Чироқчининг томорқа мактаби

19.04.2019, 16:42

Чироқчининг томорқа мактаби

Хорижда ҳам довруғ таратмоқда, айниқса, бу ҳудуд эртапишар тарвуз
етиштириш бўйича катта тажриба майдонига айланиб кетди

Хўш, бундан 10-15 йиллар аввал Чироқчининг адоқсиз даштларида, айниқса, Кўкдаладай фақат баҳордагина яшил либос кийгувчи изиллаган чўлда деҳқончилик қилиш мумкин, десангиз, биров ишонармиди? Айнан Чироқчи туманида бу эртакнамо орзуни рўёбга чиқариш учун шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибори, қўллаб-қувватлови улкан аҳамиятга эга бўлди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Муболаға эмас, тўрт фаслда ҳам Ўзбекистон бозорлари (ҳозир айрим супермаркетларда ҳам) мева-чева, полиз, сабзавот маҳсулотлари билан     тўлиб-тошиб туради. Нарх-навоси, таъми фаслларга қараб сал-пал ўзгариб туриши табиий. Лекин ҳар қандай маҳсулотни ҳам экишдан тортиб, парваришлашу бозорбоп қилиб тайёрлаш осон иш эмаслигини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Бугун мамлакатимизнинг исталган ҳудудида деҳқончилик бўйича ўзига хос мактаблар яратилгани рост. Олтиариқнинг турпи-ю бодрингини қўяверинг, бугун водийнинг деярли барча ҳудудларида кўчатчилик ва узумчилик соҳасида катта тажриба тўпланди. Бу ёғи Сурхондарё, Хоразм воҳаси, Қорақалпоғистон, Бухоро томонларда зироатчилик, боғдорчилик бобида амалга оширилаётган оламшумул ишлар таҳсинга лойиқ. Улар орасида кейинги йилларда оммалашаётган яна бир ажойиб ташаббус ҳақида алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Бу – эртапишар тарвуз экиб, довруғ қозонаётган чироқчилик бободеҳқонларнинг биз билган ва билмаган сир-синоатларидир.

Хўш, бундан 10-15 йиллар аввал Чироқчининг адоқсиз даштларида, айниқса, Кўкдаладай фақат баҳордагина яшил либос кийгувчи изиллаган чўлда деҳқончилик қилиш мумкин, десангиз, биров ишонармиди? Айнан Чироқчи туманида бу эртакнамо орзуни рўёбга чиқариш учун шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибори, қўллаб-қувватлови улкан аҳамиятга эга бўлди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Чироқчи туман Кенгаши раиси ўринбосари Фарҳод Элмуродов билан туман марказидан Самарқанд томонга машинада бир соатлар чамаси йўл юрганимиздан сўнг, Кўкдала кенгликларида қордек оппоқ бўлиб ястаниб ётган плёнка билан қопланган майдонлар кўзга ташланди.

– Ҳозир одамлар орасида “Чироқчи тажрибаси” деган ибора урфга айланди, – дейди ҳамроҳим алвондек қизариб, чор-атрофга гўзаллик бахш этаётган далаларга ишора қилиб. – Табиатнинг гўзаллигини қаранг. Бу йил баҳорнинг серёғин келганлиги барчани қувонтириб юборди. Лалмикор ғалла майсалари аллақачон бошоқ ола бошлади. Бизникилар, кейинги йилларда ҳақиқий тадбиркорга айланганининг яна бир исботи шуки, бугун улар юртимизнинг исталган бозорларига помидор, бодринг ва тарвузни  биринчи бўлиб чиқаришяпти. Ишонаверинг, ҳатто Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Китоб туманлари деҳқонлари иссиқхонада бундай маҳсулотлар етиштириш сир-асрорларини тумандошларимиздан ўрганишяпти. Биз томорқа мактабини ривожлантириш борасида жойларда бўлганимизда, одамлар ҳар қарич ердан сабзавот ва полиз маҳсулоти етиштириш учун унумли фойдаланаётганини гувоҳи бўлаяпмиз.

