O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” форумида қувасойлик ёшлар тажрибали тадбиркор ва томорқачилар фаолияти билан танишди

05.04.2019, 17:18

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” форумида қувасойлик ёшлар тажрибали тадбиркор ва томорқачилар фаолияти билан танишди

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши “Биз фаоллар ва ташаббускорлар сафидамиз” шиори остида ёшлар форумини ўтказди.

Форумда партия вилоят, туман Кенгашлари “Ёшлар қаноти” фаоллари, Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, уюшмаган ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Фарғоналиклар Қувасой шаҳридаги “Мунис мебель” хусусий ишлаб чиқариш корхонасини яхши билишади. Чунки бугун корхона кўплаб фуқаролар бандлигини таъминлаш баробарида ўз брендига эга маҳсулотларни вилоят бозорларига етказиб бермоқда.

Форум доирасида иштирокчилар O‘zLiDeP Қувасой шаҳар Кенгаши  ва мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Шу ерда форум иштирокчилари учун “Тадбиркорликка илк қадам” мавзусида учрашув ташкил этилди. Учрашувда тажрибали тадбиркорлар томонидан ўз бизнесини бошлаш ҳаракатида юрган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича керакли маълумотлар берилди.

Шу куни фарзандлари фойдали меҳнат билан банд бўлиб, қўлига меҳнат дафтарчаси олган ёшларнинг ота-оналари учун катта хурсандчилик бўлди.  Боиси, ташриф чоғида партия ташаббуси билан 6 нафар ёш ишли бўлди.

“Партия вакиллари уйма-уй юриб муаммоларни ўрганаётганида ишга жойлашиб, оиламга ёрдам бериш ниятида эканимни айтган эдим. Мана, бугун шу орзуйим амалга ошиб турибди. Энди мен ҳам оиламиз фаровонлиги, юрт тараққиёти учун астойдил хизмат қиламан”, – дейди Аброржон Собиржонов.

Кейинги манзил Қувасой шаҳри “Боғбон” МФЙда яшовчи Азиза опа Алихонованинг хонадони бўлди. Хонадон бекаси иштирокчиларни иссиқхона фаолияти билан таништириб, ёшларга иссиқхона яхши даромад манбаи эканини тушунтирди. Камтарлик билан кичкина томорқадан йилига 35 млн. сўм даромад олаётганини айтиб ўтди.

“Олти сотих майдонда иссиқхонада барпо этганмиз. Ҳозир иссиқхонада гулларнинг ноёб турларини етиштиряпмиз. Ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланамиз. Шу боис, ҳовли атрофида гуллардан ташқари, резавор полиз экинлари ҳам парваришлаяпмиз”, – дейди тадбиркор.

Форум доирасида иштирокчилар “Кварц” акциядорлик жамияти фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Шу куни корхона қошида фаолият юритаётган партиянинг қуйи бўғинида “ЎзЛиДеП кутубхонаси” ташкил этилди ва кутубхонага 400 дан ортиқ китоблар совға қилинди.  

Бугунги форум барчада жуда катта таасурот қолдирди. Айниқса, ёшлар учун кутубхона очилгани, улар орасидан 30 нафарга яқини партия сафига аъзоликка қабул қилиниши жуда қувонарлидир. Энди кейинги фаолиятимизда ҳам партия тарғиботига ўз улушимизни қўшамиз”, – дейди "Кварц" АЖ қошидаги қуйи бўғин етакчиси Сайёджон Зоҳидов.

Форум якунида партия сафига қабул қилинган 30 нафар ёшларга партиянинг аъзолик гувоҳномаси топширилди.

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    375
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+