O‘zLiDeP фракцияси аъзоси ёшларга спорт кийимлари ва китоблар совға қилди

02.04.2019, 14:47

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси ёшларга спорт кийимлари ва китоблар совға қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Джумамуратова Урганч шаҳрида бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилди.  

Дастлаб халқ вакили шаҳардаги 32-сонли махсус мактаб интернатида бўлиб, мактаб фаолияти, у ерда яратилган шароитлар билан танишди. Учрашувлар давомида мамлакатда қабул қилинган ва янги кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари, қонун ижодкорлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Йиғилишда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигининг кенг йўлга қўйилгани аҳолини сиёсий партияларга бўлган ишончини, депутатларга бўлган ҳурматини янада оширишга, жойлардаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий муаммоларни жойида ҳал қилишда яхши самара бераётгани таъкидланди. 

Учрашув чоғида депутат ёшларга 100 футболка ва таълим муасасаси кутубхонасига 100 га яқин китоблар совға қилди.   

Шунингдек, депутат ўзи таҳсил олган Урганч шаҳридаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактабига ҳам борди.

Аҳил жамоа, қадрдон маскан, кўзлари порлаб турган ўқувчи-ёшларнинг ҳурматидан чексин қувонган депутатимиз мактаб жамоаси билан мулоқот қилди, ёшларнинг қизиқишларини ўрганди. 

Қайд этилишича, мазкур муассаса 800 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда мактабда 1500 нафар  ўқувчилар 2 сменада таҳсил олмоқда. Мактаб жамоасининг тиришқоқлиги, тартиб-интизомнинг юқорилиги сабабли ўқувчилар “Билимлар беллашуви”, “Умид ниҳоллари” каби танлов ва спорт мусобақаларида фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

“Депутатимиз тез-тез мактабимизга ташриф буюради. Биз билан суҳбатлашиб, қизиқиш ва имкониятларимизни сўрайди. Ўтган йили келганида мактабимизнинг спорт зали таъмирланишига ёрдам берган эди. Бугун эса кўплаб китоблар билан бизни хурсанд қилди”, – дейди 15-мактабнинг 10 синф ўқувчиси Нигора Умарова.

Шунингдек, К.Джумамуратова Ҳазорасп туманида ташкил этилган “Эркин иқтисодий зона”да ҳам бўлди. Хоразмнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш бўйича зарур таклифлар, тавсиялар  берди.

Шавкат САФАРБАЕВ,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши раиси

  • Кўрилди
    1163
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+