Бюджетга оид қонун нима учун керак?

10.04.2019, 17:38

Бюджетга оид қонун нима учун керак?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳамда 2021 ва 2022 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасининг шакли муҳокама қилинмоқда. Парламент қуйи палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адхам Шодмонов билан "Биржа" газетаси мухбири суҳбатлашди.

— Адхам Хурсандбоевич, биламиз, мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжати сифатида Бюджетнома ҳар йили парламент палаталарида қабул қилиниб маъқулланади ва унинг ижроси юзасидан назорат ҳам доимий равишда олиб борилади. Давлат бюджетига оид қонунни қабул қилиш нима учун керак?

Тўғри, Бюджетноманинг қабул қилингани ва маъқуллангани ҳақидаги парламент қарорлари қонуний кучга эга. Лекин, кейинги йилларда бюджет соҳасини янгича ислоҳ қилиш жараёни кетаётган бўлиб, у босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бунда энг асосий масала янада очиқ ва шаффоф бюджет тизимини шакллантириш бўлиб турибди. Президентимиз томонидан қўйилган муҳим вазифалардан бири ҳам  бюджетни қабул қилишда парламентнинг ролини оширишга қаратилган. Бунга эса алоҳида қонунни яратиш орқали эришилади. Энг асосийси, мазкур қонун лойиҳаси қуйи палатанинг барча қўмиталари ва фракциялари томонидан, ҳар бир депутатнинг нуқтаи назари эътиборга олинган ҳолда 3 ўқишда кўриб чиқилади. Биринчисида, ушбу лойиҳага нисбатан концептуал жиҳатдан ёндашув бўлади, яъни унинг мақсади нима, қандай йўналишлардан иборатлиги ўрганилади ва қонуннинг керак-керак эмаслиги аниқланади. Иккинчи ўқишда эса ҳужжат лойиҳаси бобма-боб, моддама-модда муҳокама қилинади. Учинчи ўқишда эса унинг ғояси норматив-ҳуқуқий тузилмавий томондан тўлиқ мукаммаллаштирилади. Хуллас, шундай қилиб, муҳокамалар жараёнида ҳар бир депутат томонидан ўз сайловчиларини қизиқтирган, керак бўлса қийнаб турган муамоларидан келиб чиқиб билдирган фикри ва таклифлари асосида лойиҳа  янада пишиқ-пухталаштирилади. Бюджетга оид алоҳида қонуннинг қабул қилиниши эса бутун мамлакат тараққиёти ва ҳар бир фуқаро ҳаётига бевосита дахлдор бўлган масалага яна ҳам долзарб масала сифатида қаралаётганидан далолатдир. Қолаверса, Президентимизнинг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланиши алоҳида кўрсатиб ўтилган. Шулардан барчаси инобатга олинган ҳолда Молия вазирлиги томонидан тайёрланиб Парламент қуйи палатасига тақдим этилган “Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳамда 2021 ва 2022 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг шакли муҳокамадан ўтказилмоқда. Ҳар бир қўмита ва фракция ҳамда депутатлик гуруҳи томонидан атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Бюджетномани қонун тарзида қабул қилишнинг энг муҳим аҳамияти давлат бюджети ва давлат мақсадли бюджетларининг шаффофлигини оширишга қаратилгани билан изоҳланади. Чунки, Бюджетномани тасдиқлаш ҳақидаги қарор унинг барча кўрсаткичлари билан бирга чоп этилмасди. Қонун эса тўлиғича эълон қилинади. Ҳар бир тармоқ, соҳа, қолаверса, фуқаро бюджет маблағи нимага, қанча миқдорда ажратилиши ва сарфланиши ҳақида аниқ маълумотга эга бўла олади.

— Бир йиллик Бюджетноманинг ўзи катта бир ҳужжат, энди келгуси йиллар мўлжали қўшилса яна ҳам кенг кўламли бўлиши табиий. Унинг барча йўналишларини битта қонунда жамлашда нималарга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ?

