O‘zLiDeP ишчи гуруҳи аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишда яқин кўмакчи бўляпти

10.04.2019, 18:24

O‘zLiDeP ишчи гуруҳи аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишда яқин кўмакчи бўляпти

Кейинги йилларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан самарали фойдаланишни яхшилаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам сифат ҳам сон жиҳатдан сезиларли даражада ошди.

Айниқса, аҳоли томонидан хонадонларда барпо этилган иссиқхоналарда лимон етиштириш, инсон саломатлиги учун фойдали мевали кўчатлар экиш шунингдек, аҳолининг кунлик эҳтиёжи учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича томорқа эгаларига маслаҳат ва кўмак бериш ташкил қилинди.

Бундан ташқари, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинаётганлиги аҳоли даромадларини янада ошишига катта хизмат қиляпти.

Шу билан бирга, томорқа ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда қатор муаммо ва камчиликлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Шу каби муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳоли томорқаларининг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш борасида республика миқёсида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти.

Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳамда аҳоли даромадларини янада оширишга қаратилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, барча ҳудудларда хонадонларда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини янада кучайтириш, жойлардаги мавжуд муаммоларни таҳлилий ўрганиш ва аниқланган камчиликлар асосида ҳар бир оилада томорқадан фойдаланиш унумдорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида партиянинг тарғибот ва мониторинг гуруҳлари ташкил қилинди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоли бўлган фермерлар, тадбиркорлар, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари ҳамда соҳа мутахассисларидан ташкил топган 756 нафардан иборат ишчи гуруҳ вакиллари хонадонма-хонадон юриб аҳоли томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш борасида тарғибот тадбирларини олиб боряпти.

Ушбу тарғибот гуруҳи март ойи ва апрель ойининг биринчи 10 кунлиги давомида ўтказилган тадбирлар натижасида Республика бўйича жами 142 минг 500 та хонадонларга кирилиб, хонадон эгалари томонидан ўзларига тегишли ер участкасидан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан мониторинг олиб боришди.

Ўтказилган мониторинг натижасида Республика бўйича жами 4,7 минг гектар ер участкалари майдонлари фойдаланилмаётганлиги, ер майдонларига мевали кўчатлар экиш, ҳатто кунлик эҳтиёж учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш йўлга қўйилмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари олиб борилган ўрганишлар ва таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки 3356 нафар фуқаро кредит олишда, 5465 нафари суғориш ишларида, 9227 нафар хонадон эгалари ерга ишлов бериш, 15333 нафари эса зарур кўчат ва уруғлик олиш масаласида мурожаат қилиб, бу бўйича зарур маслахат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Шу билан бирга партия ишчи гуруҳ вакиллари томонидан 47,6 минг нафар тажрибали деҳқон ва томорқачилар аниқланиб, 13,2 мингта хонадон эгаларига томорқадан самарали фойдаланиш бўйича мастер-класслар, маҳорат дарслари ташкил қилинди.

Масалан, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг З.М.Бобур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Шавкатбек Жумабоев хонадонидаги томорқа фаолияти кўздан кечирилганда фуқаронинг 6 сотихдан иборат шахсий томорқасининг 4 сотихидаги иссиқхонада турфа гуллар парваришланаётган бўлса, 2 сотих майдонга қурилган иссиқхонада лимонария ташкил этилган.

Шунингдек, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Лолахон Раҳматуллаева атиги бир сотих томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, лимон ва мандарин етиштираётган бўлса, ушбу маҳалладаги А. Саттаровга тегишли 4 сотих, В.Умурзақовнинг 8 сотихдан иборат томорқасида умуман экин экилмаганлиги аниқланиб, амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, Қўшкўпир тумани “Ошоққалъа” маҳалласида истиқомат қилувчи О.Бекчанов хонадонида, 16 сотих томорқасида помидор етиштиришни йўлга қўйган Каттақўрғон тумани “Каттакўрпа” маҳалласидаги Э.Жўраеванинг иссиқхонасида, помидор, бодринг, цитрус мевалар билан бирга молхонанинг том қисмида турли кўчатлар етиштираётган Бешариқ тумани “Рапқон” МФЙда яшовчи Д.Абдусалиев томорқасида ташкил этилган маҳорат дарслари аҳоли вакилларига катта қизиқиш уйғотди.

O‘zLiDeP вакиллари томонидан ташкил этиб келинаётган бу каби амалий семинарлар республика бўйлаб тизимли равишда давом этмоқда.

Жамшид Жалолов,

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси мутахассиси

  • Кўрилди
    1542
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+