Одил судга ишонч ислоҳотларга ишонч демакдир

18.04.2019, 15:17

Одил судга ишонч ислоҳотларга ишонч демакдир

Энг кўҳна меросларимиздан бири саналмиш “Авесто”да жамиятда адолатни қарор топтиришга қаратилган шундай битик учрайди: “Ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида ўйлама, ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида суҳбатлашма, ҳаққоний амалдан ўзга ҳеч нарса билан шуғулланма”.

Инсоният яралгандан бери қайси ҳудуд ва замонда ёки жабҳада бўлмасин, адолатга қараб талпинган, унга суянган ҳамда адолат таъминланадиган маконга интилган. Зеро, адолат ҳам маънавий, ҳам ижтимоий ва, албатта, табиий эҳтиёждир. Дастлаб жамиятда урф бўлган анъана ва одоб-ахлоқ қоидалари мезон тутилган адолат ҳар қачон жамият аъзоларини ортидан эргаштирган. Бугун эса унчалик ҳам идеал таъриф эмасдир-у, аммо қонунлар ва уларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш жараёнини биз адолат деб қарамоқдамиз. Шундан келиб чиқсак, бу мезонни таъминловчи олий маскан – суд ва у амалга оширадиган одил судловдир.

Зеро, давлатимиз раҳбари 2017 йил 13 июндаги суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида “...Адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, таъмагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани”ни бежиз таъкидламаган эди.

Демак, аввало суд тизими олдида турган дастлабки масала тизимга маънавиятни фаол сингдиришдир. Судьялар олий мактабида судьялик лавозимларига номзодларнинг бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича тайёрлашда маънавият фанини алоҳида дарс сифатида киритиш, адолат ва маънавиятни дастуриламал қилиб олиш долзарб вазифалардан бири саналади.

Одил судловни таъминлаш учун аввало норма ижодкорлиги, қонун ҳужжатларининг мукаммаллиги асосий омиллардан ҳисобланади. Чунки суд қабул қилаётган ҳужжатлар у ёки бу қонунларга асосланади. Жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатлари жиноят ҳуқуқига оид қонунчилик, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларда эса шу соҳа асосий қонунлари билан бир қаторда ижро ҳокимиятининг ҳужжатлари ҳам кенг қўлланилади.

Агар таҳлилларга эътибор қаратсак, амалдаги қонун ҳужжатларида нормалар тарқоқлиги ва бир-бирини инкор этувчи хусусиятлар ҳамда алоҳида соҳаларни тартибга солувчи яхлит, тизимли, бир йўла, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий асоси ҳар доим ҳам таъминланмаётгани, ҳавола ва қолип нормаларнинг салмоғи анча юқорилиги кўринади. Яна бир муҳим жиҳат, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий юки, яъни юридик кучи белгилаб қўйилган бўлса-да, яхлит қонунларнинг ўрни бошқа қонун ҳужжатлари билан таққослаганда, ҳар қачон ҳам устун мавқе касб этмайди. Яъни, мавжуд қонунлардаги нормалар мақсад қилинганидек, тўғридан-тўғри амалга кира олмаяпти. Бу эса айни нормалар судлар томонидан етарлича қўлланилмаётганидан далолатдир. Бир сўз билан айтганда, одил судловни таъминлаш учун, аввало, мавжуд ҳуқуқий асосларни тизимлаштириш, ҳуқуқий жиҳатдан ечимини кутаётган қонун нормаларидаги ҳамда ҳужжатларидаги ўзаро зиддиятларни жиддий қайта кўриб чиқиб, энг қисқа муддатларда бартараф этиш зарур.

Ёдда тутмоқ лозимки, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини юксалтириш, белгиланган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга ошиши маълум даражада ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасига, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёни сифатига ҳам боғлиқ. Бу эса ҳуқуқий тартибга солишнинг салбий амалиёти давом этишига олиб келмоқда. Натижада ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашни турлича талқин қилиш ва бир талай мураккабликлар юзага келмоқда. Албатта, бу ҳолат судлар фаолиятига ижобий таъсир этмайди. Энг ёмони, аҳолининг судлар фаолиятига ишончи мустаҳкамланмайди.

Мукаммал қонунлар шунинг учун ҳам одил судловнинг асосини ташкил этади. Судлар процессуал қонунчилигида, масалан: Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси 11-моддасида “судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Респуб­ликасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажаришлари шарт”, дея қайд этилган. Ўзбекис­тон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 15-моддасида “суд маъмурий ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади” ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 14-моддасида “суд ишларни Ўзбекистон  Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди”, деб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 13-моддасида “суд ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади”, де­йилган.

