“Invest in Khorezm” халқаро инвестиция форуми хоразмлик тадбиркорлар учун катта имконият эшигини очди

15.04.2019, 16:48

“Invest in Khorezm” халқаро инвестиция форуми хоразмлик тадбиркорлар учун катта имконият эшигини очди

Хоразм вилоятида биринчи марта ўтказилган “Invest in Khorezm” халқаро инвестиция форумида Хитой, Россия, Франция, Саудия Арабистони, Малайзия, Озарбайжон, Баҳрайн, Туркманистон каби дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан 100 дан зиёд компания вакиллари иштирок этди. Шунингдек, форумда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар ҳам қатнашди.

Халқаро анжуманда қуёшли ўлкамизда замонавий иссиқхоналар, интенсив боғларни янада кўпайтириш, логистика марказларини қуриш, деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик ва шу каби соҳаларда кластерларни хорижий тадбиркорлар билан биргаликда ташкил этиш, қадим Хивамиз, воҳамизнинг туризм салоҳиятини янада оширишга хоразмлик тадбиркорлар доимо тайёр эканликларини билдирди.  

Форум доирасида ўтказилган “B2B” форматидаги учрашувда Хоразм вилояти ҳокими хорижий компаниялар вакиллари билан суҳбатлашди.

Қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм, ижтимоий соҳа йўналишларида 100 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар тақдимоти, ҳудуддаги корхоналар ва кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган турли маҳсулотлар ярмаркаси эса форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Мазкур ярмаркада қатнашаётган тадбиркорларнинг катта қисмини O‘zLiDeP фаоллари ташкил этди.

- Ушбу кўргазмага ўзимизда ишлаб чиқарилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сараланиб қадоқланган маккажўхори, томат пастаси, қадоқланган бодринг ва аччиқ мурч каби маҳсулотларимиз билан қатнашдик, - дейди “Элита чорванасл” МЧЖ раҳбари, O‘zLiDeP фаоли А.Рўзметов. – Форум доирасида арабистонлик тадбиркорлар билан томат пастасини экспорт қилиш бўйича келишувга эришдик. Келгусида ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Маҳаллий тадбиркорлар билан ҳам гўшт ва гўшт маҳсулотларимизни сотишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. 

- Бўлиб ўтган мазкур форум менда катта таасурот қолдирди, - дейди “Соёт автомабилчи” МЧЖ раҳбари, Хива туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Машариф Бекчанов. – Ўзимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни хорижлик меҳмонларимизга кўрсатдик, уларга мазаси ва сифати ҳам маъқул келди. Шунингдек, ўзлари ишлаб чиқарилаётган шу каби маҳсулотлар борасида бизларга қизиқарли маълумотлар берди. Ўзаро тажриба алмашиш майдонига айланган мазкур форумда кўплаб чет эллик тадбиркорлар билан дўстлашдик. Бизни ҳам ўз юртларига таклиф қилдилар.

Форум доирасида иштирокчилар шунингдек, вилоятдаги йирик корхоналар, савдо, туристик ва қишлоқ хўжалиги объектларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан ҳам танишдилар. “Хоразмга инвестиция киритинг” шиори остидаги халқаро инвестиция форуми хорижий давлатлар билан вилоятимиз ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очди. Форум доирасида кўплаб ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Жуманазар Қурбанов,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

раисининг биринчи ўринбосари,

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    1294
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+