Тадбиркор йўлига қачонгача тўғоноқ бўламиз?

11.04.2019, 17:37

Тадбиркор йўлига қачонгача тўғоноқ бўламиз?

Одамлар билан бевосита мулоқот қилиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий  муаммолар бартараф этилишига кўмаклашиш партиямиз фаолиятининг энг асосий йўналишларидан биридир. Зеро, сиёсий куч амалий ишлари билангина ўзига билдирилаётган ишончни оқлаши мумкин. O‘zLiDeP бу борадаги ишларга жуда катта эътибор қаратяпти, омма билан мулоқот узлуксиз давом этяпти.

Шу йилнинг биринчи чораги – январь-март ойлари мобайнида халқ депутатлари туман, шаҳар ҳамда вилоят Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари партия ҳудудий ташкилотлари ходимлари билан биргаликда аҳоли билан учрашувлар ўтказдилар. Ана шу жараёнда партиямиз вакиллари фуқаролар томонидан тилга олинган турли-туман 93 минг 190 та масалани кўриб чиқдилар. Уларнинг кўпчилиги жойида ҳал этилгани эътиборга молик.

Лекин ечим топилиши жуда қийин кечаётган муаммолар ҳам талайгина. Хусусан, тадбиркорлар давлат-хусусий шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасалари қуриш учун имтиёзли тартибда кредитлар ажратилиши билан боғлиқ мушкулотларга мунтазам дуч келяптилар. Ваҳоланки, Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш ва рағбатлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 апрелдаги қарорида белгилаб қўйилганидек, махсус ҳисобварақ маблағларидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари томонидан мактабгача таълим фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоизли ставка бўйи­ча ажратиб берилади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур ҳужжатда мактабгача таълим тизимини, жумладан, мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим соҳасидаги давлат-хусусий шерикчилиги учун қулай шарт-шароитлар вужудга келишига хизмат қиладиган бир қанча вазифалар баён қилинган. Яратилаётган катта имкониятлардан руҳланиб, ишга киришган кўпгина тадбиркорларнинг иштиёқини сўндирувчи ҳолатлар ҳам юз бераётгани кишини ташвишга солади. Яхшиси, ҳаётий мисолларга мурожаат қиламиз.

Дилдора Мадаминова Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига таълим беради. Болаларга меҳри ўзгача. Нодавлат таълим муассасалари қуриш, фойдаланиш ишларига кенг йўл очилгач, турмуш ўртоғи, яқинлари билан маслаҳатлашиб,  Андижон шаҳрининг “Маърифат” маҳалласидаги  ўзларига қарашли бўш турган ер майдонида хусусий боғча қуришга аҳд қилди. Иш 2018 йилнинг февраль ойида бошланди.

Зарурий ҳужжатлар тайёрланишига роппа-роса бир ой вақт кетди. Маблағни-ку гапирмаса бўлади: деярли 9 миллион сўм миқдоридаги пул ҳужжат ишлари учун сарфланди. Айтишга осон...

Энди мактабгача таълим муассасаси қурилиши учун кредит олиш масаласи қолди, холос. У қўлга теккач, ярим йилга қолмай бино қурилиб, фойдаланишга топширилади... Мўлжаллар мўлжаллигича қолиб кетишини бўлажак тадбиркор қайдан билсин!

Тайёрланган бизнес лойиҳага кўра “Халқ банки”дан 1 миллиард 700 минг сўм кредит олиниши зарур эди.  Бу ўтган йилнинг март ойидаги гап. Афсуски, ҳозирга қадар ҳам кредитдан дарак йўқ!

Банкда ишлаётган айрим ходимлар оддий ҳужжатларга ҳам бефарқ бўлганидан кейин яна нимани кутиш мумкин? Демоқчимизки, кредит ажратиш пайсалга солинавергач, Д.Мадаминова ҳамда унинг турмуш ўртоғи умидларини узиб, банкдан ҳужжатларни қайтариб олмоқчи бўлишса... Нима бўпти денг, улар минг азоб билан тайёрлаган ҳужжатлар йўқолганмиш. Ана холос, шуям баҳонами энди? Банк раҳбариятига қатъий талаб қўйилгач, ниҳоят, ҳужжатлар топилди. Сармоя берилишини кутавериб чарчаган тадбиркорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Қуруқ ваъдалар билан иши битмаслигини англаб, қўл силташди.

