Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати “Олмазор” маҳалласи аҳолиси билан учрашди

02.04.2019, 14:48

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  “Олмазор” маҳалласи аҳолиси билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбутаев халқ билан мулоқот қилиш, оддий одамларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Шароф Рашидов туманига борди.  

Ташриф чоғида халқ вакили дастлаб, тумандаги 14-мактабда бўлиб, ушбу муассаса кутубхонасига 50 га яқин китоблар совға қилди. Шундан сўнг, Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалласига ташриф буюриб, сайловчилар билан учрашди.

Учрашув давомида депутат нафақат жойларда учраётган камчиликларни аниқлаш, айни пайтда  уларнинг сабабларини таҳлил этиш ва ечимини топиш мақсадида тумандаги 20 га яқин хонадон аъзолари билан суҳбатлашиб, 10 га яқин муаммоли масалаларни кўриб чиқди.

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой ва коммунал хизмат, бандлик, соғлиқни сақлаш, савдо ва маиший хизмат, банк-кредит, ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ масалалар ташкил этди. Аниқланган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар юзасидан тегишли идораларга депутатлик сўрови чиқариладиган бўлди.

Мулоқотлар чоғида “Олмазор” маҳалласи раиси Норбуви Шамсиева ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Н.Шамсиеванинг сўзларига кўра, мазкур маҳалла 3-сектор таркибига киритилган бўлиб, маҳалла аҳлининг кўпчилиги тадбиркорлик билан шуғулланади. Ҳозирга қадар “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 147 нафар фуқаро кредит олиш учун ҳужжат топширган бўлиб, шундан 52 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилган.

“Маҳалламиз кўмагида Азиз Икромовга паррадачилик-бролер товуқлар боқиш учун 1,7 млн. сўмлик кредит ажратилган эди. Ҳозир у тадбиркорлик фаолиятини тизимли йўлга қўйиб, яна 400 мнл. сўм миқдорида кредит олиб  10 иш ўрни яратиш ҳаракатида юрибди”, – дейди маҳалла раиси.

Шунингдек, халқ ноиби Жиззах шаҳридаги Онкология марказига борди. Марказда беморларга яратилган шароитлар, кўрсатилаётган тиббий хизматлар билан танишди.

Маълум қилинишича, бугун марказда атига 8 компьютер мавжуд бўлиб, сет орқали компьютерлар интернет тармоғига уланган. Аммо марказда беморларни электрон ҳисобга олиш, касаллик варақалари, касаллик тарихи ва кўрсатилаётган хизматларни ҳисоб-китоб қилиш, статистик ҳисоботларни юритиш электрон тизими йўлга қўйилмаган.

Муаммони атрофлича ўрганган депутат бу масала бўйича тегишли ташкилотларга сўров чиқариши ва муаммони ижобий ҳал этишини маълум қилди.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1555
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+