Хусусий сектор вакиллари солиқ сиёсатидаги ўзгаришлардан мамнунми?

19.04.2019, 12:02

Хусусий сектор вакиллари солиқ сиёсатидаги  ўзгаришлардан мамнунми?

Ўтган йилда солиқ  тўловчиларга бевосита дахлдор бўлган кўплаб ўзгаришлар юз берди. Солиқ тартиблари ўртасидаги номутаносиб­ликларни бартараф этиш, адолатли, ҳаммага бирдек маъқул солиқ ставкаларни жорий этиш, тадбиркорларнинг солиқ юкини камайтириш, бизнес учун тенг шароитларни яратишга қаратилган солиқ концепцияси қабул қилинди.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 2019 йилда ўтган йилдагига нисбатан 2 фоизга камайтирилиб, 12 фоиз миқдорида белгиланди. Тижорат банклари учун ҳам ушбу солиқ 22 дан 20 фоизга туширилди. Солиқ юкининг бундай пасайишини дивидентлардан олинадиган фойда солиғида ҳам кўриш мумкин. У 10 фоиздан 5 фоизга туширилди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон жаҳондаги энг паст солиқ ставкасига эга бўлган давлатлардан бирига айланди.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни қайд этиш зарур. Давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг товар айланмасидан олинадиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Бу рақамларда ифодаланса, тадбиркорлар учун катта имкониятлар вужудга келгани кўзга ташланади. Масалан, ортда қолган йилда Андижон вилоятида фаолият юритган юридик шахслар давлат мақсадли жамғармаларига 392 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратишган. 2019 йилдан унинг бекор бўлиши натижасида вилоятдаги хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида қанча маблағ қолишини тасаввур қилиш учун кучли мутахассис бўлиш шарт эмас.

Албатта, тежаб қолинган маблағлар тадбиркорлик субъектларининг фаолияти янада кенгайиши, инновацияларни тат­биқ этиб, ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ҳамда экспорт салоҳиятини ривожлантиришга кенг йўл очиб беради.

Шунингдек, солиқ турларининг кўплиги тадбиркорларимизга ноқулайликлар туғдирарди.  Шундан келиб чиқиб, солиқ сиё­сатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида уларни унификация қилишга эътибор қаратилди. Авваллари цемент (клинкер), полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар, мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи корхоналар қўшимча фойда солиғи ҳамда белгиланган рентабеллик даражасидан ортган фойдадан ҳам солиқ тўлашарди. Эндиликда уларнинг бекор қилиниши мазкур корхоналар фойда солиғини 20 фоиз қилиб белгиланишига хизмат қилди.

Мутасадди нима дейди?

Тадбиркорлардан “Биз энди умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибига ўтар эканмиз”, деган гапларни кўп эшитяпмиз. Хўш, янги тизим қандай ишлайди? Андижон вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Зуфар Юлдашевнинг мавзу доирасидаги фикрлари қуйидагича:

– Ҳозирда тадбиркорлар учун икки хил солиқ тартиби амал қилмоқда: соддалаштирилган ва умумбелгиланган. Аксарият корхоналар микробизнес шаклида фаолият юритишни афзал кўришиб, катта корхонага айланишни истамасди, сабаби, умумбелгиланган тартибда солиқ ставкалари юқори эди. Солиқ концепцияси асосида йирик ва кичик корхоналар ўртасидаги номутаносиблик бартараф этилди. Соғлом рақобат муҳитини яратиш учун аввалгидек ишчилар сони эмас, балки йиллик айланмалар миқдори асос қилиб олинадиган бўлди. Ўтган йил якунларига кўра, йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтказилди.

Тадбиркорчи?

 Аҳлиддин Зокиров, вилоятдаги “Sing Lida” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона раҳбари:

 – Солиқ тизимига жорий этилган янги тартиб тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бизда эскича, яъни, қанча кам солиқ тўласак, даромадимиз шунча кўпаяди, деган нотўғри фикр шаклланиб қолган экан. Корхонамизни йириклаштириш ўрнига микробизнес шаклида фаолият юритишни маъқул кўрганмиз-да, тўғриси. Умумбелгиланган солиқ тўлаш тизими ҳақида аниқ-равшан тушунчага эга бўлгач, корхонамиз товар айланмаси ҳажми қанча ортгани сайин, имкониятларимиз ҳам шуннча кўпайиб боришига амин бўлдим.

Нодирбек Бозорбоев, “Промстрой” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси:

– Сўнгги вақтларда нафақат тадбиркорлар, балки бизнинг ҳам асосий мавзуимиз қўшилган қиймат солиғи бўлиб қолган эди. Янги тизимга ўтиш корхона ва ташкилотларнинг харажатлари ортишига олиб келади, натижада нарх-наво кўтарилади, деган тасаввур пайдо бўлган эди. Солиқ ходимлари  ташкилотимизга келиб, белгиланган солиқ тизимини батафсил тушунтиришди. Дейлик, ҳамкоримиз, яъни хомашё етказиб берувчи корхона қўшилган қиймат солиғи тўловчиси. Ундан бизнинг корхонамиз маҳсулот сотиб олаётганда 20 фоизли ҚҚСни чегириб ташлаш имкониятига эга бўларкан. Натижада нарх ҳам ошмас, фойдамиз ҳам камайиб қолмас экан...

***

Бугун якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият олиб бораётганлар кўпчиликни ташкил этади. Жорий йилдан бошлаб уларни солиққа тортишда ҳам қатор ўзгаришлар киритилди. Хусусан, 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ тўлови ставкаси аввалгидек энг кам иш ҳақининг каррали миқдорида эмас, аниқ сўмларда белгиланган. Лекин Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш­ларга мувофиқ товар айланмаси 100 миллиондан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловчилари бўлиб ҳисобланадилар. Агарда йиллик айланма ҳажми 1 миллиард сўмдан ошса, улар ҳам умумбелгиланган тартибдаги солиқлар тўловчисига айланишади. Бунда улар юридик шахс мақомига ўтиши керак, деган талаблар мавжуд эмас.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ солиқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бундан кўзланган мақсад, аввало, аҳоли учун муносиб даромад манбаини ҳосил қилиш, қулай бизнес муҳитини яратишдир. Солиқ сиёсатидаги бундай ўзгаришлар яқин йиллар ичида мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаши муқаррар.

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr”   мухбири

  • Кўрилди
    1516
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ислом2019-04-19 16:36:14

Тадбикорни мана бу фикри мени койил колдирди : ' Бизда эскича, яъни, қанча кам солиқ тўласак, даромадимиз шунча кўпаяди, деган нотўғри фикр шаклланиб қолган экан' . Соликни куп тулаб даромад купаяди деган нарса .. лаганбардорлик хам эви билан да. Соликдаги 20% ккс ни максимум 10% га тушириш керак. Урта Осиёдаги энг катта ккс Узбекистонда кабул килинаяпти. Бу бизнесни юришини албатта заифдаштиради.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+