Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга қаратилган республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди

19.04.2019, 16:55

Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга қаратилган республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш: институционал, иқтисодий ва ташкилий жиҳатлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Конференцияда қимматли қоғозлар билан боғлиқ биржадан ташқаридаги битимлар ҳисоб регистри, қимматли қоғозлар бозорида манипуляциянинг олдини олиш қоидалари ва қимматли қоғозлар билан репо битимларни амалга ошириш низомига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида сўз борди.

Тадбир иштирокчилари томонидан Молия вазирлиги томонидан чиқарилган давлат қимматли қоғозлари чиқарилишларининг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва сўндирилиш тартиби, еврооблигациялар чиқариш ва жойлаштириш масалалари, тижорат банкларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини ривожлантириш сабаблари ва муаммолари кенг муҳокама қилинди.

Конференция иштирок этган экспертларнинг фикрича хозирги кунда, тижорат банклари мамлакатимиз қимматли қоғозлар бозорининг малакали  иштирокчиси сифатида,  бир вақтнинг ўзида,  бир нeча хилдаги вазифаларни бажариши мумкинлигини эътироф этишди.

Таъкидланганидек, республикамизда тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида эмитент, инвестор ва молиявий хизмат кўрсатувчи бўлиб ҳам иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелдаги “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида банклар амалга оширадиган банк операциялари таркибига “қимматли қоғозлар чиқариш, харид қилиш, сотиш, ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, қимматли қоғозлар билан бошқа операцияларни бажариш” ҳам кўрсатилган.

Тижорат банкларининг инвестор сифатида қимматли қоғозлар бозорига иштирок этиш ҳолатини кўриш учун уларнинг активлари таркибини кўриб чиқиш лозим. 2018 йил 1 февраль ҳолатига банк тизими активлари таркибида инвестициялар ва бошқа қимматли қоғозлар 1585 млрд.сўмни ёки активларнинг 0,9% ташкил қилган бўлса, 2019 йил 1 февраль ҳолатига ушбу кўрсаткичлар мос равишда 2364 млрд. сўм ва 1,1% бўлган. Ушбу ҳолат банкларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвестор сифатида иштирок этиши жуда сустлигини кўрсатади.

Шунингдек, тижорат банклари ўзларининг ресурс базасини кенгайтириш учун аҳоли, хўжалик субъектлари ва муассасаларнинг бўш маблағларини жалб қилишда депозит сертификатлари ва корпоратив облигациялар эмиссиясидан фойдаланишади. Аммо республикамизда тижорат банкларининг ушбу йўналишда ҳам фаоллиги жуда пастдир. Буни банк тизимининг мажбуриятлари таркибида чиқарилган қимматли қоғозларнинг ҳажми ва улушидан кўриш мумкин. 2018 йил 1 февраль ҳолатига банк тизими мажбуриятлари таркибида чиқарилган қимматли қоғозлар 125 млрд.сўмни ёки жами мажбуриятларнинг 0,1% ташкил қилган бўлса, 2019 йил 1 февраль ҳолатига ушбу кўрсаткичлар мос равишда 10 млрд. сўм ва 0,01% бўлган.

Конференция иштирокчиларининг таъкидлашича, амалга оширилаёган ушбу кенг қамровли ислоҳотларга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Жаҳон Банки, Халқаро валюта фонди каби нуфузли ташкилотларнинг ҳисоботларида юксак баҳо бериб келинмоқда. Натижада Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ҳамда хорижий хусусий сармоядорлар, йирик трансмиллий компаниялар, халқаро молия институтларининг Ўзбекистонга бўлган ишончи ва қизиқиши янада ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, ушбу конференцияда маҳаллий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда бошқа олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот марказлари олимлари томонидан амалга оширилган илмий тадқиқотлари натижасида шаклланган таклиф ва тавсиялар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари томонидан жами 10 дан зиёд маъруза ва чиқишлар қилиниб, халқаро ташкилотлар вакиллари ва республика банк-молия тизими мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Мулоқот натижасида конференция кун тартибидаги масала юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликларга, қолаверса, O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига киритилиши белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    684
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+