. Давлатимиз раҳбарининг томорқанинг даромад манбаи эканлигини таъкидлашларида ҳам ҳикмат кўп. Бунинг исботини мана бугун хонадонлардаги томорқалардан унумли фойдаланаётганлар мисолида кўриб турибмиз.Мана шундай ибратли ишларни қилишда толманглар.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+