Мана, иш бошланганидан буён бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Югур-­югурларга сарфланган маблағ, қанча асаббузарликлар, оворагарчиликлар, навбат кутишлар... Бунинг эвазига эса қуруқ ваъдалар ва бепарво муносабат...

Ҳеч нарсага ишончи қолмаган аёл дастлаб муаммонинг газетада ёритилишини ҳам истамади: “Барибир фойдаси йўқ!”

 ***

Тошлоқ туманининг Ахшак қиш­лоғида яшовчи тадбиркор Абдунаби Сулаймоновнинг ҳам бошига шундай савдо тушган. У ҳам шу ҳудуд аҳлининг талаб-эҳтиёжларини обдон ўрганиб, хусусий боғча қуришга аҳд қилганди. Бизнес-лойиҳага мувофиқ ТИФ “Миллий банк” бўлимидан йиллик
1 фоизли ставка билан 1 миллиард 300 миллион сўм кредит олиши керак эди.
Аммо сармоя ажратилиши турли важлар рўкач қилиниб, пайсалга солинаверди. Бир неча ойдан кейин маҳаллий ҳокимлик ва банк вакиллари тадбиркорга қурилиш бош­ланганидан сўнг кредит берилишини маълум қилишди. А.Сулаймонов ўз маблағи ҳисобидан иншоотни қисман тиклади. Шунда ҳам муроди ҳосил бўлмади.  Энди мутасаддилар томонидан мантиққа тўғри келмайдиган бошқача  шартлар айтилди: ёнғинга қарши кураш бошқармасининг хулосаси, боғчада тарбиячи бўлиб ишлаётганларнинг ҳужжатлари тақдим қилиниши лозиммиш. Тадбиркорнинг бино ҳали битмаганлиги тўғрисидаги эътирозлари эса инобатга олинмади. Хуллас, ишбилармон имтиёзли кредитдан умидини узди ва мактабгача таълим муассасаси қурилишини давом эттирмасликка, чала-ярим тикланган иморатдан эса бошқа мақсадларда фойдаланишга қарор қилди...

Тўғри, айримларга тижорат банклари томонидан сармоялар бериляпти. Масалан, навоийлик Муҳаррам Назарова “Туронбанк”нинг вилоят филиалидан 1 миллиард 400 миллион сўм сармоя олишга муваффақ бўлди. Лекин тадбиркорнинг йиллик 18 фоиз устама тўлаётгани қандай изоҳлаш мумкин? Унинг айтишича, маблағга ғоят муҳтожлиги боисидан ана шундай оғир шартга кўнишга мажбур бўлган.

Юқорида баён қилинган ҳолатлар бўйича мисоллар ҳали қўлимизда жуда кўп.

Партиямиз вакиллари нодавлат мактабгача таълим муассасаси қуриш учун имтиёзли кредит ололмаётган 127 нафар тадбиркорни ҳисобга олишди!

Мазкур рақам масаланинг жиддийлигидан дарак беряпти. Албатта, сафдошларимиз  фақатгина муаммони қайд этиш билан чекланиб қолаётганлари йўқ. Уларнинг ечимини топиш учун бор имконият ва ваколатларни ишга солишяпти. Тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари йўлланяпти, мансабдор шахслар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказиляпти, шунингдек,  бу каби оғриқли масалаларга република миқёсидаги идоралар диққати жалб қилиняпти. Тизимли саъй-ҳаракатлар эса ижобий натижалар бермасдан қолмайди.

Пировардида шуни қайд этишни истардикки, хусусий боғча қуриш учун имтиёзли тартибда кредит олганлар ҳам талайгина. Бошқача айт­ганда, кимгадир сармоя бериляпти, кимгадир эса йўқ. Мактабгача таълим вазирлиги, тижорат банклари имтиёзли кредит олишга талабгорларни қандай мезонлар асосида саралаяпти? Депутатларимиз, партиямиз фаоллари ана шу саволга ҳам жўялироқ жавоб топсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Юсуфжон ЮСУПОВ,

 O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитасининг

 депутатлик бирлашмалари билан

 ишлаш бўлими етакчи консультанти

  • Кўрилди
    1704
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+