Тарғибот натижасида наманганлик 500 нафар аҳоли оилавий тадбиркорлигини бошлади

03.04.2019, 18:33

Тарғибот натижасида наманганлик 500 нафар аҳоли оилавий тадбиркорлигини бошлади

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши Президентимизнинг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этди.

Тадбирда мазкур Қарорни кенг аҳоли қатламлари орасида тарғиб қилиш ва ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича вилоятнинг Иқтисодиёт ва саноат бошқармаси, вилоят Молия бошқармаси, Марказий банк Наманган вилоят бош бошқармаси, вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакилларининг фикр-мулоҳазалари ва ҳисоботлари тингланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятда 660 мингдан  ортиқ оилалар мавжуд бўлиб,  улардан 120 минг нафари даромадини оширишга ва 56 минг нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳисобланади. Мазкур оилаларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромад топишлари учун шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли  ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, аҳоли вакилларини ўз шахсий томорқаларидан самарали фойдаланиб, даромад топишлари борасида олиб борилган тарғибот ишлари натижасида 500 нафар аҳоли оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйди.

- “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури асосида жорий йил учун тижорат банклари томонидан вилоят аҳолиси учун 924 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилган, - дейди Марказий банк Наманган вилоят бош бошқармаси бош иқтисодчиси Алишер Юсупов. -  Шу йилнинг 1-чорагига қадар 6493 та тадбиркорлик субъектлари  ва аҳоли вакилларига 94 млрд 73 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Аҳолини оилавий тадбиркорликка жалб қилиш ва даромадларини янада ошириш мақсадида ушбу эзгу ишларимизни тизимли давом эттириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори асосида барча туманларда секторлар ташкил этилаётгани муҳим аҳамият касб этади. Партия вакиллари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қарорда белгилаб берилган вазифаларни ижросини таъминлашда астойдил ҳаракат қиламиз. Аҳоли орасида тажрибали тадбиркорлар иштирокида семинарлар, мастер-класслар ўтказишни мақсад қилганмиз.

Давра суҳбати якунида мазкур Қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли орасида тарғиб қилиш ва ижросини таъминлаш борасида вазифалар белгилаб олинди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1322
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+