Назарбекда шундай депутат бор

18.04.2019, 17:16

Назарбекда шундай депутат бор

“Алоқа” – Зангиота туманининг Назарбек ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бири. 422 та хонадонда 2 844 киши истиқомат қилади. Зулхумор Ҳожиакбарова 2014 йилдан буён шу МФЙнинг раиси бўлиб ишлайди. Партиявий йўналишдаги мақоламизга “хомашё” излашни шу ердан бошлаганимиз бежиз эмас, албатта. Зотан, маҳаллий кенгашга сайланган депутатларнинг нима билан бандлиги, уларнинг саъй-ҳаракатларини одамлар қандай баҳолаётгани, партия фаоллари интилиши хусусида жамоатчилик фикри жамланадиган ана шу идорадан барча маълумоту ахборотларни олиш мумкин.

Маҳалла Тошкент шаҳри ва вилоятининг чегараси туташган жойда бўлгани боис аҳолининг аксарияти пойтахтда меҳнат қилади. Маҳалла ҳудудидаги мебель цехи, маиший хизмат уйи ва тикувчилик цехида ҳам 50 га яқин кишининг бандлиги таъминланган. Ўсмирлар ўртасида эркин кураш билан шуғулланадиганлар кўп. Боиси, айнан шу ердаги мазкур спорт турига ихтисослашган муассасада тажрибали мураббийлар фаолият кўрсатади.

– Яқинда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демок­ратик партияси Зангиота туман Кенгаши томонидан “Доимо эътиборимиздасиз” номли маърифий хайрия акцияси ўтказилди, – дейди маҳалла раиси. – Халқ депутатлари Зангиота туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Шомаҳмуд Икромов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир доирасида ёзилган дастурхонга 400 дан ошиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож  оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар таклиф этилди. 80 ёшдан ошган 15 нафар отахон ва онахонларга совғалар улашилди. Туман ҳокимлиги вакиллари, турли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этган мулоқот санъаткорларнинг жозибали куй ва қўшиқларига уланди.

Зулхумор опанинг мулоҳазаларини тинглар эканмиз, 5-“Назарбек” сайлов округидан туман Кенгашига сайланган партиядошимиз, “JINZAI” хусусий бандлик агентлиги бош директори ўринбосари Шомаҳмуд Икромов билан бевосита учрашиш истаги туғилди.

– У киши “Ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин” тамойилига риоя қиладиган тадбиркорларимиздан. Арзимаган ишни оммавий ахборот воситаларига олиб чиқишни нокамтарлик ҳисоблайди, – дейди З. Ҳожиакбарова.
– Лекин биз бугун тушлик пайти у билан учрашиб, 8-мактаб ўқувчиларига китоблар совға қилиш, маҳалладаги кам таъминланган оилалардан хабар олишга келишиб қўйгандик. Ана шу фурсатдан фойдаланишингиз мумкин.

Бирпасдан кейин маҳалла идораси олдига замонавий автомобиль келиб тўхтади. Машинадан тушган ўрта ёшли йигитнинг тадбиркор эканини билиб олиш қийин эмасди. Юриш-туриши киборларга хос кўринса-да, ўзбекона одоб ила сўрашди. Ҳамроҳлик қилиш ҳақидаги таклифимизни эшитгач, “Газетага ёзиш шарт эмас” дея мактаб томон отланди. Таълим муассасаси ўқувчилари билан мулоқотга киришиб, уларга ўзи олиб келган китобларни топширди.

Мактабдан чиққандан кейин O‘zLiDeP депутати ва маҳалла раиси биргаликда Моҳира ая Муродова хонадонига киришди. Унинг 1964 йилда туғилган қизи болаликда ногирон бўлиб қолган экан. Суҳбат жараёнида Моҳира ая барча меҳрибон инсонларни дуо қилди, тадбиркор кўмагида ногиронлар аравачаси олиб берган маҳалла аҳлига миннатдорлик билдирди. Шу билан ишбилармон партиядошимизнинг тушлик вақти тугаб, хизмат вазифасини бажариш учун кетди...

Камтар депутатга аталган саволларимизга O‘zLiDeP Зангиота туман Кенгаши аппарат раҳбари Даврон Тўланов жавоб берди. Унинг айтишича, Ш. Икромов вақти тиғиз бўлишига қарамай, сайловчилар билан тез-тез учрашиб туради. Аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўз ваколати доирасида ўрганиб, ижроия ҳокимияти мутасаддиларига сўровлар чиқаради, ижросини назорат қилади. Масалан, ичимлик суви қувурлари носозлиги юзасидан “Мусаффо оби ҳаёт” масъулияти чекланган жамиятига юборилган депутатлик сўровига белгиланган муддатда жавоб қайтарилмагани бўйича туман прокурорига тақдимнома киритди. Натижада корхона раҳбарига нисбатан МЖТКнинг 193-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик қўлланилди.

Аҳолининг эътиборини тортадиган бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Чунончи, “Алоқа” МФЙ ҳудудини ободонлаштириш, “Ёш авлод” ва “Яккабоғ” кўчалари йўлини таъмирлаш юзасидан келиб тушган мурожаатлар ҳам қисқа вақтда ижобий ҳал этилди. Бунда ҳам Ш. Икромов депутат сўрови институти имкониятларидан оқилона фойдаланди.

Расмий маълумотларда қайд этилишича, халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 5-“Назарбек” округи ҳудудидаги тўртта маҳаллада жами 12 107 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Ўтган йили бўшаб қолган ўринга ўтказилган сайловда O‘zLiDeP номзодига сайловчиларнинг 83 фоизи овоз берган. Ш. Икромовнинг бугунги саъй-ҳаракатлари эса юксак ишончни оқлашга қаратилган.

Депутат бир йиллик фаолияти давомида тумандаги мутасадди ташкилотларга 52 та сўров чиқарди. Жумладан, кўчаларни ободон­­лаштириш бўйича Зангиота туман ободонлаштириш бошқармасига 14 та, йўлларни таъмирлаш бўйича йўл хўжалиги пудрат-таъмирлаш-фойдаланиш ташкилотига 7 та, электр тармоқлари корхонасига 5 та, тиббиёт бирлашмасига 3 та, халқ таълим бўлимига 4 та, мактабгача таълим бўлимига 3 та, маҳалла жамғармасига 2 та, туман ҳокимига 3 та депутатлик сўрови юбориб, уларда кўтарилган масалалар қандай ҳал этилаётганини назоратга олган.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1227
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+