– Юрингчи, сизни вилоят миқёсида плёнка остида тарвуз-қовун етиштиришни бош­лаб берган, тиним билмас ва изланувчан бир инсон билан таништираман. Ташаб­бускорлиги, меҳнатсеварлиги туфайли Қашқадарё вилоят тарвуз-қовун етиштирувчилар ассоциацияси раиси этиб сайланди. Ҳов ана, биз томонга келаётган “Президент совғаси” деган ёзув битилган “Спарк” машинасини  ҳам воҳада тарвузчиликни ривожлантириш ташаббускори бўлгани учун қўлга киритган. Аммо жуда камгап. Мақтанишни хуш кўрмайди. 

Иш билган гап билмайди, деганлари рост экан. Улуғбек билан суҳбатимиз аввалига бироз қовушмади. Мен ундан иссиқхоналарни кўрсатишни сўрадим. Кун анча салқин бўлишига қарамай, иссиқхона ичидаги ҳаво анча мўътадил эди. Ёппасига гуллаб, ҳосилга кирган тарвузлар эътиборимни тортди. Шамол кучайиши билан ишловчилар иссиқхоналар четидаги  плёнкаларни ёпиб, четига тупроқ тўлдира бошлашди. Чунки кучли шамол бир неча бор плёнкаларни қўпориб ташлар экан. Шу боис иссиқхона чети очилдими, ҳушёр туриш керак. Бу ернинг шамоллари жуда кучли бўлиб, омилкор бўлмасангиз, афсус чекиб қолаверасиз. Энг муҳими, бу иссиқхоналар иситилмайди. Маҳсулот табиий шароитда пишиб етилади.

– Инсон бахт ва бойликни ўз юртидан излаши керак, агар Оллоҳ туҳфа этган иқтидорини ишга солса, ҳаёти фаровонлашиб, рўзғорига барака киради, – дейди чироқчилик тадбиркор Улуғбек Жумамуродов. – Ишбилармон одам доимо янгиликларга қўл уришдан чўчимаслиги керак. Ўзимдан қиёс, ака, керак бўлса ҳамма нарсага вақт топаман. Китоб ўқийман, телевизор кўраман, мамлакат ва дунёда содир бўлаётган янгилик-ўзгаришлардан хабардор бўлишга интиламан.  Давлат томонидан шунча имконият, имтиёзлар яратиб бериляпти бизларга. Шундаям турли хил баҳона-важлар қидирсак, ношукурлик бўлади.

Тасаввур қилинг, 1996 йилга қадар Кўкдала кенгликларида лалми ғалла экилар, одамлар фақат чорвачиликдан бошқа иш билан шуғулланар, деҳқончилик, боғдорчилик деган соҳалар бизга бегона эди. Сабаби, бу ерларда оқава сув умуман йўқ эди. Ҳаммамиз катта-катта майдонларга дон сепиб, осмонга термулиб ўтирардик.  Баҳор серёғин келса, берди худо, ғалла ҳосили мўл бўлиб, тўйлар кўпайиб қоларди. Акси бўлса-чи, урди худо, рўзғор тебратиш муаммога айланарди. Уруғга куйиб қолган одамлар, кейинчалик қирликларга дон сепишга ҳам қўрқиб қолди. Ана шундай оғир кезларда менинг хаёлимга лалми майдонларда тарвуз етиштириш фикри пайдо бўлди. Ўз ҳисобимдан каттагина маблағ сарфлаб, артезиан қудуғи қаздирдим. Ерга ишлов бериш, минерал ва маҳаллий ўғит ва плёнка харид қилиш учун чорва молларимни ҳам сотиб юбордим. Ҳамманинг кўзи менда. Томошабин кўп. Улар қўй-қўзи ва чорва молларини боқиб юрарканлар, ҳадик ва хавотир билан менинг ишларимни кузатиб туришарди. Улуғбек бу йил бор-будидан айрилади, томоша қиласизлар, дегувчилар ҳам топилди. Мен уларнинг гап-сўзларига эътибор ҳам қилмасдан, плёнка остида тарвуз етиштириш технологиясини ўзлаштира бошладим. Дастлабки йил бир қават плёнка остида экканлигим учун тарвузларим бироз кечроқ тайёр бўлди. Аммо ҳосил пишиб етилгач, қўлим-қўлимга тегмай қолди. Далани харидор босди. Чунки бу маҳалда ҳеч кимнинг тарвузи чиқмас эди-да. Даромад зўр бўлди. Кетган харажатларни қоплаб, янги машина ҳам сотиб олдим. Устимдан кулганлар, тилларини тишлаб қолишди. Орадан кўп ўтмай улар менинг ёнимга маслаҳат ва ёрдам сўраб келишди. Шу тариқа Чироқчида эртачи тарвуз етиштириш мактабига асос  солганман. Ҳозирда элликка яқин шогирдларим воҳамизнинг иккала туманида полиз маҳсулотлари етиштириб, миллионерларга айланишди...