Эътибор беринг, “ушбу кодексларда низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш ҳолатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиқиб ҳал қилади” қабилидаги ҳавола норманинг мавжудлигиёқ судларда одил судловни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда ҳали ечимини кутаётган қатор муаммолар борлигини англатади.

Яна бир муҳим масала судьялик лавозими захирасини шакллантиришда ҳамон ҳуқуқни муҳофазаа қилиш органлари ходимларига кўпроқ урғу берилаётганидир. Ваҳоланки, бу борадаги энг илғор давлатлар тажрибасига юзлансак, адвокатура ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи бошқа институт вакиллари орасидан шакллантирилган судьялик корпуси дастлаб инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда унинг манфаатларига таянган одил судловни таъминлашда ўзини оқлаётганини кўрсатмоқда.

Адолат ва одил судловни таъминлашдаги яна бир муҳим жиҳат, прокуратура тизимининг суд ҳужжатларига, хусусан, фуқаролик ва иқтисодий судлар ҳужжатларига нисбатан протест институтининг кенг қўлланилаётганидир. Бу ҳолат эса айнан ушбу судлар томонидан кўрилаётган аксарият низолар учун белгилаб қўйилган “суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади. Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим”лиги ҳақидаги нормаларга мутаносиб эмас. Ваҳоланки, фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқ соҳалари тараққий этган давлатлардаги суд процессларида прокуратура органлари (прокурорлар) ҳам процессларнинг тенг ҳуқуқли аъзолари ҳисобланади. Яъни, протест бермайди, балки шикоят ва эътироз ҳуқуқидан кенг фойдаланади. Албатта, тажрибада исботланган ушбу амалиётнинг мамлакатимиз суд-процессуал қонунчилигига киритилиши – прокурор протести институтининг фуқаролик ва иқтисодий низолардан босқичма-босқич олиб ташланиши судлар мустақиллигини янада оширишга, суд процессларида тортишув ва тенг ҳуқуқлилик принципларини, оқибатда одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

Яна бир кун тартибидаги масала – судьяларнинг ҳалигача одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан тўла ҳимояланмаганидир. Тергов ва суд ишига аралашиш, “Хабеас корпус” институтини амалда кенг жорий этиш ва дастлабки терговни эмас, балки тергов олиб боришда суд назоратини лозим даражада кучайтириш борасидаги ишлар тизимли ташкил этилмагани билиниб қоляпти. Агар халқаро ҳуқуқ, илғор тажриба нуқтаи назаридан таҳлил этсак, биз ҳозирги кунда жиноят деб талқин этаётган қатор қилмишларни аллақачон жиноятлар тоифасидан чиқариш ва либераллаштириш, жиноий жазоларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўзгартириш, ҳибсда сақлаш чораси ўрнига гаров институтини қўллашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозимлиги аён бўлади.

Хулоса ўрнида айтсак, одил судловни таъминлаш борасида қилиниши керак бўлган қатор ишлар, энг аввало, судья кадрлар танлашнинг энг муносиб тизими ва услубларини жорий этиш, ўқитиш, уқдириш, малакали мутахассислар корпусини шакллантириш бирламчи масалалардан биридир. Булар сирасида судьялар захирасини шакллантиришда ҳуқуқий ҳимоя институтлари вакилларига асосий урғу қаратиш, захирадаги номзодларга маънавиятни талаблардан бири сифатида алоҳида киритиш, бугунги кун талаби даражасида жавоб бермайдиган норма ижодкорлигини, яъни одил судлов фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан узлуксиз ва тизимли таъминлашни, суд-ҳуқуқ соҳасида норма ижодкорлиги самарасини жиддий ошириш муҳимдир. Суд амалиёти умумлашмаларидан кенг фойдаланиш, қонуности ҳужжатларининг судлар фаолиятига таъсиридан босқичма-босқич воз кечиш каби вазифаларни кечиктирмаслик даркор. Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг амалга ошиш самарадорлиги аҳолининг судларга, одил судловга ишончининг ортиб бориши билан чамбарчас боғлиқдир.

Нуриддин МУРОДОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий

Кенгаши Ижроия қўмитаси

котибият мудири,

Экспертлар гуруҳи раҳбари

  • Кўрилди
    827
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+