БПТларнинг фаоллиги улар сони билан эмас, балки амалга оширган ишлари билан белгиланади

09.04.2019, 18:27

БПТларнинг фаоллиги улар сони билан эмас, балки амалга оширган ишлари билан белгиланади

Айни кунларда Жиззах вилоятининг барча туманларида бўлиб ўтаётган O’zLiDeP таркибидаги Бошланғич партия ташкилотларидаги ҳисобот-сайлов йиғилишлари танқидий ва амалий руҳда сарҳисоб қилиняпти. Буни қуйи бўғин аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларда анчагина фаоллашгани ҳамда партия сафларига ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишларидан кейин кўплаб ғайратли, фидоий ёшларнинг қабул қилингани билан изоҳлаш мумкин.

Ҳозирги кунда  O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши таркибида ўз сафларига 34913 нафар маслакдошларимизни бирлаштирган 706 та БПТ фаолият кўрсатмоқда. Бу эса ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишларидан кейинги вақт давомида 65 та янги БПТ ташкил топганини, маслакдошларимиз сони эса 17900 нафарга кўпайганини билдиради.

Бошланғич партия ташкилотларининг ҳаёт билан ҳамнафаслиги, фаоллиги улар сони билан эмас, балки амалга оширган ишлари билан белгиланади. Ҳисобот-сайлов даврида айнан маслакдошларимизнинг фаоллиги, ташаббуси билан ҳудудлардаги бир қанча ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз ечимини топди. Хусусан, “ROISON  HOME WHITE GOODS” МЧЖ Қўшма корхонаси қошида ташкил этилган БПТ “Энг намунали бошланғич партия ташкилоти” танловининг республика босқичида фахрли иккинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Халқ депутатлари туман (шаҳар) вилоят Кенгаши сессияларига киритилган жами 25 та масалада ҳам қуйи бўғин аъзоларининг ҳиссаси катта бўлди. Бироқ, бу албатта етарли эмас. Шу сабаб, ҳар бир ҳисобот-сайлов йиғилишлари танқидий ва амалий ишчан руҳда ўтаётгани билан ажралиб турибди. Биргина мисол, шу кунгача бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишларида 27 нафар етакчининг ҳисоботи маслакдошларимиз томонидан қониқарсиз, деб топилиб, улар ўрнига ғайратли, фаол, фидоий партиядошларимиз сайланди.

Бошланғич партия ташкилотларнинг ҳисобот-сайлов йиғилишларида ўтган йиллардаги фаолияти ва жорий йилда қилиниши лозим бўлган устувор вазифалар танқидий-таҳлилий муҳокама қилиняпти.

“Жасуржон Маннон ўғли” кўп тармоқли фермер хўжалиги қошидаги бошланғич партия ташкилоти ҳисобот-сайлов йиғилиши ҳам ана шундай ишчанлик руҳида ташкил этилди. 25 нафар маслакдошларимизни бирлаштирган мазкур бошланғич партия ташкилотига халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгаши депутати Жаҳонгир Эшонқулов етакчилик қилмоқда. Айнан депутат ва қуйи бўғин аъзоларининг ўзаро ҳамжиҳат ва ҳамфикрлилиги кўп жиҳатдан уларнинг фаоллигини белгилаб берадиган омиллардан бири бўлмоқда. Ҳисобот-сайлов даврида улар ташаббуси билан уй-жойларни таъмирлаш, ободончилик, нафақа ва бошқа 7 та турли масалалар мутасадди ташкилотларга, туман ҳокимлигига киритилиб, ижобий ечим топди. Ҳисобот-сайлов йиғилишида ҳам партиядошларимиз нафақат амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, балки йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтдилар.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳисобот-сайлов йиғилишларига тайёргарлик кўриш жараёнида, бугунги кунда партия ҳаётидаги энг долзарб бўлиб турган – бошланғич партия ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сиёсий адабиётлар, тарқатма материаллар билан таъминлаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.  Чунки, сўнгги йилда бошланғич партия ташкилотлари аъзолари сонининг кескин ошиши, жойларда бошланғич партия ташкилотлари учун етарлича шароит яратишни ҳам талаб қилмоқда.

Холбек Асатов

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Бош консултанти

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    184
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+