Улуғбекнинг таъкидлашича, мўмайгина даромад қиламан деган миришкор ўз маҳсулотини бозорга биринчилардан бўлиб олиб чиқиши шарт. Бунинг учун ҳаракат қора қишда бошланиши керак. 1 январдан бошлаб, тарвуз уруғлари  иссиқхона ичида махсус идишларга экилиб, парвариш қилина бошлайди. 20 февралдан бошлаб даладаги иссиқхоналарга идиши билан кўчириб ўтқазилади ва совуқдан асраш учун икки қават плёнка билан ёпилади. Мартнинг ўрталарига келиб, тарвуз ниҳолларининг ривожига қараб, кунлар исий бошлагач, бир қават плёнка олиб ташланади. Вақти-вақтида минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириб турилади. 15 майдан сўнг ҳосил тўлиқ тайёр бўлади. Ўтган йили тарвуз-қовун маҳсулотлари Россия ва Латвия давлатларига катта миқдорда экспорт қилинди. Бу йил эса улар сафи янада кенгаяди. Чунки Беларусь, Жанубий Корея ва бошқа бир қатор давлатлар Қашқадарёнинг шириндан-шакар полиз маҳсулотларини харид қилиш ниятида шартнома имзоламоқдалар.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Қашқадарёга ташрифидан сўнг биз полизчиларни қийнаб турган иккита катта муаммо ўз ечимини топди, – дейди суҳбатдошим сўзида давом этиб. – Илгари қанча айтсак  ҳам бу камчиликлар бартараф этилган эмасди.  Маълумки, Кўкдала кенгликлари ва Косон лалми майдонларида етиштирилаётган полиз экинларини суғоришда артезиан қудуқларидан фойдаланилади. Бироқ трансформатор эски ва кам қувватли бўлгани учун электр таъминотида тез-тез узилишлар содир этилар, бу маҳсулот сифати ва ҳажмининг камайиб кетишига сабабчи бўлар эди. Дала ишлари бошланиши олдидан 4 минг КВтли трансформаторлар 10 минг КВт трансформаторларга алмаштирилгач, электр таъминоти яхшиланди.

Тарвуз-қовун даладан териб олингач, харидорга етказилгунча ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ташиладиган ноёб маҳсулот ҳисобланади. Салгина эътиборсизлик қилсангиз, қилган меҳнат ва харажатга куйиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Чироқчи ва  Косон туманларини боғлайдиган 16 километр йўл бутунлай яроқсиз бўлиб  қолганлиги учун биз полизчилар кўп азият чекар эдик. Бу йўлдан ўтган машинага юкланган маҳсулот сифатини бутунлай йўқотарди. Жорий йил мавсум олдидан бу йўллар сифатли таъмирлаб берилди. Бунинг учун мамлакатимиз раҳбаридан чексиз миннатдормиз. Дарвоқе, юртбошимиз бу йил воҳа лалми майдонларидаги  20 минг гектар ерда тарвуз-қовун етиштириш юзасидан кўрсатма берган эдилар. Бугунги кунда биз ана шу топшириқни адо этиш учун режа асосида иш олиб бораяпмиз. Айни пайтда 6 минг гектар ерда эртачи тарвуз етиштириляпти. 2 минг 500 гектар майдонга эса ўртачи тарвуз экиш давом этмоқда. Ғалладан бўшаган 5 минг гектар майдонларга эса лалми тарвуз уруғи қадалади.

