Қишлоқ хўжалиги тараққиёти шу соҳа олимлари ва тадқиқотчилари билан узвий ҳамкорликни тақазо этади (ВИДЕО)

12.12.2017, 17:49

Қишлоқ хўжалиги тараққиёти шу соҳа олимлари ва тадқиқотчилари билан узвий ҳамкорликни тақазо этади (ВИДЕО)

2017 йилнинг 12 декабрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали хизмат қилиб, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган фермер, боғбон, сувчи ва деҳқонларимиз иштирокида “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари томонидан аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳар томонлама чуқур ва асосли эканини таъкидлашди. Мамлакат раҳбари томонидан куюниб гапирилаётган ушбу ислоҳотлар замирида юртимизда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйиш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан талабини қондириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини сақлаш каби муҳим масалалар ётгани таъкидланди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича шу соҳага дахлдор бўлган ташкилот ва муассасалар қатори партиямиз ҳам ўз дастурида белгилаб олганидек, давлатнинг аграр соҳадаги муносабатларни такомиллаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди ва бу ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Зеро,  O‘zLiDeP қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни ҳал этмасдан туриб, иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Тадбирда Президентимиз маърузасида илгари сурилган ғоялар бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани яна бир карра эътироф этилди. Фақатгина охирги икки йилда кўп тармоқли фермер хўжаликлари 45 фоизга кўпайиб, уларнинг сони 75 мингтага етгани фикримизга яққол далилдир.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ер-сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонларнинг даромадини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, бу йил биринчи марта ғалладан бўшаган қарийб 1 миллион гектар майдонда сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар экилди ва 5,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди. 96 минг гектар ҳосилдорлиги паст майдонларда пахта ва ғалла ўрнига 32 минг гектар ерда карам, турли сабзавот ва кўкатлар экилди ва бу майдонлардан олинган минглаб тонна маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди. 11 минг гектарда интенсив боғ ва янги токзорлар, 1 минг 500 гектарда иссиқхоналар барпо этилди. Бу борада Испания, Польша, Нидерландия, Греция, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Вьетнам ва Индонезия давлатларининг илғор тажрибаларидан кенг фойдаланилди. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди ва бу юртимизга 856 миллион доллар валюта келтирди. Ҳолбуки, илгари минг-минг тонна турли ширин-шакар меваларимиз далада қолиб, чириб кетар, исроф бўларди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Жумладан, 2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджетидан 2 триллион сўмдан ортиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун эса 400 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда.

Президентимиз ўз маърузасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда илм-фан ҳаёт талабларидан орқада қолаётганини жиддий муаммолардан бири сифатида тилга олиб ўтдилар. Шундан келиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудудда тупроқ ва иқлим шароитига мос экин навларини яратиш ва жойлаштириш борасида бир қатор вазифаларни белгилаб бердилар. Уларни ижроси устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари Юртбошимиз белгилаб берган вазифалари ижроси ва қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилаш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчиларининг иш ҳақи миқдорини ошириш бўйича аниқ ва ҳаётий таклифлари O’zLiDeP сайловолди дастуридаги мақсад-вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканини таъкидлашди. Зотан, партиямиз ҳам қишлоқ хўжалигини шу соҳа тадқиқотчилари ва олимлари билан ҳамкорликда, бамаслаҳат, уларнинг таклиф-тавсияларини инобатга олган ҳолда ривожлантиришни ўзининг устувор вазифаси, деб билади. Яқинда бўлиб ўтган “Марказий Фарғонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш истиқболлари” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани партиямизнинг мазкур йўналишдаги амалий ишларидан биридир.  

 

Тадбир сўнггида қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилиб, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган фермер, боғбон, сувчи ва деҳқонларимиз Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”ни нишонлаш ҳақидаги фикрлари соҳа ходимларининг ғайратига-ғайрат, кучига-куч қўшишини таъкидлашди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2064
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+