Ромитанлик тадбиркор ўз томорқасида 50 бош қуённи парваришлаб икки йил ичида 800 тага етказди

04.04.2019, 17:06

Ромитанлик тадбиркор ўз томорқасида 50 бош қуённи парваришлаб икки йил ичида 800 тага етказди

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг вилоят бўлими ҳамкорлигида Ромитан туманидаги “Азизон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Деҳқончилик мактаби: илмий-амалий янгиликлар ва инновациялар” мавзуида семинар ташкил этилди. Тадбирда соҳа мутахассислари,  қишлоқ хўжалигига алоқадор ташкилотлар вакиллари, фермерлар, томорқа эгалари, партия фаоллари иштирок этди.

Тингловчиларга дарахтларни парваришлаш, ҳосилдорлигини ошириш, тежамкор технологияларни қўллаш юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, семинарда томчилатиб суғоришнинг афзалликлари, ўсимликлар қолдиқлари билан ишлаш, бегона ўтлар, касалликлар ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усуллари хусусида сўз юритилди. Уруғчилик ва қишлоқ хўжалиги экинлари навларини рўйхатга олиш бўйича амалдаги тартиб-таомиллар ва халқаро нормативлар тўғрисида билдирилган фикрлар ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Семинар қатнашчилари бу ерга келтирилган бир қанча мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, гулларни кўздан кечирдилар. Олманинг “бойкен”, бодомнинг “Озарбайжон”, нокнинг “клапа”, токнинг “тоифи пушти”, “баян ширей” навлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Мутахассислар ҳар бир нав бўйича муфассал маълумотлар бердилар.

 Тадбир давомида ишбилармонлар ҳам чиқишлар қилиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар, саволларга жавоб қайтардилар. Хусусан,  “Ромитан эко қуён” масъулияти чекланган жамияти раҳбари С. Самадовнинг айтишича, ўз ҳовлисида дастлаб 50 бош қуённи парваришлаган, икки йил ичида жониворлар сони 800 тага етган. Томорқаларида қуёнчиликни йўлга қўйган Ж. Адизов, Б. Саъдуллаев, Э. Алиев ҳам мазкур бизнес келтирадиган даромад, унинг ўзига хосликлари тўғрисида гапириб, қуёнчиликни йўлга қўйишда банк кредитлари алоҳида аҳамият касб этганини таъкидлашди.

Дарҳақиқат, “Микрокредитбанк”нинг туман бўлими ходими Р. Очилов берган маълумотларга қараганда, 2018 йилда жами 1 000 фуқарога “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида жами 8 миллиард сўм миқдорда кредит ажратилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса тадбиркорлик қилиш  истагидаги кишиларга 160 миллион 100 минг сўм миқдорида сармоялар берилган.

Семинар якунида бир қанча деҳқон хўжаликлари аъзоларига меҳнат дафтарчалари топширилди.

Асхор ИСТАМОВ,

“ХХI аср” мухбири

  • Кўрилди
    1121
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+