Дарҳақиқат, Кўкдаланинг ўзида 13 минг гектар лалми ер майдонлари мавжуд. Ярмига буғдой-арпа, ярмига эса тарвуз-қовун экилади. Косонда эса 1 минг 700 гектар эртачи, 2 300 гектар ўртачи полиз маҳсулотлари баравж ривож­ланмоқда. Миришкорларнинг таъкидлашича, полиз-ғалла алмашлаб экилиши яхши самара берар экан. Тарвуз-қовунни ҳар йили битта майдонга такрор экиб бўлмайди. Ўргимчаккана ва фузароиз касаллигига чалинмаслиги учун ҳар йили янги ер керак. Бу йил Қашқадарёда 6 минг гектар ерда эртачи тарвуз етиштириляпти. 2 минг 500 гектар майдонга эса 1 қават плёнка остида ўртача тарвуз экиш давом этмоқда. Ғалладан бўшаган 5 минг гектар лалми майдонларга тарвуз экиш режалаштирилган. Эртачи тарвуз учун синовдан муваффақиятли ўтган Голландиянинг “Долби”, “Виктория” ва “Талсман” навлари экилган. Етиштирилаётган “Кримсонсвет”, “Продюсер”  ўртачи тарвуз уруғлари эса Голландия ва Америкадан келтирилган.

– Асосий мақсад – ўз маҳсулотларимиз билан Жанубий Корея бозорларига ҳам кирмоқчимиз, – дейди Улуғбек гурунгимиз сўнгида. – Мен яқинда бу мамлакатда бўлиб, бозорларини ўрганиб қайтдим. Бир килограмм тарвузнинг нархи 10 доллар тураркан. Тарвуздан олинадиган шарбат ва қиёмни уларнинг дўконларида тополмайсиз. Чунки 1 кг. қиёмни тайёрлаш учун 10 кило  тарвуз маҳсулоти керак бўлади-да. Энди унинг нархини ҳисоблаб кўраверинг. Бундай қиммат қиёмни ҳеч ким харид қилмайди. Бизда эса мавсум пайтида 1 кг. тарвуз минг сўм туради.

Кўрдингизми, мен сайру саёҳат учун борганим йўқ у ёққа. Шу баҳонада кореяликлар билан полиз маҳсулотларини қайта ишлайдиган замонавий технологиялар харид қилиш учун шартномалар имзоладим. Тарвуз шарбати ва қиёми, қовун мураббоси ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Заводнинг Кўкдаланинг қоқ марказида  барпо этаман. У ишга тушгач, воҳа миришкорлари ўзларининг полиз  маҳсулотларига харидор излаб, овора бўлишмайди.  Юз фоиз маҳсулотни қайта ишлаймиз. Даромадимиз ҳам икки ҳисса ошади.    

 Қашқадарёлик ташаббускор полизчи бу йил 1 гектар майдонга тарвуз, 1 гектар ерга эса Франциянинг “Клаус” фирмасидан олиб келинган “Декаро” қовун уруғидан экибди. Маҳсулотнинг асосий қисмини харид қилиш учун хорижликлар тайёр туришибди. Учгумбаз қишлоғида яшовчи Кенжа Узоқов ҳам 15 йилдан буён плёнка остида помидор, бодринг ва тарвуз-қовун етиштириб келмоқда. Бу йил 80 сотих майдонда деҳқончилик қилмоқда.

– Полиз маҳсулотлари етиштиришни мус­тақиллик йилларида ўтамайлилик миришкорлардан ўргандим, – дейди у. – Деҳқонга барака йўқ деганлари ёлғон эканини чироқчиликлар исботлашяпти.  Илгари нуқул чорвачилик билан шуғулланиб, косамиз оқарган эмас. Чунки биз лалми майдонларда яшаймиз. Ёмғир ёғмаса, далаларимиз тупроққа айланиб қолиб, майда шохли моллар қирилиб кетади. Эртачи полиз ва сабзавот маҳсулотлари экишни бошлаганимиздан сўнг, чўнтагимиз пул кўрди, данғиллама ўйлар солдик, қўша-қўша машиналар харид қилдик. Ҳосил тайёр бўлгач, қишлоқларда тўйлар бошланиб, кўпкари ва кураш мусобақалари авж олади. Буларнинг бариси ер билан тиллашишнинг ҳадисини олганимиздан.

Ҳа, бугунги кунда воҳада фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари тасарруфида 15 минг нафар аҳоли полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланмоқда. Келажакда улар сони ўттиз минг нафарга етказилади.

Хирмонингизга барака, азиз бободеҳқоним!

Сайфулла ИКРОМОВ,

“XXI asr” мухбири.

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    7106
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

GULOMJON2021-05-10 03:48:37

Ушбу тарвуздан заказ қилмоқчи эдик, чироқчида етиштирган одам билан қандай боғланамиз


Нурали2020-05-14 20:11:49

Туманда тарвуз етиштиришни янада купайтириш керак


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+