O‘zLiDeP қуйи бўғинларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари бошланди

04.04.2019, 17:25

 O‘zLiDeP қуйи бўғинларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари бошланди

O‘zLiDeP Сиёсий  Кенгаши  Ижроия қўмитасининг тегишли қарорига асосан жорий йилнинг 15 мартидан эътиборан бошланғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари бошланди.  Мазкур муҳим  жараён  1 июнга қадар  –  икки ярим ой давом этади. 

Партиямиз электорати, мулкдорлар қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, маслакдошларимиз, хайрихоҳларимиз ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, дастурий мақсадларни амалга оширишда бошланғич ташкилотларнинг аҳамияти беқиёс. Ҳисобот-сайлов йиғилишлари эса партиянинг ана шу муҳим бўғини фаолияти хусусида аниқ хулосалар чиқариш имконини беради.

Қайд этиш керакки, мазкур муҳим тадбирларда таянч нуқталар ишини баҳолаш, раис ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш энг асосий вазифа ҳисобланади. Зеро, ҳозирда атрофига 612 мингдан зиёд партия аъзосини бирлаштирган  11 800 та қуйи бўғинга муносиб етакчилар раҳбарлик қилиши истиқболдаги устувор вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилишига хизмат қилади. Йиғилишларда, шунингдек, таянч тузилмалар етакчиларининг 2018 йилдаги фаолият юзасидан ҳисоботлари эшитилиб, атрофлича муҳокама қилинаяпти. Мазкур ҳисоботларда бошланғич ташкилотлар томонидан электоратимиз манфаатларини ҳимоялаш, партия дастурий мақсадларини тарғибот қилиш, аъзолар сафини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам тўла акс этаётир. Йиғилишлар кун тартибидан қуйи ташкилотларнинг ушбу йилга мўлжалланган режаларини батафсил кўриб чиқиш ўрин олгани ҳам эътиборга молик. Шунинг баробарида Президентимизнинг 2018 йил 28 декабр­даги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқадиган асосий вазифалар белгилаб олинмоқда.

Тегишли кўрсатмага биноан ҳисобот-сайловларда қўшимча мавзулар кўриб чиқилиши тавсия қилинмоқда.  “Партия депутатлик гуруҳлари ва бош­ланғич ташкилотларнинг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни”, “Фаолиятни такомиллаштириш бўйича партия юқори органларига  таклифлар, мулоҳазалар юбориш” сингари мавзулар шулар жумласидан. 

Шуни ҳам қайд этиш зарурки,  бу йилги ҳисобот-сайловларда партия туман ва шаҳар ташкилотлари партия аъзолари сонини қайтадан кўриб чиқиш, улар сафини ёш, иқтидорли, ташаббускор инсонлар ҳисобига кенгайтириш масалалари билан ҳам жиддий шуғулланмоқдалар.

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    980
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+