Сайхунободлик ёш тадбиркор Гулчеҳра Файзуллаеванинг тикувчилик корхонасида маҳорат дарси ўтказилди

15.04.2019, 17:26

Сайхунободлик ёш тадбиркор Гулчеҳра Файзуллаеванинг тикувчилик корхонасида маҳорат дарси ўтказилди

Гулчеҳра Файзуллаева Сирдарё вилоятидаги энг ёш, энг кўп иш ўринлари яратган тадбиркорлардан. Унинг “Гули модалар дунёси” тикувчилик корхонасига асос солганига ҳали бир йил бўлгани йўқ. Аммо, Сайхунобод туманидаги болалар боғчасининг эски, тўкилиб қолган биносини ноль қийматда олган ёш тадбиркор ўтган муддат мобайнида 1 миллиардга яқин инвестиция киритишга муваффақ бўлди. Ҳокимият балансида турган мазкур бинони ўтган йили ёз ойларида ижарага олгач, реконструкция ишлари жадаллик билан тугалланди.

Тадбиркорликни бошлаш учун “Миллий банк”нинг Сирдарё вилоят филиалидан 450 миллион сўм миқдорида кредит олган Гулчеҳра 100 та тикув машинасини сотиб олиб цехларни керакли жиҳозлар, мутахассислар  ва зарур хом ашё билан таъминлади.

Дастлаб 50 нафар тикувчи билан иш бошлаган ёш тадбиркор болалар кийим-кечакларини тикиб ички бозорга чиқарди. Оз фурсат ичида ўндан зиёд турдаги маҳсулотларини четга ҳам экспорт қила  бошлади.

Ҳозирда мазкур тикувчилик корхонасида 150 нафардан зиёд хотин-қизлар иш билан банд. Корхонанинг Сурайё Қодирова, Жамила Ўразова,  Насиба Мусурмонова, Дилрабо Қаюмова сингари қўли гул чеварлари бошқаларга намуна бўлишмоқда. Айни пайтда тикувчи қиз-жувонлар томонидан “Бек кластер”  масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона, “Оқолтиндон”акциядорлик жамияти ишчи-хизматчилари ҳамда туман фермер хўжаликлари учун буюртма асосида махсус кийим-бошлар тикиш ҳам йўлга қўйилди. Ушбу маҳсулотлар Россия ва Туркия давлатларига ҳам эскпорт қилиниши режалаштирилган.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Бугуннинг тадбиркор аёли” мавзусида мазкур тикувчилик корхонасида маҳорат дарси ташкил этилди. Гулистон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ҳамда Сайхунобод туманидаги “Пахтакор” маиший касб-ҳунар коллежи битирувчилари ёш тадбиркор Гулчеҳра Файзуллаеванинг тадбиркорлик фаолияти, қўлга киритган ютуқлари, тадбиркорликнинг сир-асрорларини ўрганишди. Тажрибали тикувчилар матоларни танлаш, қайси мавсумда қандай матолардан кийим-бошлар тикиш, қайчилардан фойдаланиш, тикув дастгоҳларини бошқариш бўйича маҳорат дарсларини ўтишди.

 Ушбу корхонада қўшни ҳудудлардан ҳам ёшларни жалб қилиб маҳорат дарсларини ташкил қилиш, ўз бизнесларини йўлга қўйишда яқиндан кўмаклашиш борасида келишиб олинди.

Қўшимча тарзда яна шуни таъкидлаш жоизки, “Гули модалар дунёси”нинг ўзида қандолатчилик цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Тўй-маросимларга, байрамларга, турли тадбирларга тортлар, 20 хилдан зиёд қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлаб туҳфа қилиняпти. Шу ернинг ўзида ҳам ўндан зиёд қишлоқ хотин-қизларининг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, ёш болали аёлларнинг самарали меҳнат фаолиятини олиб боришларида айрим муаммолар пайдо бўлаётганлиги туфайли 10 нафар бола учун уй боғчаси ташкил қилинди. Тиниб-тинчимас тадбиркор тумандаги “Иттифоқ” МФЙ ҳудудида 100 ўринли хусусий болалар боғчасини очиш ташаббуси билан чиқди. Унинг ташаббуси қўллаб–қувватланиб,  “Асакабанк”нинг вилоят филиалидан 3 миллиард 180 миллион сўм миқдоридаги маблағ молиялаштириб берилди. Икки қаватли, барча қулайликларга эга боғчасининг май ойида очилиши мўлжалланмоқда.

Эндигина 28 ёшнинг остонасидан ҳатлаган тадбиркор Гулчеҳра Файзуллаеванинг жонкуярлиги, ишбилармонлиги шак-шубҳасиз таҳсинга лойиқ.

Сабохат БОБОЕВА,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

аёллар билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    1836
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+