Янгиқўрғондаги O‘zLiDeP қуйи бўғин раҳбарларининг 8 нафари огоҳлантирилди

11.04.2019, 17:32

Янгиқўрғондаги O‘zLiDeP қуйи бўғин раҳбарларининг 8 нафари огоҳлантирилди

Партиянинг фаоллиги кўп жиҳатдан бошланғич партия ташкилотларига боғлиқдир. Шу сабабли, партиянинг барча ҳудудий кенгашлари таркибидаги БПТларнинг ҳисобот-сайлов йиғилишларида қуйи тузилмаларнинг фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилмоқда.

O‘zLiDeP Янгиқўрғон туман Кенгаши тасарруфидаги 101 та бошланғич партия ташкилотларида бўлиб ўтаётган ҳисобот-сайлов йиғилишларида ҳозирга қадар 10 га яқин БПТ фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Янгиқўрғон туман Кенгаши, туман электр тармоқлари корхонаси, туман почта-алоқа бўлими ва “Узтрансгаз” акциядорлик жамиятининг Янгиқўрғон тумангаз участкаси қошидаги  бошланғич партия ташкилотлари бутунлай партиядан узилиб қолганлиги, ушбу қуйи бўғин раислари биронта бир ташаббус кўрсатмаганлиги танқид остига олинди.

Ушбу қуйи бўғин раҳбарларининг саккиз нафари огоҳлантирилиб, партиявий вазифаларни сидқидилдан бажаришга имконият берилган бўлса, туман электр тармоқлари корхонаси ҳамда “Сувоқава” давлат унитар корхонаси туман филиали қошидаги БПТ раислари ўз вазифасидан озод этилди. Ушбу икки ташкилотнинг БПТ раҳбарлигига партиянинг бугунги кун талаб ва мақсадларига жавоб бера оладиган янги номзодлар кўрсатилди.                         

- Бу йил давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловлар ўтишини назарда тутсак, партиямизнинг сайловда муваффақиятли иштирок этиши кўп жиҳатдан бошланғич партия ташкилотлари фаоллигига ҳам боғлиқ, - дейди Янгиқўрғон  туман электр тармоқлари корхонаси қошидаги БПТ раислигига янги сайланган  Аъзамжон Ғофуров. – Шу сабабли, бу йилги сайловларда кўпроқ депутатлик ўринларига эга бўлиш учун корхонамизда фаолият олиб бораётган партиямиз аъзоларининг барчаси ҳамжиҳатликда ҳаракат қилади.

 Ҳисобот-сайлов йиғилишларида янги сайланган бошланғич партия ташкилотлари раисларига иш фаолиятини партиянинг тасдиқланган режа асосида ташкил этиш, барча белгилаб берилган вазифаларни сидқидилдан бажариш лозимлиги борасида кўрсатмалар берилмоқда.

Эркин АҲМЕДҲОДЖАЕВ,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

БПТ билан ишлаш гуруҳ раҳбари

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    1156
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+