Жиззахлик тажрибали деҳқон ёшларга шахсий томорқадан самарали фойдаланиш йўлларини ўргатди

02.04.2019, 14:46

Жиззахлик тажрибали деҳқон ёшларга шахсий томорқадан самарали фойдаланиш йўлларини ўргатди

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Дўстлик туманидаги “Қаҳрамон” маҳалласида “Шахсий томорқадан самарали фойдаланиш йўллари” мавзусида кўргазмали семинар ўтказди. 

Дастлаб иштирокчилар маҳаллада шахсий томорқадан самарали фойдаланаётган аҳоли хонадонлари тажрибаси билан танишди. Шу ҳудудда яшовчи 85 ёшли Шарофиддин ота Қурбоновнинг 2 сотихлик томорқадан яхшигина фойда олиб келаётгани барчада катта қизиқиш уйғотди. 

Маълум бўлишича, Шарофиддин ота эрта баҳорда иссиқхонада помидор, бодринг кўчатларини парваришлайди. Кўчатларни харидорларга тарқатгач, бўшаган майдонга турли сабзавотлар экади. Шу тариқа ердан йил давомида унумли фойдаланади.

“Иссиқхонадан йилига икки маротаба ҳосил оламиз. Ҳозирга қадар асосан помидор ва бодринг кўчатларини етиштирар эдик. Энди фаолиятимизни кенгайтириб, бодринг, редиска ва булғор қалампирларини парваришлаяпмиз”, – дейди тадбиркор.

 Семинар давомида отахондан иссиқхона ташкил этиш ва томорқадан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар, маслаҳатлар олган иштирокчиларимиз шу куннинг ўзиданоқ тадбиркорлик фаолиятини бошлашга киришди. 

“Иссиқхонани айланар экансиз, мўъжазгина томорқадан унумли фойдаланаётган 27 набира, 10 чеваранинг бобоси ишларини кўриб баҳри дилингиз очилади. Кўпинча пул топиш, яхши яшашни орзу қиламизу, аммо оёғимиз остидаги ердан унумли фойдаланишни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Семинардан сўнг томорқадан фойдаланиш тўғрисидаги фикрларим ўзгарди. Энди мен ҳам ўз бизнесимни бошлашга қарор қилдим”, – дейди тадбир иштирокчиси Малоҳат Эгамова.

Саида УМАРАЛИЕВА,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    1354
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+