— Аввало шуни таъкидлаш керак, соҳадаги ислоҳотнинг муҳим босқичларидан бири сифатида жорий йилдан бошлаб ўрта муддатли бюджетлаштириш тизимини йўлга қўйдик. Яъни, 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжалларига оид Президент қарори қабул қилинди. Шу боис ҳам  энг аввало ўрта муддатли бюджетлаштириш амалиёти юзасидан жаҳон тажрибаси, Европа мамлакатлари, дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатлари, хусусан Россия Федерациясининг қонун тарзидаги бюджетномасини ўргандик. Бу борада бизга энг яқини ва тушунарлиси ҳамда уч йилга мўлжалланган бюджетлаштириш бўйича Россиядаги амалиётни таҳлил қилдик ва солиштирдик. Биздаги қонун лойиҳаси шакли тузилма жиҳатидан унга ўхшаш ва мос томонларини кўрдик. Яъни лойиҳа шаклида бюджетнинг асосий параметрлари, жорий йилдаги макроиқтисодий кўрсаткичлари, ялпи ички маҳсулот ва соҳалар бўйича ўсиш суръатлари, келгуси йилларга мўлжалланган кўрсаткичлар ва инфляциянинг асосланган ўсиш суръатларининг прогнозлари кўрсатилмоқда. Бундан ташқари иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва бошқа йўналишлар алоҳида моддаларда акс эттирилмоқда. Шаклнинг маъқул томони шундаки, унда бюджетнома  ҳар бир йил бўйича тизимли тарзда ифодаланган.

— Бюджетнома моҳиятан асосан кўрсаткичлар, яъни рақамлардан иборат. Қонун моддалари ҳам шулардан шаклландими? Бу қонунчилик техникаси талабларига қанчалик мос келади?

— Ҳар қандай қонун номини олган ҳужжат қонунчилик техникаси талабларига жавоб бериши керак. Бизга келиб тушган қонун шаклида ҳам бунга эътибор қаратилган. Яъни унда аввало қонуннинг мақсади баён қилинган. Бундан ташқари, келгуси йил параметрларини тасдиқлаш ва келгуси икки йилги прогноз кўрсаткичлари, мўлжаллари каби асосий йўналишлар матн кўринишида келтирилган. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар фоизларда ҳам кўрсатилган. Яъни, масалан 2020 йил кўрсаткичлари аниқ белгиланиб, кейинги йиллардагиси кутилаётган мўлжаллар сифатида фоизларда ифодаланмоқда. Моддалардаги муносабатлар ҳам худди шундай акс эттирилган. Бутун дунё тажрибасидан келиб чиқиб, бизда илгари амалиётда мавжуд бўлмаган ҳолат қонун шаклида ўз ўрнини топган, яъни давлат бюджети давлат мақсадли жамғармалари билан бирга қўшилган ҳолда белгиланган. Алоҳида фондлар бўйича моддаларга эътибор берилган. Давлат бюджети ижросининг хусусиятлари кўрсатилган.

— Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан қандай фикрлар, таклифлар билдириляпти?

— Қонун шакли қўмиталар, сиёсий партиялар фракцияларида қизғин муҳокама қилинмоқда. Унинг ўзига хос жиҳатлари, ижобий томонлари эътироф этилиши билан бирга, бир қатор таклиф-тавсиялар ҳам берилмоқда. Масалан, қўмитамизда бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида нега қонун концепциясининг мавжуд эмаслиги, нима сабабдан шакл бюджетноманинг барча параметрларини тўлиқ қамраб олмагани, шаклдаги боблар моддалари қайси тамойиллар асосида жойлаштирилгани, қонун шакли номланишида нега давлат мақсадли жамғармалари тушунчаси кўрсатилаётгани каби саволлар ўртага ташланди. Бундан ташқари, шаклнинг 4 моддаси номланиши унинг матни мазмунига мос келмаслиги, 9 моддасида ҳаволаки норманинг борлиги, 10 моддасида ҳеч қандай қонуний юкламанинг йўқлиги, 11 моддасини Бюджет кодексига мувофиқлаштириш зарурлиги каби фикрлар илгари сурилди. Шунингдек, бюджетлараро муносабатлар йўналишида маҳаллий бюджетларнинг кўрсаткичларини ҳар бир туман кесимида аниқлаштириш ва уларни қонунга илова тариқасида бериш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.  Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ахборотлари батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланиши кераклиги ҳам айтиб ўтилди.

Умуман олганда, мазкур масалага масъул этиб белгиланган ишчи гуруҳи қонун лойиҳаси шакли бўйича уни маромига етказиш мақсадида илгари сурилаётган ҳар бир таклиф ва тавсия атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Баҳс-мунозараларга бой ўтаётган муҳокамалар натижаси эса  мукаммал тарздаги  қонун лойиҳасини  ишлаб чиқишда қўл келади деган умиддамиз.

  • Кўрилди
    1579
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Мухсин Амонович2019-09-18 20:39:28

Биззи депутатимиз Адхам Шодмонов, сайлов олди килган доклади билан килятган иши мутлако бир хил эмас..!!! -у киши доимо уз сайловчиларидан кочиб юради..?! кандайдир тасодиф ила учратиб колсангиз аввалги каби тогдек ваъдани бериб куён булиб колади..!!!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+