O‘zLiDeP сайхунободлик 100 иш ўрин яратмоқчи бўлган тадбиркорга 50 та тикув дастгоҳлари олиб беришда кўмаклашди

18.04.2019, 17:34

O‘zLiDeP сайхунободлик 100 иш ўрин яратмоқчи бўлган тадбиркорга 50 та тикув дастгоҳлари олиб беришда кўмаклашди

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ва Сайхунобод туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури доирасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда барча тижорат банкларининг мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган фуқаролар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Йиғилишни туман ҳокими Ботир Мирзақулов олиб борди.

- Бугунги очиқ мулоқотимизни ўтказишдан мақсад тадбиркорликни бошламоқчи бўлган аҳолига яқиндан кўмак бериш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ўз бизнесларини йўлга қўйишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда  кредит маблағларини олишдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишдан иборат, - деди Ботир Мирзақулов. - Туманимизда кам таъминланган оилалар бўлмаслигига, аҳолимизнинг фаровонлигини таъминлашга, дастурхонларимизнинг тўкин бўлишига эришишимиз керак.  Бунинг учун эса мутасадди идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш лозим. 

Туман ҳокимининг таъкидлашича, шу кунгача кам таъминланган оилалардан бор йўғи 15 нафари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан 23 нафарига кредитлар ажратилган.

- Ҳудудимиздаги 97 та оила кредит олиб ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирганди, - дейди “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Ҳайитали Исматов. – Бу борадаги зарур ҳужжатлар тайёрланиб банкка тақдим этилганига қарамай уларнинг 12 нафарининг талаби “Асакабанк” вилоят филиали томонидан молиялаштирилиб берилди. Қолган фуқароларнинг мурожаатлари эса ҳар хил баҳоналар билан пайсалга солиб келинмоқда.

- Оиламиз билан асаларичилик, савдо-сотиқ, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланамиз, - деди Бахтиёр ҳожи Тоғаев. - Аммо мен туманимизда тикувчилик устахонасини очиб, хотин-қизлар учун юзга яқин  иш ўрни яратиш ниятидаман.

Б.Тоғаевнинг мурожаати шу ернинг ўзида ўзининг амалий ечимини топди. Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежидаги 50 та замонавий тикув дастгоҳлари тадбиркорнинг ихтиёрига бериладиган бўлди.

Шунингдек, тадбир давомида ўз оилавий бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган Шерзод Пирназаров, Аҳмаджон Ғуломов, Собир Ҳамроев ва бошқалар кредит олиш қийинчиликка дуч келаётганлиги борасида билдирган фикрларига банк ходимлари атрофлича жавоб беришди. Кўтарилган муаммоларнинг ҳал этилиши юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўтказилган очиқ мулоқотлар Сирдарё туманида ҳам давом этди.

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда тадбиркорликка оид бир қатор муаммолар ўртага ташланди.

Йиғилишда сўз олган  Жалил Мирзабоев  иссиқхонасини кенгайтириш,  Барно Сулаймонова нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил қилиш, Бурхан Мирзахалов қуёнчилик билан шуғулланиш, Жума Туропов ўзи истиқомат қилаётган “Ҳикматли” маҳалласи ҳудудида ҳаммом қуриш истагини билдирди.

Мазкур кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш борасида тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Ушбу мурожатларни партия депутатлик гуруҳлари ўз назоратига олди.

Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Сирдарё

вилоят Кенгаши

масъул ходими

  • Кўрилди
    521
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+