O‘zLiDeP ишчи гуруҳи Фарғонада ҳам томорқадан самарали фойдаланиш борасида тарғибот ишларини олиб боряпти

15.04.2019, 17:39

O‘zLiDeP ишчи гуруҳи Фарғонада ҳам томорқадан самарали фойдаланиш борасида тарғибот ишларини олиб боряпти

Аввал хабар берганимиздек, барча ҳудудларда бўлгани каби O‘zLiDeP Фарғона вилоят кенгаши ташаббуси билан ҳам туман ва шаҳарлар кесимида партия фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳ вакиллари тузилиб аҳоли томорқаларини ўрганишяпти, бўш турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасида тарғибот ишлари йўлга қўйилган.

Партия ходимлари, депутатлар, БПТ раислари ва намунали томорқачилардан иборат 76 та ишчи гуруҳ вакиллари аҳоли хонадонларида мевали дарахтлар экиш, иссиқхоналар ташкил қилиш, шунингдек аҳолининг кунлик эҳтиёжи учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича маслаҳат ва кўмак бериляпти.

Бугунги кунга қадар ишчи гуруҳлар аъзолари туман ва шаҳарлардаги 11 мингга яқин хонадонга кириб, аҳоли ўртасида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ва ўрганиш ишларини олиб боришди. Натижада ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган аҳоли хонадонларидаги фойдаланилмай турган 5,9 гектар ер майдонига хомийлар жалб этилган ҳолда ишлов берилиб, 4 мингга яқин кўчатлар тарқатилди.

- Бугун томорқадан самарали фойдаланиб, ерга меҳримизни бермасак эртага даромад олишимиз қийин бўлади, - дейди Қувасой шаҳар Боғбон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи тажрибали томорқачи Х.Акбарова. -  “Меҳнатнинг таги роҳат” деб бежизга айтилмаган. Томорқамиздан унумли фойдаланиб, 6 сотих ердан йилига 35 миллион сўмга яқин даромад оляпмиз. Партия вакиллари билан биргаликда аҳоли ўртасида маҳорат дарсларини ташкил этиб келяпмиз. Мақсадимиз ўз тажрибаларимизни бошқа фуқароларга ҳам оммалаштириш, озроқ бўлсада ерга бўлган муносабатини ўзгартириш.

Бундан ташқари шахсий томорқасидан унумли фойдаланмаган, етарли тажрибага эга бўлмаган фуқаролар учун тажрибали томорқачиларни жалб қилган ҳолда 20 дан ортиқ маҳорат дарслари ташкил қилинди, уларга 900 нафарга яқин томорқачилар иштирок этди. Маҳорат дарслари давомида аҳоли вакиллари томорқада экинларни етиштириш, парваришлаш ва ишлов бериш бўйича тажриба алмашишди.

- Партия томонидан ташкил қилинган маҳорат дарсида иштирок этиб, кўплаб янгиликларни олдим. Айниқса, “O‘zLiDeP кутубхонаси” рукни остидаги маҳсулотларни етиштириш бўйича қўлланмалар биз учун фойдали бўлди. Кўплаб янги билимларни олдик. Томорқамизда гул кўчатларини етиштиришни ўз олдимга мақсад қилдим, - дейди Миришкор кўчасида яшовчи Х.Алимова.

Ўрганишлар натижасида ўз томорқасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган фуқаролар кредит олишда қийинчиликка дуч келаётганлиги ҳам кўзга ташланди. Партия фаоллари 15 нафар фуқарога кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишди.

- Партия ходимларининг амалий ёрдами билан 2 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилдим. Иссиқхонамизга лимон кўчатини экиб, унинг ён атрофларига турли кўкатлар, сабзавот маҳсулотлари етиштиришни мақсад қилдим. Тажрибали томорқачиларнинг менга ўргатган маҳорат дарслари самарали ҳосил олишга, томорқадан тушган маблағ эвазига уни янада кенгайтиришга катта туртки бўлади деб ўйлайман, - дейди Шўроқер маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Э.Янгибоев.

Шунингек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан “O‘zLiDeP кутубхонаси” рукни остида чоп қилинган ўн беш турдаги маҳсулотларни етиштириш бўйича 15 мингдан ортиқ, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича имтиёзлар тўғрисида 5 мингга яқин тарғибот материаллари тарқатилди.

O‘zLiDeP вакиллари томонидан ташкил этиб келинаётган бу каби амалий семинарлар вилоятнинг энг чекка қишлоқларида ҳам давом этмоқда.

Аброр ОТАБОЕВ,

O‘zLiDeP Фарғона

вилояти Кенгаши

масъул ходими

  • Кўрилди
    1606
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Алимова Ҳолидахон Позиловна O‘zLiDeP Фарғона вилояти Қувасой шаҳар Кенгаши2019-04-17 18:45:42

АХОЛИ БИЛАН УЧРАШУВЛАРНИНГ ШУНЧАКИ КЕЧМАСЛИГИ ШАРТ. АХИР БИЗ КИРИБ БОРАЁТГАН ХОНАДОН ВАКИЛЛАРИ НИМАДИР ЯХШИЛИККА САЗОВОР БЎЛИШИ КЕРАК. ЗАРУР МАСЛАХАТЛАР, МУХИМ ЁРДАМЛАР ВА ЭРИШИЛГАН НАТИЖАЛАРГИНА БИЗНИНГ САЪЙИ ХАРАКАТЛАРИМИЗГА ЮАХО БЕРА ОЛАДИ. ЮРТДОШЛАРИМИЗНИНГ ХОНАДОНЛАРИДА ЎТАЁТГАН СЕМИНАРЛАР ЭСА МАҲАЛЛАЛАРДА ЯНГИДАН ЯНГИ ҒОЯ ВА ТАШАББУС БИЛАН ЧИҚАДИГАН ТОМОРҚАЧИЛАРНИ КЎПАЙИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+